Энг кичик риёдан ҳам сақлан!

Қалбнинг қораймаслиги, савобларнинг зое бўлмаслиги учун энг кичик риёдан ҳам сақлан! ибодатдан хушланиши – лаззатланиши ҳам риё саналади. Чунки бу кимса лаззат, ҳузур олмаса, ибодат этмай уни ташлаб қўяди.

«Васийят» асарининг муаллифи шундай ёзади: «Риё амални бекор этувчи, ўлдирувчи бир заҳардир».
«Риё бандаларнинг ибодат ва яхшиликларини одамларга ошкор этиб, бунинг эвазига эҳтиром, мақтов, бойлик, мол-дунё ва мартаба кутишидир. Одамларга кўз-кўз қилинган ибодат риё саналади. Бундай қилганни «муроий» (риёкор) дейишади».
Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам риёни «кичик ширкдир», деганлар. Риёнинг ёмонлиги ҳақида бир неча ояти карима ва ҳадиси шарифлар бор. Ояти каримада Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат этади:
فَوَيْلٌ لِلْمُصَلِّينَ
Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки.
الَّذِينَ هُمْ عَنْ صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ
Улар намозларини унутувчилардир.
Яъни, намознинг маъноларини, ҳикматларини, инсон виждонининг поклигини, қалбда марҳамат-шафқатни қўзишини унутганларнинг ҳолига вой, жойи жаҳаннам.

Аллоҳ таоло «Анкабут» сурасида: «Албатта, намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтаради» деган. Ким намоз ўқиса-ю, ёмон ишлардан қайтмаса, у намозини унутганлар жамоатидан бўлади.

Ушбу оятлар маъноси ҳақида муфассирларимиз бир қанча таъвийллар айтганлар.

Абул Олия, булар, намозни ўз вақтида ўқимайдиганлар, рукуъ ва саждаларини яхшилаб, батамом қилмайдиганлар, деган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Бу шундоқ намозхонки, у ўзи ўқиган намозидан савоб умид қилмайди ва уни ўқимаса иқобидан қўрқмайди», деганлар.

Ибн Жарир Табарий келтирган ривоятда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралганда, улар намозни ўз вақтидан орқага сурадиганлар, деганлар.

Муфассирларимиз ушбу жумладаги келишик қўшимчаларга ҳам алоҳида эътибор берганлар. Оятда «Ан солатиҳим саҳуун»–«намозларини унитувчилар», дейилмоқда, «фии солатиҳим»–«намозларида»-дейилмаяпти. Шундан оятда мунофиқлар ҳақида сўз кетаётгани келиб чиқади. Чунки, мўмин киши ҳам намоз ичида баъзи нарсаларни унутиши мумкин. Лекин унутиш билан унутишнинг фарқи бор. Мунофиқнинг намозни унутиши ўқимаслик, унга эътиборсизлик қилиши ила бўлади. Мўмин эса намознинг ичида бирор нарсани унутиб хатога йўл қўйса саҳв саждаси қилиб дарҳол тўғрилайди.

Бундан сўнг ушбу оятда зикр қилинганлар мунофиқлар эканлигига келаси икки оят ҳам далилдир.

الَّذِينَ هُمْ يُرَاءُونَ
Ундоқ кишилар риё қиладиганлардир.

Намоз ўқиса-ю, намознинг ҳақиқатини унутса, ёмонлик, иғво, бўҳтон, ёлғончилик, бузғунчилик ва бошқа разолатлардан қайтмаса, ундай киши риёкор, мунофиқ бўлади. Одамларнинг кўзини бўяш, улар ҳузурида обрў топиш, ўзини диндор қилиб кўрсатиш учун намоз ўқиган бўлади.

وَيَمْنَعُونَ الْمَاعُونَ
Ва моъуунни ман қиладиганлардир.

«Моъуун»ни баъзи тафсирчилар закот дейдилар, бошқалари эса хўжаликда керак бўлиб турадиган асбоб-анжомлар дерлар.
Ислом сатхий, зоҳирий нарсалар дини эмас. Балки ихлос ва амал динидир. Ибодатлар ихлос билан бўлмаса, эгасини яхши ахлоқ ва омилларга бошламаса, ҳақиқий бўлмайди. Инсон тили билан мусулмонман дейиши, баъзи Ислом амалларини адо этиши, намоз ўқиши мумкин, лекин ҳақиқий мусулмон бўлса, иймон аломатлари унинг юриш-туришида, муомаласида, гап-сўзида, ишида, одоб ахлоқида–ҳамма-ҳаммасида кўриниб туради.

Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: «Кимки амалини эшиттирса, Аллоҳ уни эшитади. Ва ким риё қилса, Аплоҳ унинг ич юзини юзага чиқаради» (Муслим. “Зуҳд” 47,48).

Риёнинг зидди ихлосдир. Ихлосли киши амали туфайли мақталишини ёқтирмайди.
Расули Акрам (с.а.в.) олим дейишсин, дея илм ўрганган олимнинг,… сахий десинлар, дея инфоқ қилган бойнинг жаҳаннамга отилажагини хабар берганлар (Муслим. «Имора», 152) .

Риёнинг даражалари:

Риёнинг даражалари бир-биридан фарқланади. Ибодатга риёнинг аралашуви фақат дунёвий ғоя ёки одамларга мақтаниш мақсадида бўлади. Баъзан бу икки сабаб ҳам риё бўлиши мумкин. Ибодат Ҳақнинг ризоси ё халқнинг эҳтироми учун адо этилади. Булардан бири устун келиши ёки иккиси тенг бўлиши мумкин. Бу тўрт эҳтимолга бўлинади.

1. Кишининг ибодати фақат халқнинг эҳтироми учун бўлса, уни ҳеч ким кўрмаса, бу кимса ибодатни ташлаб қўяди. Бундай амалига савоб йўқ, балки, Аплоҳ таолонинг ғазаб ва нафратига учрайди.

2. Ибодат ҳам Ҳақ ризоси ҳам халқнинг эҳтироми учун бўлса-да, иккинчиси ғолиб келса, ёлғиз қолганда ўша киши ибодат қилмайди. Бу ҳам юқоридаги каби хунук ва Ҳақнинг қаҳрига мустаҳақдир.

3. Иккала мақсад ҳам тенг келса, яъни Ҳақнинг ризоси ва халқнинг эҳтироми жиҳатлари бир хил бўлса, бунда савоб ҳам, жазо ҳам йўқ; фойдаси ҳам зарари ҳам йўқ.

4. Аллоҳ таоло ризолигини топиш халқнинг эҳтироми жиҳатидан устун бўлса – ҳар нарса ҳақиқатини Аллоҳ билгувчи — бу даражадаги ибодат соҳиби савобга эришади. Лекин халқнинг эҳтиромини ҳам ўйлагани учун жазо ҳам кўради.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*