Қуръони каримда келган «Ифк ҳодисаси»

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Уч хил ғийбат бор. Уччови ҳам Аллоҳнинг Китобида келган: ғийбат, ифк, бўҳтон. Ғийбат – биродарингдаги бор нарсани айтишинг; Ифк – сенга етиб келган хабарни уйдирма тўқиб тарқатишинг; Бўҳтон – биродарингда йўқ нарсани айтишинг».

Тарихда «Ифк ҳодисаси» номи ила машҳур бўлган ҳодисанинг тафсилоти мана шулардан иборат. Бу ҳодисадан дунё ларзага тушган. Ифк–гапни бошқа томонга буриш, иғво, бўҳтон, туҳмат уйдириш ана шундай ёмон нарса. Мунофиқларнинг тўқиган ифки туфайли нималар бўлмайди дейсиз! Ифк ҳар қандай шахсни ҳам, ҳар қандай жамиятни ҳам катта ташвишга солади. Ифк катта-кичикни ажратиб ўтирмайди, кимга нисбатан уюштирилса, ўшани ташвишга солади. Хаёлини паришон қилади. Дунёдаги энг пок аёллардан бири, энг вафоли ёстиқдошлардан биттаси, мўминларнинг онаси, Сарвари Оламнинг суюкли жуфти ҳалоллари, Сиддиқнинг қизи сиддиқа Ойиша онамиз ифкка учраб, гап-сўз бўлдилар, ўзларининг покликларини очиқ-равшан билиб турганларига қарамай, бу бўҳтондан юрак-бағрилари тилка-пора бўлди. Икки кечаю бир кундуз тинмай йиғладилар, агар Расули акрам келиб, гап бошламасалар, Аллоҳ билади, яна қанча йиғлар эдилар.

Бу ифк Абу Бакр Сиддиқдек саҳобийни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин дўстларини ҳам паришон қилди. Жигаргўшалари Ойиша онамиз йиғлаб келганларида нима қилишни билмай қолдилар. Ҳолбуки, у киши ҳаммага маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатиб юрган одам эдилар. Ойиша онамиз у кишига мурожаат қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб беришни сўраганларида, нима дейишимни билмайман, дедилар.

Ҳа, ифк–иғво, бўҳтон, туҳмат ана шундай ёмон нарса, ҳар қандай одамни нима дейишини билмайдиган ҳолга солиб қўяди.

Абу Бакр Сиддиқнинг жуфти ҳалоллари, Ойиша онамизнинг волидаи меҳрибонлари Умму Руммоннинг ҳолатига қаранг! Дард, аламда ёнаётган жигаргўшасини овутиш учун нима дейишини билмай, кундоши кўп хотин шундай бўлади, дедилар. Ҳолбуки, кундошлар Ойиша онамизнинг покликларига Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб, гувоҳлик бермоқдалар. Қизини ҳимоя қилишга шунчалик уринаётган одам қизлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб қайтаринг, десалар, нима дейишимни билмайман, деганини қаранг!
Ифк–иғво, туҳмат, бўҳтонга учраган иккинчи тарафни–Сафвон ибн ал-Муъаттални олайлик. Аллоҳнинг йўлида жиҳод билан умрини ўтказган, Расули акрамнинг энг ихлосли, фидойи саҳобаларидан бири. Ана ўшандай тоза, пок, тақводор одам ўзининг Пайғамбари, йўлбошчиси, устози, шафоатчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли хотинлари билан зино қилганликда туҳматга учраб турса!.. Умрида аёл кишининг елкасига қўл теккизмаган одам шундай катта бўҳтонга дучор бўлса!.. Шунинг учун ҳам чидай олмай, ифкка қўшилганлардан бири Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг бошига қилич билан уриб, ўлдириб қўйишига сал қолган.

