ҲАЖ ИБОДАТИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Бутун дунёдан ҳожиларимиз Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунаввара томон йўлга отланиб, бирин-кeтиб бу муборак шаҳарларга жойлашмоқдалар. Юртимиз ҳожилари ҳам, иншааллоҳ карим, эрта-индин йўлга тушадилар. Ҳожилардан аввал бориб, жой тайёрлайдиган, уларга шароит тайёрлайдиган ишчи гуруҳ ходимларидан ўн киши бир неча кун аввал Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунаввара шаҳарларига етиб бориб, ҳожиларимиз учун жойларни тайёрлаб туришибди.

Маълумки, ҳаж ибодати динимиздаги бeшта арконнинг бeшинчисидир. Ислом шариати йўлга қодир бўлган, ҳожилар учун белгиланган шартларга жавоб берадиган мўмин-мусулмонларга умрида бир марта ҳаж қилишни фарз қилган. Шу бир мартадан бошқа қилинган ҳаж нафл ибодат бўлади.

Ислом арконларининг ҳар бири ҳақида бирма-бир ўйлаб кўрсак, ҳар бирининг ўзига хос хусусиятлари, фазилатлари, манфаатлари борлигини кўрамиз. Иймондан тортиб намоз, закот, рўза ва ҳажгача бўлган ҳар бир рукннинг ўзига хос шартлари, талаблари бўлганидек, ҳар бирининг ўзига хос манфаати бор. Бироқ бир ибодатнинг, бир фарзнинг адоси бошқасиникига ўтмайди, бирини бажариш билан иккинчисининг талаби бажарилмайди. Масалан, намоз ўқиган билан, рўза зиммадан соқит бўлмайди. Рўзани тутган билан закот адо бўлиб қолмайди. Худди шунингдек, буларни бажаргани билан, ҳажнинг фарзи соқит бўлмайди. Бу ибодатларнинг ҳар бири ўзининг талабига, манфаатига эгадир.

Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек қайтади», дедилар». Яъни, ҳаж даврида уят сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юрган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолга қайтадилар. Бу ҳақиқатни ҳажга борувчи ҳар бир киши энг зарур нарсалар қатори қалбига сингдириб олмоғи лозим. ҳаж одатда кишига умрида бир марта бериладиган фурсат. Ундан ҳар бир ҳожи унумли фойдаланиши лозим. Бунинг учун ҳажга жўнашдан олдин ҳаж сафарида ўзига лозим бўлган нарсаларни яхшилаб ўрганиб олмоғи керак. Бандага ўрганиш лозим бўлган нарсаларнинг энг муҳимларидан бири ушбу ҳадисда зикр қилинмоқда. Ҳажни ният қилганидан бошлаб гуноҳлардан онадан туғилган пайтдагидек пок бўлиш ҳаракатига тушиш керак. Тайёргарлик кўриб олиб, ҳаж давомида бирор оғиз фаҳш сўзларни айтмай, фисқу фасод қилмай юрса, ўша банда, иншааллоҳ, муродига етади. Ҳаж қилиш нияти ила эҳром боғлаган киши ўша ондан бошлаб то ҳаж амалларини адо этиб бўлгунича ибодатда бўлади. ҳар бир ҳожи ушбу ҳақиқатни бир лаҳза ҳам унутмаслиги лозим. Буюк саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эҳром боғлаганларидан бошлаб, то ҳаж амалларини бажариб бўлгунларича бирор оғиз беҳуда сўз айтмас эдилар. У киши бу борада ҳаммага ўрнак бўлишлари керак.

Хадичаи кубро аёл-кизлар ўрта махсус
ислом билим юрти ахборот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*