Жаннатнинг қайси эшигидан киришни хоҳлайсан

Ислом динида инсонларнинг инсонлардан фарқи, фақат Аллоҳга итоати, доимий тоати, тақвоси билан белгиланади. Аллоҳ айтади: “Апбатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғонгиз тақводорроғингиздир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

ёлларнинг яхшиси, эътиборлиси эса эрларига итоатда бўлувчи мўмина аёллардир. Қуръони каримда марҳамат этилган: “Бас, ибодат-итоатли ва (эрлари) йўқлгида Аплоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар – яхши хотинлардир. (Нисо сураси, 34- оят)

Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар–итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир. Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ юксак мақомли буюк зотдир.

Ҳар бир жамиятга раҳбар лозим. Раҳбари бўлмаган жамиятда тартиб-интизом, тинчлик-омонлик ва хайр-барака бўлмайди. Ислом таълимотлари бўйича, оила энг муҳим жамият бўлиб, катта жамиятнинг асосий ғишти ҳисобланади. Ғиштлари пишиқ иморат мустаҳкам бўлганидек, оилалари аҳил-мустаҳкам бўлган жамият ҳам бақувват бўлади. Шундай муҳим муассаса бўлган оиланинг раҳбари бўлмаслиги мумкин эмас. Нима учун Исломда оила раҳбарлиги эркакка берилади? Бу саволга ушбу ояти каримада шундай жавоб берилади:

«Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар».
Демак, оила раҳбарлиги бобида Аллоҳ эркакни аёлдан афзал қилиб яратибди. Дарҳақиқат, эркак киши ўзининг жисмоний тузилиши, ички ва ташқи қиёфаси, асабий, руҳий нафсоний ва бошқа жиҳатларидан оила раҳбари бўлишга мос яратилган. Бунинг устига, оилани қуриш ва уни тутиб туриш, бу йўлдаги барча сарф-ҳаражатлар ҳам эркак киши зиммасида. У катта меҳнат эвазига топилган молу мулкининг беҳуда кетмаслиги лозимлигини ўйлайди, оилани мустаҳкам ҳолда тутиб туришнинг чора-тадбирларини кўришга мажбур бўлади.

Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эркак киши оила раҳбари бўлса ва у ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилгандек адо этса, бундай оилалар бахт-саодатга соҳиб бўлмоқда. Бу кўрсатмага юрмаган оилалар эса, бахтсизликка учрамоқда, шундайлардан ташкил топган жамиятлар ҳам бахтсизликка дучор бўлмоқда. Бу ерда гапни чўзиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак.

Аммо мусулмон жамиятларда ҳам баъзан бу умумий қоида бузилганини кўрамиз. Эркак раҳбар бўлган оилада ҳам ноқулайликлар юзага келиб туради. Агар шундай бўлаётган бўлса, одамларнинг, хусусан, ўзини мусулмон ҳисоблаётганларнинг айби биландир. Афсуски кўплар ояти каримада кўзда тутилган раҳбарликни қаҳр, жабр ва зулм ўтказишнинг имкони деб тушунадилар. Аслида, бу раҳбарлик масъулиятдир. Масъулият бўлганида ҳам, улкан масъулиятдир. Ушбу масъулиятга биноан, эркак киши оиланинг, жумладан, аёлнинг ҳомийлигини, боқувчилигини, муҳофазасини адо этмоғи лозим.

«Солиҳа аёллар–итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир».
Яъни, мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатида эрига итоаткорлик бордир. Биз «итоаткорлик» деб таржима қилаётган сўз ояти каримада «қонитатун» лафзи ила келган. Бу сўз ўз иродаси, рағбати ва муҳаббати ила итоат қилиш маъносини англатади. Демак, мўмина, солиҳа аёлларнинг эрларига итоати ўз масъулиятини тушунган ҳолдан келиб чиққан бўлади. Қўрққанидан, мажбурлашдан ёки бошқа бирор босқидан эмас. Бу итоат ўзини тушунган, ҳаётдаги ўрнини, вазифаси ва масъулиятини ҳис этган гўзал инсоннинг итоатидир.

Мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатларидан яна бири–улар:
«Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир».
Яъни, эрлари ёнларида турган пайтлардагина эмас, улар бирор сабаб билан оиладан узоқда бўлган чоғларида ҳам уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, обрў-эътиборларини муҳофаза қиладилар. Муҳофаза қилишлари ҳавою нафсга мувофиқ ёки ўз фикрларича, ёхуд эрларининг талабига биноан бўлмайди. Балки бу борада ягона ҳакам, белгилаб берувчи олий томон–Аллоҳ таоло бор. Шунинг учун ҳам оятда, «Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича», дейилмоқда. Аллоҳнинг ҳифз қилишга буюрган нарсаларини муҳофаза қиладилар.

