Аллоҳ таолонинг сифатлари ва исмларининг фарқи

Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари ҳақида гапирар эканмиз, аввало унинг ҳақиқати ва унинг далилларини келтириб ўтишимиз керак.

“Аҳли сунна вал жамоа” ақидаси бўйича Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари азалий ва абадий, ўзгармасдир. Бу ҳақда ҳанафий мазҳабининг асосчиси Абу Ҳанифа Нўмон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг машҳур “Ал-Фиқҳул Акбар” китобларида: “لم يزل ولا يزال باسمائه وصفاته” “Унинг исмлари ва сифатлари ўзида доимий бўлган ва ҳамиша доимийдир” дейилган. Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари собитлигига Қуръон, Суннат ва умматнинг ижмўсида далиллар жуда кўпдир. Аллоҳ таоло ўзини қандай исмлар билан номлаган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳни қандай номлаган бўлсалар унинг номи шундайдир, у ўзини қандай сифатлар билан сифатлаган бўлса ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳни қандай сифатлаган бўлсалар, унинг сифати шундайдир.

Қуръони Каримда Аллоҳ таоло:
وَلِلَّهِ الْأَسْمَاءُ الْحُسْنَى فَادْعُوهُ بِهَا
“Аллоҳнинг чиройли исмлари бордир. Уни ўша (исм)лар билан атангиз!” , деган. Аллоҳнинг барча исмлари гўзалдир.
هُوَ اللَّهُ الَّذِي لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ عَالِمُ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ هُوَ الرَّحْمَنُ الرَّحِيمُ
هُوَ اللَّهُ الَّذِي لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْمَلِكُ الْقُدُّوسُ السَّلَامُ الْمُؤْمِنُ الْمُهَيْمِنُ الْعَزِيزُ الْجَبَّارُ الْمُتَكَبِّرُ سُبْحَانَ اللَّهِ عَمَّا يُشْرِكُونَ
Аллоҳ таоло яна: “У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) яширин ва ошкора нарсаларни билувчидир. У Меҳрибон ва Раҳмлидир. У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) Подшоҳ, (барча айб-нуқсонлардан) Пок, (бандаларига) тинчлик бахш этувчи, Омонлик берувчи, Кузатиб турувчи, Қудрат соҳиби, Бўйин сундирувчи ва кибр эгасидир. Аллоҳ (мушриклар) келтираётган ширкдан покдир” , деган. Аллоҳ таоло:
اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ لَهُ الْأَسْمَاءُ الْحُسْنَى
“Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Унинг “Асмои Ҳусно”си (гўзал исмлари) бордир” , деган. Яъни, Аллоҳ таоло Ўзининг борлигида, моликлигида, илмида ва ҳамма нарсани Ўз тасарруфида тутишида ягонадир. Унинг исмлари фақат ва фақат гўзалдир. Гўзал исмларнинг барчаси танҳо Унга хосдир. Аллоҳ таоло:
وَتَوَكَّلْ عَلَى الْحَيِّ الَّذِي لَا يَمُوتُ وَسَبِّحْ بِحَمْدِهِ وَكَفَى بِهِ بِذُنُوبِ عِبَادِهِ خَبِيرًا
“Ўлмайдиган, ҳамиша Барҳаёт зотга таваккул қилинг ҳамда Унинг ҳамди билан тасбеҳ айтинг! У Ўз бандаларининг гуноҳларидан етарлича хабардордир” .

Яна Аллоҳ таоло айтади:
فَقَدَرْنَا فَنِعْمالْقَادِرُون
“Бас, Биз (ундан инсонни яратишга) қодир бўлдик. Нақадар қудратлидирмиз!” дейди Суннати шарифларда, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни: “Ё, Аллоҳ! Ё, Раҳмон!” деб дуо қилаётганларини мушриклар эшитиб қолиб, дарҳол: “Муҳаммад якка худоликка чақирар эди, ўзи бўлса иккита худога дуо қилмоқда”, деб гап тарқатишибди. Уларнинг бу жоҳилона тушунчаси ва тасарруфи жавобига қуйидаги оят тушган экан .
قُلِ ادْعُوا اللَّهَ أَوِ ادْعُوا الرَّحْمَنَ أَيًّا مَا تَدْعُوا فَلَهُ الْأَسْمَاءُ الْحُسْنَى
“Аллоҳга дуо қилинглар, Раҳмонга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир. Гўзал исмлар Уникидир” , деган. Бу оятда мазкур нотўғри тушунча ва тасарруф тўғриланмоқда.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам агар кўрпачаларига ёнбошласалар “Аллоҳим сени исминг билан тириламан ва сени исминг билан ўламан”, эрталаб турганларида эса, “ўлганимиздан кейин тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин, қиёмат куни унга қайтилади” дер эдилар .

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни, “Кимики ҳар куни тонгда ва кечқурун “Унинг исми билан еру осмондаги ҳеч нарса зарар бера олмайдиган Аллоҳнинг номи билан (ётаман ёки тураман), у эшитувчи ва билувчидир” деб уч марта айтса, ҳеч нарса зарар бера олмайди” деяётганларини эшитдим дедилар .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни ёд олса, жаннатга киради. Албатта, Аллоҳ тоқдир ва тоқни яхши кўради”, дедилар” . Аммо бу, Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққиздан бошқа исми йўқ дегани эмас. Албатта, Аллоҳ таолонинг исмлари кўп. Бу ҳақида уламолар иккига бўлиндилар.

