Мўмин мўминнинг ойнаси

Ривоят қилинадики, бир ҳаким зот деди: Агар инсонлар сени айбингни қидириб сени мазаммат қилса, ҳеч ҳам хафа бўлма, чунки ўшаларнинг ўзи сендан-да баттарроқ ҳолатда экан.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин мўминнинг ойнасидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Албатта, сизнинг бирингиз ўз биродарининг ойнасидир. Агар унда кирни кўрса, артиб қўйсин», дедилар».

 Ушбу ҳадиси шарифга амал қилингандагина мўминлар катта ютуқларга эришишлари мумкин. Бу ҳадиси шарифга амал қилмай туриб, ёки унинг тескарисини қила туриб, бирор яхшиликни кутиш мумкин эмас.

«Мўмин мўминнинг ойнасидир».

Ойна ҳар бир кишининг айбини беркитишга хизмат қилади. У ўзи билан муомалада бўлган кишига индамаса-да, айбини кўрсатиб тураверади. Ойнага қараган киши бошқалар олдида уятга қолмаслик учун ҳам унинг ёрдамида ўзини ўнглаб олади.

Мўминлар ҳам бир-бирлари учун айбни тузатиш борасида худди ойна ўрнидадирлар. Мўмин одам ўз биродарида бирор айбни кўрса, дарҳол бошқалар кўрмай туриб, ўша айбни тузатишга ҳаракат қилади. Иккинчи мўмин ҳам бу гапни тўғри қабул қилади ва ўз айбини тузатишда ёрдам берган биродарига раҳмат айтиб, унинг ҳаққига дуолар қилади.

«Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради».

Ҳа, мўмин мўминга худди шундай муносабатда бўлади. У ўз биродарига доимо яхшиликни раво кўради. Агар унинг бирор нарсаси йўқолиб қолса, ўша нарсани топиб беришга ҳаракат қилади. Агар ўз биродарининг йўкдигида бирор айби очилиб қолса ҳам ўша айбини беркитиб, ҳимоя қилади. Энди аъзолари орасида бундоқ ҳамкорлик ҳукм сурган жамиятнинг қандоқ бўлишини кўз олдимизга келтираверайлик.

«Албатта, сизнинг бирингиз ўз биродарининг ойнасидир. Агар унда кирни кўрса, артиб қўйсин».

Агар биродарининг кирини кўриб туриб, уни артиб қўймаса, биродарлиги қолармиди!?

Ҳадичаи кубро  аёл-қиз ўрта махсус

ислом билим юрти 3-курс талабаси

Собиржонова Муслима

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*