Имом ибн Жарир Табарий ва Ибн Аби Ҳотимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Аёлларнинг яхшиси–назар солсанг, хурсанд қиладиган, амр қилсанг, итоат этадиган ва ғойиб бўлсанг, сени ўз нафсида ва молингда муҳофаза қиладиганидир», деганлар.

Имом Аҳмад Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: «Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер», дейилади», деганлар.

Лекин беш қўл ҳам баробар эмас, баъзи аёллар солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Ҳаддиларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатадилар. Шундай ҳолларда нима қилиш керак? Уларга ҳолатларига қараб муомала қилинади. Итоатсизлик аломатлари кўриниб, эрни беҳурмат қила бошлаганида, унга ваъз-насиҳат қилинади. Ваъз-насиҳат самара бериб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни мурод. Агар фойда бермаса, хотиннинг итоатсизлиги, исёни давом этаверса, бошқа чора кўрилади.

Иккинчи босқич чора–ҳижрон, бирга ётмаслик, гаплашмасликдир. Албатта, ҳижрон ваъз-насиҳатдан кўра анча таъсирлидир. Чунки бу масалада аёллар жуда ҳассос бўладилар. Эрларининг уларга эътиборсизлиги, гаплашмай қўйгани кўзларини каттароқ очишга мажбур этади. Ҳали инсофларини йўқотмаган бўлсалар, ўзларига келишларига, хатоларини тузатишларига сабаб бўлади. Аммо бу чора ҳам таъсир қилмаса, аёл буткул инсофини ютиб, итоатсизликда, исёнда давом этаверса, бу унинг яхшилик билан йўлга кирмаслигининг аломати. Энди унга нисбатан янада таъсирчанроқ чора–ўзини билмаганларга қилинадиган муомала қўлланилади.

Яъни, урилади.
«Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг».
Аммо уриш деганда, қаттиқ калтаклаш, аъзоларини синдириш ёки бошқа жароҳатлар етказиш тушунилмасин. Ўтган аҳли солиҳ уламоларнинг бирларидан ушбу ояти каримада изн берилган уришнинг маъноси сўралганида, мисвок ёки бирор бармоғи билан туртиш, деган эканлар.

Ҳадис китобларида ривоят қилинишича, Муовия ибн Ҳайра ал-Қушайрий розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?» деб сўраганида, Пайғамбар алайҳиссалом: «Агар таом есанг, унга ҳам едирасан, кийим кийсанг, унга ҳам кийдирасан, юзига урма, ёмон сўкма, ташқарида ҳижрон қилма», деганлар.
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг чўриларини урманглар!» деганлар. Бунга ўхшаш ҳадислар кўп. Кўриниб турибдики, ояти каримадаги уришга берилган изн фақат сиёсат учун, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш учундир.

Аёл киши табиатан аччиғи тез чиқадиган, таъсирчан, шошқалоқ бўлади. Сал нарса баҳонасида эрига нисбатан итоатсизлик ва беодоблик қилиб қўйиши мумкин. Аммо кейин ўзига келиб, итоатга қайтса, уларга қарши чора кўришга зарурат қолмайди. Юқорида саналган чора-тадбирларни ҳам қўллаш шарт бўлмайди.

Тарихда ана шундай мўмина, сиддиқа, зоҳида, олима, обида аёллар жуда кўп ўтганки, улардан ҳар бирининг тарихи, ибратли ҳаёти бир китобга мавзу бўлгудай. Булар инсониятга Исҳоқ, Исмоил, Мусо, Исо (алайҳимуссалом) пайғамбарларни туғиб, тарбиялаб берган Сора, Ҳожар, Аёрхо, Марям каби улуғ волидалар, бахтиёр оналар, золим Фиръавннинг мўмина хотини Осиё, биринчи ва энг тақводор сўфия Робиъа ал-Адавиййа, Абу Бакр Сиддиқнинг қизлари Асмо, Ҳазрати Апининг қизлари Зайнаб, олима ва фозила аёл Нафиса бинти Ҳасан кабиларнинг қиссаларидир. Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят этилган ҳадисда шундай марҳамат қилинади: ” Пайғамбаримиз бир куни ерга тўртта чизиқ чиздилар ва “Бу нима, биласизларми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аплоҳ ва Унинг расули билгувчироқ”, деб жавоб беришди. Пайғамбаримиз ” Булар жаннатнинг энг афзал аёллари – Ҳадича бинти Ҳувайлид, Фотима бинти Муҳаммад, Марям бинти Имрон, Фиръавннинг хотини Осиё бинти Мазоҳимдир”, деб жавоб бердилар. (Имом Аҳмад ривояти)

Мўмина оналаримизнинг, Аплоҳга итоатда, тоатда, қаноатда барчага намуна бўлган улуғ аёлларимизнинг ҳаёт йўллари, Ҳақ йўлидаги фидойиликлари ва садоқатлари қиёматгача мўмин-мусулмонлар учун ибрат бўлиб қолаверади, иншааллоҳ!

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*