Туғёнга кетишдан ҳазир бўлинг!

 

Ҳар бир мусулмон уч хил туғёнга кетишдан ҳазир бўлсин! Бу туғёнга олиб борувчи сўзлар «мен», «меники», «ўзимники» сўзларидир. Ушбу уч калима сабабли Иблис, Фиръавн ва Қорунларга бало келган.

Иблис: (Сод сураси,76-оят).да

У: «Мен ундан яхшиман. Мени оловдан яратгансан. Уни лойдан яратгансан», деди.

Бу жавобдан Одамга Аллоҳ таоло томонидан берилган мартабага Иблис ҳасад қилиб, куфрга кетгани билинади.

«Мен ундан яхшиман».

Ҳамма балонинг боши «мен, мен», дейишликда.

Иблис, мен одамдан яхшиман, нима учун ўзимдан паст махлуққа сажда қилишим керак экан, деб бош тортди.

«Мени оловдан яратгансан».

Уламоларимиз Иблиснинг шу жавобига таяниб, унинг жинлар тоифасидан эканини айтадилар. Иблис фаришталардан эди, деган гапларни рад қиладилар. Иблис фаришталардан бўлмаса ҳам, Аллоҳ таоло фаришталарни одамга сажда қилишга амр этганида, у ҳам ўша ерда бор эди. У ҳам амрга дохил бўлган эди. Бадбахт Иблис ўзининг оловдан яратилганини афзал билди. Шунинг учун лойдан яратилган одамга сажда қилмасликни, Аллоҳнинг амрига бўйсунишдан бош тортишни раво кўрди.

«Уни лойдан яратгансан», деди».

Лаънати Иблис ким нимадан яратилгани эмас, балки Аллоҳнинг руҳи билан руҳлангани муҳим эканини тан олгиси келмади. Шунда:

 У зот: «Сен ундан чиқ! Бас, албатта, сен қувилгансан.

Ва, албатта, сенга жазо кунигача менинг лаънатим бўлгай», деди.

Аллоҳ таоло, эй Иблис, сен энди жаннатдан чиқ! Бас, энди сен, албатта, лаънатланган–раҳматимдан қувилгансан! Ва, албатта, сенга қиёмат кунигача менинг лаънатим бардавом бўлгай, деди.

 Фиръавн: (Зухруф сураси, 51-оят).

  1. Фиръавн ўз қавмига: «Эй қавмим! Миср мулки ва мана бу остимдан оқиб турган анҳорлар меники эмасми?! Кўрмаяпсизларми?!
  2. Мен мана бу хор, гапини очиқ баён қила олмайдиган кимсадан яхши эмасманми?
  3. Унга тиллодан бўлган билакузуклар ташланса ёки у билан бирга фаришталар ҳамроҳ бўлиб келса бўлмас эдими?!» деб нидо қилди.

Подшоҳлиги, молу мулки, имкониятларидан мағрур бўлган Фиръавн ўз одамларининг Мусо алайҳиссалом томонга оғиб кетишидан қўрқиб, ўзича афзал деб билган сифатларини зикр қилиб, қавмнинг ихлосини орттирмоқчи бўлди. Фиръавн қавмига Мисрнинг мулку султони ўзиники эканини айтди.

«Фиръавн ўз қавмига: «Эй қавмим! Миср мулки ва мана бу остимдан оқиб турган анҳорлар меники эмасми?! Кўрмаяпсизларми?!»

Фиръавндек Миср подшоҳини қўйиб, Мусога эргашиб кетмасликка тарғиб қилмоқчи бўлди. Фиръавн қавмининг эътиборини остидан оқиб турган анҳорларга ҳам қаратди. Бу нарсалар ҳам ўзиники эканини айтиб, қавмни ўзига жалб қилмоқчи бўлди.

