Шайтон лашкарлари

Ёлғон араб тилида “кизб” дейилади ва луғатда ростни тескарисини англатади. Пайғамбаримиз Сарвари Олам (с.а.в) дан ривоят қилишларича, ёлғон сўз гуноҳга, гуноҳ эса дўзахга йўллайди. Хатто инсон ора-сира ёлғон гапирса ҳам, Аллоҳ ҳузурида каззоб (ёлғончи) бўлиб ёзилиб қолар экан.

Саҳиҳ Бухорийда келтирилишича Расулуллоҳ (с.а.в) “Гумондан сақланинглар, албатта гумон ёлғондан иборатдир” дея марҳамат қиладилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ёлғон ёлғонку, ҳаттоки ёлғонга олиб борувчи гумондан ҳам сақланишга буюряптилар. Чунки ёлғон гуноҳи кабиралар қаторига киритилгандир.

Мусанниф (раҳмотуллоҳи алайҳ) ёлғончи киши ва ёлғон гувоҳлик берувчи кимсалар ҳақида қуйидагиларни айтадилар: “Ёлғончи ва ёлғон гувоҳлик берувчи кимсалар ёлғон гапирибгина қолмай яна бир қанча улкан гуноҳларни содир этадилар. Улардан биринчиси ёлғон ва уйдурмадир. Аллоҳ таоло “Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас” дея марҳамат қилади. (Фотир сураси, 28)

Ҳадиси шарифларда “Мўминнинг табиатида ҳиёнаткорлик ва ёлғончиликдан ташқари ҳар қандай хислатга мойиллик бўлиши мумкин” дея такидланади. Ёлғончи инсонинг қилаётган иккинчиси зулум бўлиб, кимнинг зарарига ёлғон гувоҳлик берса, унга зулм қилган бўлади. Чунки шу ёлғони сабабли ўша кишининг мол-мулки ёки обрўси ва жони кетади. Шунингдек, кимни фойдасини кўзлаб ёлғон гувоҳлик берса, унга ҳам зулм қилган бўлади. Зеро унинг ёлғони сабабли у киши ҳаром мол-мулкни эгаллайди вадўзахга маҳкум бўлади. Расулуллоҳ (с. а.в) айтадилар: “Кимга биродарининг ҳаққини ҳукм қилиб берсам, батаҳқиқ унга дўзахнинг бир парчасини бўлиб берган бўламан” (Мутафаққун алайҳ). Қилган гуноҳларининг учинчиси Аллоҳ таоло ҳаром қилган ва сақлаганўзганинг мол-мулки, қони ва обрўсига тажоввуз қилади. Расулуллоҳ (с.а.в) уч мартта: “ сизларга гуноҳи кабираларнинг хабарини қилайми?” деб сўрадилар-да: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш. Огоҳ бўлинглар, ёлғон гувоҳлик бериш ва ёлғон гапириш”, дедилар. Суянган холда эдилар, ўтириб олдиларда бу сўзни такрорлайвердилар. Хаттоки биз “Қани эди сукут қилсалар” дедик. (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти). Бундан кўриниб турибтики гуноҳи кабираларнинг орасидан ёлғон гувоҳлик бериш ва ёлғон гапириш борасида алоҳида огоҳлантирмоқдалар.

Ёлғончиликнинг кўринишларидан бири бу бировга туҳмат қилиш бўлиб, Расулуллоҳ (с.а.в) туҳмат қилиш ва туҳматга қулоқ солишдан қайтардилар. Туҳмат мусулмон киши ҳақида бошқа бир мусулмонда нафрат уйғотадиган нарсаларни айтиб, унда йўқ нарсаларни унга тўнкашидир. Бу иши билан Аллоҳ тўғрилаб изга саолиб қўйган нарсага путур етказади, Аллоҳ уларни боғлаб қўйган риштага даҳл қилиб, уни узади. Натижада улар орасида адоват, нафрат уйғонади. Бу иш эса катта бузғунчиликка олиб келади, унинг кетидан эса ёвузлик ва ёмонлик туғилади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в): “Бўхтончи, иғвогар жаннатга кирмайди”, деб марҳамат қилдилар. Чунки у шайтоннинг лашкари ва жосусидир. У боғланган ришталарни жиғ-жиғлаш билан узади.

Бугунги кундачи, ҳар бир қилаётган амалимиз, айтаётган гапларимиз, сўзларимиз ёлғон сўзлашдан, бировга туҳмат қилишдан, ўзгалар шанини қоралаб, ёвузлик ва ёмонлик уруғини сочишдан иборат бўлиб қолмаяптимикин? Бу ўринда кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган ижтимоий тармоқлардаги фаолиятимизнинг аксарияти шундай холатларни келтириб чиқараётганлиги катта бузғунчилик эмасмикин? Турли сайтларда инсонларни бир-бирларининг ёки ўзгаларнинг шаънига ёлғонлар айтиб, тухмат қилиши одатий холга айланиб бораётгани нақадар ҳунук ҳолатдир.

Жамият ривожининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланган оилаларда рўй бераётган ажрим ва келишмовчиликларнинг асл сабаби ҳам ёлғон ва бўхтон эмасмикин? Давлатлар, фуқаролар орасида келиб чиқаётган низоларнинг асл илдизи ҳам гумон, ёлғон ва туҳмат эмасмикин? Бу ҳоллларнинг барчаси юқорида айтганимиз ришталарни жиғ-жиғлаш билан узишнинг айнан ўзи эмасмикин? Аммо бирор кишига бўҳтон қилиб, уни ортидан лой чаплпмоқчи бўлгган инсон шуни унутмаслиги керакки, ўзи отаётган лой у инсонга етиб бормаслиги мумкин, лекин лой отган инсонинг қўллари лой бўлгани қолади. Яъни, ёлғон сўзлаб тухмат қилувчи инсон фақатгина ўзи ва охирати учун зарар қилмоқда.

Аллоҳ барчамизни гуноҳ ишлардан четлатсин, Ўзи рози бўладиган амалларга йўллашини ёлғиз Ўзидан сўраб қоламиз. У марҳаматли ва саҳоватли зотдир.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти
мударрисаси Хуршида Усмонова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*