ФАЙЗЛИ УЙ

Оила муқаддас ватан, дея таърифланади. Чунки у тарбия маскани, одамийлик фазилати, ахлоқий қадриятлар шаклланадиган даргоҳ. Ана шу масканда аёлнинг ўрни беқиёс.

Оила ва унинг жамиятда тутган ўрни ҳақида кўплаб мулоҳазалар, фикрлар айтилган. Ҳақиқатан ҳам бу шундай муҳитки, унда ватанни суймоқ, одамларни, табиатни қадрламоқ, ота-онага ҳурмат ва эҳтиромда бўлмоқ дарслари ўқитилади. Оила қўрғонини қўриқлай олган йигит, ватан қўрғони учун жонини ҳам қурбон қилади. Оналаримиз, опа-сингилларимиз ва қизларимизга бўлган, меҳр-муҳаббати гулга киради, барг ёзади. Миллат оилада шаклланади.

Ватан остонадан бошланади.
Ҳиндистоннинг машҳур давлат ва жамоат арбоби Жавоҳарлал Неру қадимий ҳинд китобидан шундай фикрларни келтиради: «Оила бахти учун биргина одам қурбон, умум манфаати учун — оила, ватан иқболи учун — омма, юрак учун — бутун дунё қурбон…»
Оиланинг жамиятда тутган мавқеи шу қадар баландки, у ҳеч қандай таърифга сиғмайди. Оилада ота-она меҳнатининг самараси улғаяди. Фарзандлар ота-она умрининг давоми бўлиб, улардан яхшилик ва эзгуликларни мерос қилиб олиб, ўз навбатида, авлодларга етказади. Шунинг учун ҳам бу оламда фарзанд тарбиясидан машаққатлироқ иш бўлмаса керак. Ўз оиласида бахтли бўлмаган инсон ҳеч қаерда бахтли бўла олмайди. Шунинг учун ҳам, энг аввало, биз оилаларимиздаги маънавий тарбияга жуда катта эътибор қаратишимиз зарур. Ўшандагина оила мустаҳкам бўлади.

Рўзғор тутуми, хонадоннинг иқлими, табиати уй бекасининг хусусиятларига ҳамоҳанг бўлади. Аёл яхши бека бўлса, ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди, оила аъзолари ўртасидаги меҳр-муҳаббат ришталарини боғлаб туради. Аксинча бўлса, ўша уй зиндонга айланади… Шундай экан, қиз фарзанд ўстириш, тарбиялаш энг нозик масала. Кексаларимиз уйланмоқчи бўлган йигитга насиҳат қилиб: “Солиҳ фарзанд дунёга келишини истасанг, яхши она танлаш керак”, дейди. Албатта, қиз бола она бўлганида ўғилми-қизми фарзандига андоза бўлади. Гўдак ҳомила пайтидаёқ онасининг хусусиятларини ўзлаштиради. Ёруғ дунёга келиб, биринчи кўргани ҳам онаси бўлади. Уни эмади, ундан гап-сўз ўрганади, ҳаракатларига тақлид қилади. То мустақил бўлгунича онасининг измида юради. Қиз бола учун энг яқин кишиси она эканини ҳамма билади. Онанинг ҳам сирдоши, дардкаши қизидир. Шунинг учун “Онасини кўриб, қизини ол”, дейишади.

Кўп оталар қизига “Онам” деб мурожаат қилишади. Чунки қиз фарзанд ота-онасига меҳрибон бўлади. Қиз кўрганида хафа бўлган айрим оталар кейин қизлари борлигидан жуда қувонишади. Чунки қиз бола ширин ва меҳрли сўзлари билан отасининг ғам-тафтини олади, ғамхўрлиги билан жонига ора киради.

Қизи бор уйнинг файзу таровати бошқача. Нафосат иси келади у хонадондан. Аёлнинг яратилишида гўзалликка, покликка интилиш, зийнатга ўчлик бор. Зеро, вазифалари ҳам уй-жой юмушларига боғлиқ.

Ўзбек хонадонларида қиз бола тарбияси оғир, деб бу масалага алоҳида ёндашилади. Ёшлигидан ёмон кўздан, қабиҳ сўздан асраб-авайланади. Вояга етгунича шаънига гард тушмасин деб ота-она парвона бўлади.

Қиз бола бировнинг хасми. Эртага ота-онасининг юзу кўзи бўлиб бошқа хонадонга боради. Бахтини топсин, тахтига етсин, деб эртаю кеч дуода бўлишади. Балоғатга етган қизларига меҳмондай муомала қилишади. Ҳар бир хатти-ҳаракатини тўғрилаб, келин бўлиб тушадиган хонадон учун тайёрлашади. Аслида, бу одоб-ахлоқ йўриғи қиз болани бекаликка тайёрлаш, оналикка кўниктиришдир. Демак, аёлнинг энг биринчи вазифаси ҳам айнан мана шуларда акс этади.

Бир она юрагидаги ушбу сўзларга эътибор қилинг: “Боғимда бир гул ўстиряпман. У атиргул ғунчасидек сирли. Уни шамоллардан, қуёш жазирамасидан, ёмон кўздан асраш ҳаётим мазмуни бўлиб қолди. Шамолдан қовжираш, жазирамада жизғанак бўлиш мен учун ўстираётган ғунчамнинг бевақт очилиши ёхуд эрта заволини кўришдаги қийноқлардан-да енгилроқ ва тотлироқдир…”
Ҳассос юрагидан тўкилган бу сўзлар билан она гулдек жигарпорасини шафқатига ўраб, қалб қўрида асрашини билдирмоқчи бўлади. Аммо она меҳрини ифодалаш учун сўзнинг кучи етмаса керак.

Ҳалоллик, ростгўйлик, ор-номус, шарму ҳаё, меҳр-оқибат каби барча инсоний фазилатлар, энг аввало, оилада шаклланади. Ватан ва халқ тақдирига дахлдор инсонлар ҳам ҳар томонлама мустаҳкам, фаровон, бекаму кўст, соғлом оилада тарбия топиб, улғаяди.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти ахборот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*