Биринчи тоифа: Аллоҳ таолонинг исмлари саноқсиздир, унинг саноғини на муқарраб Фаришталар билади ва на Пайғамбарлар. Унинг илми фақат Аллоҳга хосдир. Бу жумҳур уламоларнинг фикрлари. Тўғриси ҳам шудир. Иккинчи тоифа: Аллоҳ таолонинг исмлари саноқлидир дедилар. Бу уламолар бир неча фикрларни айтганлар:
1. Аллоҳнинг 300 та исми бор .
2. Аллоҳнинг 1000 та исми бор .
3. Аллоҳнинг 1001 та исми бор .
4. Аллоҳнинг 4000 та исми бор .
5. Аллоҳнинг 124000 та исми бор. Ўтган Пайғамбарларнинг ададича .
6. Аллоҳнинг фақат 99 та исми бор .
Қўйидаги ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари сифатида машҳур бўлган тўқсон тўққиз исмининг зикри келади.
عن أبي هريرةرضى الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : إن الله تعالي تسعة وتسعين إسما مائة غير واحد من أحصاها دخل الجنةهُوَ اللَّهُ الَّذِي لا إِلَهَ إِّلا هُوَ الرَّحْمَنُ الرَّحِيمُ المَلِكُ القُدُّوسُ السَّلامُ المُؤْمِنُ المُهَيْمِنُ العَزِيزُ الجَبَّارُ المُتَكَبِّرُ الخَالِقُ البَارِئُ المُصَوِّرُ الغَفَّارُ القَهَّارُ الوَهَّابُ الرَّزَّاقُ الفَتَّاحُ العَلِيمُ القَابِضُ البَاسِطُ الْخَافِضُ الرٌافِعُ الْمُعِزٌ الْمُذِلٌ ُ السَّمِيعُ البَصِيرُ الحَكَمُ الْعَدْلُ اللَّطِيفُ الخَبِيرُ الحَلِيمُ العَظِيمُ الغَفُورُ الشَّكُورُ العَلِيُّ الكَبِيرُ الحَفيظُ المُقيتُ الحَسيبُ الجَمِيلُ الكَرِيمُ الرَّقيبُ المُجيبُ الوَاسِعُ الحَكِيمُ الوَدودُ المَجيدُ الْبَاعِث ُالشَّهيدُ الحَقُّ الوَكيلُ القَوِيُّ المَتِينُ الوَلِى الحَميدُ المْحْصِي الْمُبْدِىءُ الْمٌعِيدُ الْمُحْيِي الْمُمِيتُ الحَيُّ القَيُّومُ الْوَاجِدُ الْمَاجِدُ الوَاحِدُ الصَّمَدُ القَادِرُ المُقْتَدِرُ المُقَدِّمُ المُؤخِّرُ الأَوَّلُ الآخِرُ الظَّاهِرُ البَاطِنُ الو
َالِيُّ المُتَعَالُ البَرُّ التَّوابُ اْلمُنْتَقِمُ العَفُوُّ الرَّءوفُ المَالِكُ المُلْكِ ذُو الْجَلَالِ وَ الْإِكْرَامِ المقسط الجامع الغَنِيّ ُالمغني المَانِعُ الضٌارٌ النَافِعُ النٌورُ الهَادِي البَدِيعُ البَاقِي الوَارِثُ الرَشِيدُ الصَبُور
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: “Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни тўлиқ билиб олса, жаннатга киради. У Ундан ўзга илоҳу маъбуд йўқ Аллоҳдир. Ар-Раҳмон, ар-Роҳийм, ал-Малик, ал-Қуддус, ас-Салом, ал-Мўмин, ал-Муҳаймин, ал-Азиз, ал-Жаббор, ал-Мутакаббир, ал-Холиқ, ал-Бариъ, ал-Мусаввир, ал-Ғаффор, ал-Қаҳҳор, ал-Ваҳҳоб, ар-Раззоқ, ал-Фаттоҳ, ал-Алийм, ал-Қобиз, ал-Босит, ал-Хофиз, ар-Рофеъ, ал-Муъизз, ал-Музилл, ас-Самийъ, ал-Басийр, ал-Ҳакам, ал-Адл, ал-Латийф, ал-Хабийр, ал-Ҳалийм, ал-Азийм, ал-Ғафур, аш-Шакур, ал-Алий, ал-Кабийр, ал-Ҳафийз, ал-Муқийт, ал-Ҳасийб, ал-Жалийл, ал-Карийм, ар-Рақийб, ал-Мужийб, ал-Восеъ, ал-Ҳакийм, ал-Вадуд, ал-Мажийд, ал-Бўис, аш-Шаҳийд, ал-Ҳақ, ал-Вакийл, ал-Қавий, ал-Матийн, ал-Валий, ал-Ҳамийд, ал-Муҳсий, ал-Мубди, ал-Муъийд, ал-Муҳъйи, ал-Мумийт, ал-Ҳайй, ал-Қайюм, ал-Вожид, ал-Воҳид, ас-Сомад, ал-Қодир, ал-Муқтадир, ал-Муқаддим, ал-Муаххир, ал-Аввал, ал-Охир, аз-Зоҳир, ал-Ботин, ал-Волий, ал-Мутаолий, ал-Барр, ал-Таввоб, ал-Мунтақим, ал-Афвву, ар-Раъуф, ал-Маликул Мулк, Зул Жалол вал Икром, ал-Муқсит, ал-Жомеъ, ал-Ғоний, ал-Муғний, ал-Монеъ, аз-Зорр, ал-Нофеъ, ал-Нур, ал-Ҳодий, ал-Бадийъ, ал-Боқий, ал-Ворис, ал-Рашийд ва ас-Сабур”, дедилар”. Термизий, Ибн Ҳиббон ва ал-Ҳоким ривоят қилган.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти ахборот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*