Ташвиш чекаётган умматнинг бошида унинг Пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам турар эдилар. Чунки бу ифк аслида Ойишаи Сиддиқага эмас, Сафвонга розияллоҳу анҳу ҳам эмас, Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Сарвари Оламга, Роҳматан лил Оламийнга, Саййидул Мурсалийнга, Хотамун набиййинга… қарши қаратилган эди. Ислом душманлари у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари орқали шахсларини ёмонотлиқ қилиб, Ислом динини қораламоқчи, унга футур етказмоқчи бўлдилар. У зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда қийин бир ҳолга тушдилар. Гап ҳаммаёққа ёйилиб кетган. Уни рад қилиш учун жуда ҳам кучли далил керак. Лекин қани ўша далил? Бунинг устига, баъзи мусулмонлар, ҳатто Ҳассон ибн Собит, Мистоҳ ибн Асоса каби кўзга кўринган одамлар ҳам ифкка қўшилиб боришмоқда. Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат қилиб юборилган зот бўҳтонга учраб, нима қилишларини билмай турибдилар. Ҳали Усома ибн Зайддан, ҳали Али ибн Абу Толибдан, ҳали Барийра исмли асли чўри бўлган аёлдан, ҳали хотинлари Зайнаб бинти Жаҳшдан маслаҳат сўрамоқдалар. Масжидда минбардан туриб, одамлардан ўз аҳлларида учраган мусибатда ёрдам сўрамоқдалар. Қайин оталари, қайин оналари ҳузурларида энг суюкли хотинлари Ойиша онамизга, ростини айт, гуноҳинг бўлса, тавба қил, Аллоҳ тавба қилганни кечиради, деб турибдилар. Бошқа вақтда келиб турган ваҳий ҳам, мана, бир ой бўлибдики, тушмай қўйди.

Аммо бу нарсалар ҳаммаси инсоний ўлчовлар ичидаги ҳолатлардир. Бу ишларнинг ҳеч бири ҳикматдан холи эмас эди. Фақат, ҳодиса шу қадар кутилмаган ва шу қадар таҳликали ва шу қадар оламшумул эдики, ҳамма ўзини йўқотиб қўйибди.

Ниҳоят, барча ишни ҳикмат ила қиладиган Аллоҳ таолонинг Ўзи аралашиб, ҳаммасини ўз жойига келтирди. Юқорида зикр этилган ўн оятда Ойиша онамизни оқлади. Ҳамма, ҳатто Ойиша онамизнинг ўзлари ҳам, менга оқлов тушди, дерлар. Лекин оятларда Ойиша онамизнинг исмлари ҳам, сифатлари ҳам ёки бирорта белги ҳам зикр қилинмаган. Чунки шунга ўхшаш ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида умумий қоидалар баён қилинмоқда. Чунки гап, аввал айтилганидек, Ойиша онамизнинг шахслари устида эмас, Ислом билан Ислом душманлари орасидаги кураш ҳақида кетмоқда.

«Албатта, ифкни келтирганлар ўзингиздан бўлган бир усба (тўда)дир. Уни ўзингизга ёмонлик деб ҳисобламанг. Аксинча, у сиз учун яхшиликдир. Улардан ҳар бир киши учун ўзи қилган касбнинг гуноҳи бордир. Улардан (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимсага буюк азоб бордир».

Аввал ҳам таъкидлаб айтилганидек, гапни бошқа ёққа буриб, уни ҳақиқатидан четга суриш, ёлғон, иғво, бўҳтон ва туҳмат уйдиришга «ифк» дейилади. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мўминлар жамоасига хитоб этиб, ўша ўзларига чексиз озор етказаётган ифкни уйдирганлар уларнинг ўзларидан чиққан бир усба–тўда одамлар эканини маълум қилмоқда. (Араб тилида адади ўнтадан қирқтагача бўлган одамлар тўдаси «усба» дейилади.)
«У(ифк)ни эшитган вақтингизда мўминлар ва мўминалар ўзлари ҳақида яхши гумонга бориб: «Бу очиқ-ойдин ифк-ку!» десалар бўлмасмиди?!»
Ушбу оятда мусулмонлар оммасининг ифк ҳодисаси воқеъ бўлганда ўзларини салбий тутганлари танқид қилинмоқда. Гап тарқаб, бўҳтон авж олиб бораверди, мусулмонлар бунинг уйдирма эканини билиб туриб, инкор этмадилар, иғвогарларнинг оғзига урмадилар, уларни тинчитиб қўймадилар. Улар бўҳтонни кучайтиравердилар, булар жимгина юравердилар. Аслида эса, ифкни эшитган вақтда мўминлар ва мўминалар яхши гумон қилишлари керак эди. Яъни, улар ўзларини туҳматга қолганлар ўрнига қўйиб кўришлари, йўқ, бу иш бўлиши мумкин эмас, мен уларнинг ўрнида бўлсам, бундай қилмас эдим, дейишлари керак эди. Улар диндошлари ҳақида яхши гумон қилиб, туҳматга ишонмай, бу ёлғон гап, мусулмон одам бундай қилмайди, дейишлари керак эди. Мўминлар оммаси ифкни эшитган вақтда:

«Бу очиқ-ойдин ифк-ку!» десалар бўлмасмиди?!»
Ифкчиларнинг юзига шу гапни айтишлари керак эди!
Шу йўл билан динларини, Пайғамбарларини, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳлларини ҳимоя қилишлари керак эди.
«Аллоҳ ўта эшитгувчи, ўта билгувчи зотдир».

