Мусулмонларга қандай қабиҳ ишлардан узоқда юришга амр қилинди?

Ривоятга кўра, имомлик қилаётган машҳур саҳобий Кофирун сурасини нотўғри ўқиганида учинчи оят нозил бўлди: «Эй мўминлар, токи гапираётган гапларингизни билишингиз учун маст ҳолингизда намозга яқин келманглар!» (Нисо, 43-оят). Бу оят ичкилик (ароқ) ни тақиқлаган иккинчи оят эди. Оят фақат намоз вақтларида ичкиликни ман қилаётган эди. Саҳобийларнинг бир қисми бу оятдан кейин ичкилик ичишни ташлашди. Орадан яна бирмунча вақт ўтди. Мадиналик ансорлардан Итбон ибн Молик зиёфат дастурхони ҳозирлади. Зиёфатда ароқ ҳам бор эди. У ердагилар яхшигина сархуш бўлишди. Меҳмонлар орасида Саъд исмли машҳур саҳобий бир қасида ўқиди. Қавмидан, келиб чиқишидан мақтаниб гапирди. Гап орасида ансорларнинг (мадиналиклар) иззатига тегадиган гап қилди. Шунда ансорлардан бири ғазаб билан ўрнидан турди ва Саъднинг устига бориб, унинг бошини ёрди. Саъд эса Пайғамбар алайҳиссаломга шикоят қилди. Ана шу пайтда ичкилик (ароқ) ҳақидаги тўртинчи, сўнгги оят келди: «Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (га сиғиниш) ва чўплар (билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз!» (Моида, 90-оят). Ичкилик, қиморни ман қилган оятларнинг тўртинчиси бўлган бу оят энг сўнгги илоҳий амрдир. Расулуллоҳ алайҳиссалом шунда дарҳол хабарчиларни чақиртириб, хамрнинг қатъий суратда ҳаром бўлганини ҳаммага етказишни буюрдилар. Энди барча ичкиликхўрлар ичкиликни ташлашди. Уйларида, дўконларда, омборларда сақлаб қўйилган шаробларни ташқарига олиб чиқиб тўкиб ташлашди. Шароб
Мадина кўчаларида худди сел каби оқди. Ичкиликнинг бундай аста-секин, босқичма-босқич ман этилишининг илоҳий ҳикмати бор эди. Одамлар узоқ
йиллар мобайнида ўрганиб қолган ёмон хулқ ва одатларидан бирданига, осонликча узила олишмайди (Бунга АҚШ, Россия ва бошқа ўлкаларда ароққа қарши ўтказилган кампанияларнинг нима билан тугагани яхши мисол – таҳририят эскартиши). Шунинг учун Қуръони карим оятларида аввал ичкиликнинг ҳалол мевалардан олиниши маълум қилингач, уларни ичиш катта гуноҳ бўлиши баробарида фойдаси ҳам борлиги, аммо гуноҳи фойдасидан каттароқ экани зикр қилинди. Кейин эса ичкилик ичганда намозга яқинлашмаслик буюрилган бўлса, охирида хамр, қимор, бутларга сиғиниш ва фолбинлик шайтонга хос ҳаром иш экани қатъий уқтирилди ва мусулмонлар бу қабиҳ ишлардан узоқда юришга амр қилинди.

“ҲАДИСИ ШАРИФЛАР ҚОРАЛАЙДИ”
Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: «Хамр ҳаром қилингач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айрим саҳобалари бошқаларининг олдига бориб: «Хамр ҳаром қилинди ва ширкка
тенглаштирилди», дейишди» (Табароний ва Ҳоким ривояти).

Расулуллоҳ солллалоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир. Ким бу дунёда хамр ичса ва уни ичишга одатланган ҳолда вафот этса, охират шаробини ичмайди» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривояти).

Бошқа ҳадисда бундай дейилган: «Уч тоифа одам жаннатга кирмайди: хамрга муккасидан кетган, қариндош-уруғ алоқаларини узган ва сеҳрни тасдиқлаган кимса» (Аҳмад, Табароний, Абу Яъло ривояти).

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Уч тоифа одамнинг яхшилиги осмонга кўтарилмайди: қочоқ қулнинг, токи у хўжайинига қайтиб қўлини қўлига қўймагунича; эрини норози қилиб ғазаблантирга хотиннинг, то эри ундан рози бўлмагунича; мастнинг, токи у ўзига келмагунича» (Табароний, Ибн Ҳиббон, Ибн Ҳузайма, Байҳақийлар ривояти).

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўпи маст қилган нарсанинг ози ҳам ҳаромдир», дедилар» (Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким зино қилса ёки хамр ичса, худди инсон бошидан кўйлагини ечиб олганидек, Аллоҳ ундан иймонини ечиб олади» (Ҳоким ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ хамрни ҳам, уни ичувчини ҳам, қуювчини ҳам, сотиб олувчини ҳам, сотувчини ҳам, тайёрлатувчини ҳам, олиб келувчини ҳам, олиб келтирувчини ҳам лаънатлади», дедилар (Абу Довуд ривояти). Ибн Можа ривоятида: «Пулини еювчини ҳам», дейилган.
Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим: «Олдимга Жаброил (алайҳиссалом) келиб: «Эй Муҳаммад, албатта Аллоҳ хамрни ҳам, уни сиқтирувчини ҳам, сиқувчини ҳам, ичувчини ҳам, олиб келувчини ҳам, олиб келтирувчини ҳам, сотувчини ҳам, сотиб олувчини ҳам, қуювчини ҳам, қуйдирувчини ҳам лаънатлади», деди» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳокимлар ривояти). Абдуллоҳ ибн Амр эса бундай деганлар: «Хамр ичувчилар касал бўлса, зиёрат қилманглар». Абдуллоҳ ибн Амр хамр ичишни улкан гуноҳлар (гуноҳи кабиралар) нинг энг каттаси, деганлар. Воил ибн Ҳижр айтадилар: «Ториқ ибн Сувайд Жаъфий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан хамр ҳақида сўраган эди, уни тақиқладилар. Шунда у: «Уни даво учун тайёрлайман, ахир», деган эди, «Хамр даво эмас, аксинча дарддир», дедилар» (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта менинг умматимдан баъзи одамлар хамрни ичурлар ва уни ўз номидан бошқа ном билан атарлар» (Абу Довуд, Насаий, Ибн Ҳиббон ривояти).
Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Хамрдан четда бўлинглар! Чунки у ифлосликларнинг онасидир, дедилар.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*