Бечора фиръавнларнинг бундан бошқа чоралари ҳам йўқ. Улар доимо одамларни ўз ҳукмларига юритишга, молу дунёлари билан чалғитиб ўзларига тобеъ қилишга уринадилар. Одамларга бари яхшилик молу мулкда, нозу неъматда, деб тушунтиришга ҳаракат қиладилар. Айни чоқда, ҳидоят даъватчисини хору зор, ҳақир ҳолда кўрсатишга интиладилар. Мана, Фиръавн ҳам Мусо алайҳиссаломни обрўсизлантиришга уриниб, деди:

«Мен мана бу хор, гапини очиқ баён қила олмайдиган кимсадан яхши эмасманми?»

Фиръавннинг бу гапидан, аввало, унинг нақадар аҳмоқ эканлиги, иккинчидан, Аллоҳ таоло шу даражада эсипаст одамга ҳам катта бир юртнинг подшоҳлигини, мулку султонини, молу дунёни бериб қўйиши мумкинлиги кўриниб турибди.

Ҳоким ва мулкдорларнинг дин йўлига юрмаслигининг сабабларидан бири-даъватчининг ўзидан устун бўлиб қолишидан қўрқишидир. Фиръавннинг гапларида шу маъно бор. Фиръавн ҳамма нарсада ўзини устун қўйиб ўрганиб қолган. Бошқа бир одам ўзидан устун бўлишини, унга таълим ва кўрсатмалар беришини кўтара олмайди. Шунинг учун Фиръавн Мусо алайҳиссалом шахсларини ерга уриб, ўз шахсини юқори қўйишга уринмоқда.

Фиръавн ўзини мақтаб, даъватчини ерга уришда ҳар қанақа пасткашликдан ҳам қайтмайди. Заррача одамийлиги, озгина инсофи бор одам Фиръавнинг ишини асло қилмайди. Аммо Фиръавндан ҳар ишни кутиш мумкин.

Инсоний мурувват, инсоф ва жувонмардлик рақибининг жисмоний нуқсонларини овоза этишни тақозо қилмайди. Ўзини эр билса, ўзгани шер билишга чақиради. Аммо Фиръавн Мусо алайҳиссаломнинг тилидаги озгина дудуқланишни айб санади. Инсонийлик даражаси бўйича асосий мезон қилиб;

«Мен мана бу хор, гапини очиқ баён қила олмайдиган кимсадан яхши эмасманми?», деди.

Сўнгра эса, яна ҳам пастлашиб, ўзаро тафовутни тиллодан бўлган зебу зийнат билан фарқламоқчи бўлди:

«Унга тиллодан бўлган билакузуклар ташланса»,  бўлмас эдими, деди.

Табиийки, иймонсиз подшоҳлар зару кимхобларга бурканган бўладилар. Улар ўша зару кимхобларни ўзларининг афзалликлари деб биладилар. Фалончи мендан паст, чунки менинг кийимим ва зебу зийнатим уникидан яхшироқ, устунроқ, деб юрадилар. Албатта, Аллоҳнинг динига чақирувчи шахсда зару кимхоб ҳам, тилло-кумуш ҳам бўлмайди. Афзалликни тилло-кумуш билан ўлчаган Фиръавн эса, Мусо ўзи даъво қилаётгандек Пайғамбар бўлса, уни Пайғамбар қилган худоси, унга осмондан тилло билакузуклар тушириб бермасмиди, деб ўзини юқори кўрсатмоқчи бўлади.

Фиръавнларнинг аҳмоқликларидан яна бири, Аллоҳнинг динига чақирувчи кишилар оддий инсон эмас, қандайдир ғайритабиий одам, балки фаришта, ҳеч бўлмаганда фаришта билан бирга юрадиган бўлиши керак, деб ўйлашларидир.

Шунинг учун ҳам Фиръавн сўзи давомида:

«…ёки у билан бирга фаришталар ҳамроҳ бўлиб келса бўлмас эдими?!» демоқда.