Ҳамма нарсани эшитиб, ҳамма нарсани билиб туради. Ана шунинг учун ҳам кимни поклашни Ўзи яхши билади. Аллоҳ таоло Ўзи билиб, ҳақиқий мўминларни ифк ҳодисаси гуноҳларидан поклади. Поклашга сазовор кишиларни поклади. Мусулмонлар жамоасини ҳидоятга солди, ифк ҳодисасидан ўзларини ўнглаб олишга имкон берди. Ифкка билмасдан қўшилиб қолган ҳақиқий мўминлар–Ҳассон ибн Собит, Мистоҳ ибн Асоса ва Ҳамна бинти Жаҳшларни (розийаллоҳу анҳум) эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қазф (зинода айблаш)нинг ҳаддини қоим қилиш билан оқладилар. Уларнинг ҳар бирига саксон дарра урилди. Бу эса, ўз навбатида, уларни поклаш эди. Улар учун бу бахт-саодат эди. Бу ҳол уларни Аллоҳ таоло поклашга лойиқ яхши одамлар деб топганидан эди. Чунки поклашга сазовор эмасларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дарра уришни буюрмадилар. Ҳатто фитнанинг боши Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ва унинг энг яқин шериги Зайд ибн Рифоъаларга ҳам дарра урдирмадилар. Бу мунофиқлар исломий, гуноҳдан покловчи жазога сазовор одамлар эмас эди. Улар охиратга гуноҳларини бутун ҳолда кўтариб боришлари керак эди.

Аллоҳ таоло мўмин бандаларини Ўз фазли-карами ила кечириб, уларни поклаганлиги ҳақидаги хабардан кейин, келгуси оятда мўминлар ҳам бир-биларини кечиришлари лозимлиги уқтирилади.

Аввал айтиб ўтилганидек, юқоридаги оятларда Ойиша онамизнинг покликлари собит бўлганидан кейин, Ҳазрати Абу Бакр қариндошларидан бирига–фақир, Бадр уруши иштирокчиси, муҳожир Мистоҳ ибн Асоса розияллоҳу анҳуга Ойиша онамизга туҳмат қилгани учун нафақа бермасликка қасам ичган эдилар. Аллоҳ бу оятни нозил қилиб, у кишининг қилаётган ушбу иши тўғри эмаслигини баён этди.

Нима бўлганда ҳам, мўмин одамга нафақа беришдек яхши амални қилмасликка қасам ичиш мусулмон кишига муносиб эмас.

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ривоят қилинишича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан бошқа саҳобалар ҳам ифк ҳодисасига қўшилганларга нафақа бермасликка қасам ичган эканлар. Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин барчалари ўша кишиларга нафақа беришни қайтадан бошлаган эканлар.

Аллоҳ таоло мўминларни бир-бирларини авф этиб, кечириб юборишга чақириш билан бирга: «Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?!» деб биродарини кечирган мўмин мағфират қилинишини эълон этмоқда. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Абу Бакр оят нозил бўлиши билан дарҳол: «Аллоҳга қасамки, албатта, Аллоҳ мени мағфират қилишини хуш кўраман», дедилар ва Мистоҳ розияллоҳу анҳуга нафақа беришни давом эттирдилар.

Шу билан бирга, мўминлар ҳам бир-бирларининг гуноҳларини кечириб юбордилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишда бош бўлдилар. Ойиша онамиз розияллоҳу анҳу эса, ўзларига бўҳтон қилган Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуга қандоқ яхши муомалада бўлганларини юқорида эслатиб ўтдик. Ана шундай шаклда Ислом жамияти доимо покланиб бормоғи лозим.

Вақтида ўзини ўнглаб, тавба қилган кишиларни Аллоҳ таоло мағфират этиб, жабрланган мўминларга ҳам уларни кечиришни буюради. Аммо тавба қилмасдан, нобакорлигида давом этиб, покиза кишиларни нопок ишларда айблаб юрганларга мағфират йўқ, бу дунёда азоб уқубатдан қутулиб кетсалар ҳам, у дунёда, албатта, жазоларини оладилар.

Ҳадичаи кубро аёл-қиз ўрта махсус
ислом билим юрти 2-курс талабаси
Мухаммадодилова Ислома

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*