Кўп нарса бизга боғлиқ

Файзли хонадонда ака-ука иноқ яшарди. Бу аҳиллик қўшниларга ҳавас, маҳалладошларга ўрнак бўлди.

Бир куни ака хотини билан суҳбат қуриб ўтираркан, укаси ҳақида сўз очди: «Кўз тегмасин, мен укамга, укам менга жуда меҳрибонмиз» деди. Аёли: «Ҳа, нимасини айтасиз. Лекин бу аҳилликда менинг ҳиссам катта», деб қўйди. Эри: «Бунга ҳеч қандай алоқанг йўқ! Укам билан яхши тарбия кўрганмиз, холос. Қолаверса, сен келмасингдан олдин ҳам, кейин ҳам жуда яхши яшаяпмиз», деди.

Орадан бир оз вақт ўтди. Ишдан эндигина келиб турган эрга хотини: «Бугун амакиси ўғлимизни бир оз койиди-я!», деди. Ака: «Ўғлинг бирор ишни нотўғри қилгандир-да, уришгандир. Бунга ҳақи бор», – деб гапни тўхтатди.

Эртасига, индинига ҳам эр келиши билан аёл қайнисидан шикоят қилаверди. Ниҳоят, тўртинчи кун хотин овозининг борича: «Укангиз ҳаддидан ошиб кетди. Ўғлимизга кун бермай қўйди. Болажоним ўз уйига сиғмаяпти. Ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ бўлиб қолди», деб бақирди. Фурсат топиб айтилган гап тўғри бориб суякка қадалди. Ака ғазабини босолмай укаси билан уришиб кетди. Шундан сўнг оилада тез-тез жанжал чиқадиган бўлди. Охири ҳовли ўртасидан девор олиниб, ака-ука алоҳида яшай бошлашди.

Орадан яна вақт ўтди. Бир куни эр-хотин ҳовлида ўтирган эди. Хотин деворга ишора қилиб: «Бу нима адаси?» деб сўради. Эр: «Нима бўларди, девор?!». Хотини кесатиб: «Девор, денг?! Деворлигини мен ҳам кўриб турибман.

Лекин бу қандай девор?» деб сўради. Эр: «Биз билан қўшнимизнинг ўртасини ажратиб турган тўсиқ», деди. Аёли яна: «Унинг ортида ким яшайди?» деб сўради. Эр: «Бир маҳаллар орамиздан қил ҳам ўтмайдиган, жигарим, укам яшайди», – деди. Шунда хотини: «Эсингиздами, бир куни мен укангиз билан муносабатингизнинг яхшилигида ҳиссам катта, дегандим. Сиз эса гапимга парво қилмадиз. Мана бугун мен туфайли укангиз билан юз кўрмас бўлиб ўтирибсиз. Ўрталарингиздан қил ўтмасди, мана девор ўтиб турибди-ку? Мен бу ишни ўртангиздаги меҳр-муҳаббатда менинг ҳам ҳиссам бор эканини билдириб қўйиш учун қилгандим. Қани энди туринг! Аллоҳ олдидаги гуноҳимизни ювайлик. Ҳозир бориб укангиздан кечирим сўраймиз. Токи бу девор жаннатга киришимиз учун тўсиқ бўлиб қолмасин», деди.

Қадрли, аёллар! Аллоҳ таоло бизни нозик хилқат, хушбичим суратда яратди. Шаънимизни улуғлади. Жоҳилият зулмидан олиб чиқиб, қадр-қимматимизни тиклаб берди. Аёллар хусусида “Нисо” сурасини нозил қилди.

Ваҳоланки, эркаклар учун бундай шараф берилмади. Ҳақ-ҳуқуқларимизни оятларида белгилади ва уларни поймол этганга дунёда ҳам охиратда ҳам азоб ваъда қилди. Шунингдек, оналик бахтини берди. Яна қанчадан-қанча неъматлар ичрамиз.

Гул баргга сачраган лой, гулнинг ҳуснини бузгандай, ўзингизни ўзингиз ҳалокат ёқасига тортманг. Жуда жирканч, эшитган қулоққа ёқимсиз, кўрган кўзни ерга қаратадиган ишларни қилмаслик, юқоридаги воқеий ҳикоя каби майда гап, миш-миш ёки иғволарга аралашиб, оила аъзолари ўртасида порокандалик келтириб чиқармаслик билан сизга берилган буюк неъматларни қадрлаган бўласиз.

Хадичаи кубро аёл-кизлар ўрта махсус
ислом билим юрти Ахборот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*