Сиртдан қараганда, маъқул гап. Биров Аллоҳнинг динига чақириб турса, У зотнинг каломини етказиб турса, албатта, унда оддий одамларда учрамайдиган ғаройиб ҳолатлар бўлиш керак-да! Лекин Аллоҳнинг дини ғаройиб махлуқотларга эмас, оддий одамларга юборилган-ку! Ўша оддий одамларга юборилган динни, уларга ўхшаш оддий одам қабул қилиб олиб, ўз ҳаёти мисолида кўрсатиб бериши керак-ку! Бу оддий ва мантиқий ҳақиқатни фиръавнлар тушунмайдилар ёки тушунишни хоҳламайдилар. Улар нима қилиб бўлса ҳам, халқни лақиллатсалар бас. Улар нима қилиб бўлса ҳам, халқни ўз йўлларига юритсалар бўлди.

Фиръавн ҳам юқоридаги гаплар билан мақсадига эришди.

Қорун: «У менга ўзимдаги илм туфайлигина

берилган», деган (Қасас сураси, 78-оят).

  1. У (Қорун): «Менга у фақат ўзимдаги илм туфайлигина берилгандир», деди. У, албатта, Аллоҳ ундан олдинги асрларда ундан кўра қувватлироқ, ундан кўра кўпроқ (мол) тўплаганларни ҳалок этганини билмасмиди?! Гуноҳкорлардан гуноҳлари ҳақида сўраб ўтирилмас.

Дунёдаги кўплаб молу дунё соҳиблари каби, Қорун ҳам бойлигига ўз назари билан қарар эди. Бу молу мулк менга илмим туфайли берилди, мен ўзимдаги қобилиятни, илмни ишга солиб мол топдим, энди қандай қилиб сарфлашни ҳам ўзим биламан, деб ўйлар эди. Мусулмон бўлмаган бойларнинг барчалари доимо худди шундай ўйлайдилар. Шунинг учун ҳам улар туғёнга кетадилар, бошқалар устидан такаббурлик қиладилар. Ер юзида бузғунчилик этадилар.

Ислом хусусий мулкчиликка кенг йўл очиб беради, кишилардаги мол-мулк топиш рағбатини қўллаб-қувватлайди. Аммо мол-мулк доимо ҳалол-пок йўл билан топилишини таъкидлайди ва текширади. Шунингдек, топилган мол-мулкни ҳалол-пок йўлда сарфлаш зарурлигини ҳам қаттиқ тайинлайди. Мол-мулк эгасини туғёндан, такаббурликдан ва ер юзида бузғунчилик қилишдан қайтаради.

Қиссада тилга олинган Қорун ер юзида бузғунчилик қиладиган мулкдор бойлардан эди.

«У (Қорун): «Менга у фақат ўзимдаги илм туфайлигина берилгандир», деди».

Яъни, менга мол-дунё фақат илмим туфайли келди. Уни мен топдим. Сизларнинг менга молни қандай сарфлашим ҳақида маслаҳат беришингиз нимаси? Нима қилишни ўзим биламан.

Унинг бу ғурури танқид қилиниб, унга ўзини сал босиб олиши, ўтган бойлар аҳволига бир назар солиши эслатилди.

«У, албатта, Аллоҳ ундан олдинги асрларда ундан кўра қувватлироқ, ундан кўра кўпроқ (мол) тўплаганларни ҳалок этганини билмасмиди?!»

У ўзича, молу дунё билан хоҳлаган ишни қиламан, деб ўйлаётган бўлса керак. Йўқ, Аллоҳнинг иродаси билан Унинг азоби келганда, моли қанча кўп бўлмасин, ҳеч кимни ҳалокатдан тўсиб қола олмайди. Қорундан олдинги асрларда ўтган турли бойларни Аллоҳ таоло ҳалок қилган. Ўша бойлар Қорундан кўра кўпроқ молу мулк тўплаган эдилар. Аммо туғёнга кетиб, такаббурлик қилганлари учун ҳалокатга учрадилар. Уларни ҳалок қилган Аллоҳ Қорунни ҳам йўқотиши ҳеч гап эмас.

«Гуноҳкорлардан гуноҳлари ҳақида сўраб ўтирилмас».

Ҳа, Қорунга ўхшаганларни сўраб-суриштириб ўтирмай, ҳалок қилиб юборилаверади.

 

Хадичаи Кубро аёл-кизлар ўрта махсус

ислом билим юртининг 4-курс талабаси Саидхонбалова Робия

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*