ЭНГ КАТТА БОЙЛИК

Мустақиллик – бу ҳар бир инсон тинч нафас ола олиши, эртанги кунини ҳавотир ила эмас, балки қувонч ва табассум билан ўйлашидир. Мустақиллик бу – шундай улуғ неъматки, у асрлар тўфонидан соғ-омон ўтиб, ўзимиз ва ўзлигимизни, миллий анъана ва қадриятларимизни англаш имконини берди. Узоқ йиллар ҳукмронлик қилган зўравон ва мустабид тузумнинг қурбони бўлган ота-боболаримизнинг орзуси, истак ва мақсадлари истиқлол туфайли рўёбга чиқди. Мустақиллик, энг аввало, миллий ўзлигимиз, миллий давлатчилигимиз, қадрият ва анъаналаримиз, беқиёс тарихимиз ва маънавиятимиз, ҳақ-ҳуқуқ ҳамда қадр-қимматимизни қайтариб берди.

Биз учун тоабад яккаю ягона, муқаддас ва мўтабар, севги ва садоқатимиз ҳамиша бахшида бўлган, бахту иқболимиз бешиги ҳисобланган гўзал ва жаннатмакон она диёримиз – Ўзбекистоннинг ҳар бир гўшаси кундан-кунга яшнаб, барқ уриб бораётгани мустақиллик шарофатидандир. Бугун ҳар бир юртдошимиз чеҳрасидан шоду хуррамлик, тақдиридан розилик, ҳаётидан мамнунликни илғаб олиш қийин эмас. Юртимизнинг қай бир гўшасида бўлманг, қай бир шаҳар, қай бир қишлоғига борманг, қайси юртдошимиз билан суҳбатлашманг, ҳамманинг нигоҳида хуш кайфият, кўтаринкилик, истиқлол шукуҳи ҳукмронлигига гувоҳ бўласиз. Бу эса қалбимизга ҳузур, кўнглимизга ғурур, кўзларимизга қувонч бахш этади. Буларнинг барчаси замирида истиқлолдан баҳрамандлик, шу муқаддас заминдан фахрланиш туйғулари мужассам.

Дарҳақиқат, 27 йил давомида истиқлол туфайли мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тез суръатларда ривожланди. Юртбошимиз раҳнамолигида миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Дунё маданияти ва илм-фанига беқиёс ҳисса қўшган буюк бобокалонларимизнинг муборак номлари қайта тикланиб, маънавий-маданий меросимиз ўзимизга қайтарилди. Нафақат илм-фан ва маданият, балки маънавий-диний соҳада ҳам жуда катта юксалишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мустақилликдан сўнг 9 та ўрта махсус ислом билим юртлари ва 2 та олий диний таълим муассасалари ўз иш фаолиятларини бошлади. Мустақиллигимизнинг илк йилларида 27 та бўлган масжидлар сони бевосита оширилди. 1999-йил эса Тошкент ислом Университети ўз иш фаолиятини юрғаза бошлаган бўлса, 2017-йилга  келиб Халқаро Ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда турли вилоятларда ҳадис, фиқҳ, ақоид ва тафсир фани мактаблари ўз фаолиятларини бошлади. Бу кўрсаткичларнинг бари мамлакатимизда ўсиб бораётган ёшларнинг келажакда ўз соҳалари бўйича етук мутахассис бўлишларига  тўлиқ имконият яратиб беради.

Албатта, мустақиллик берган ушбу имкониятлар туфайли юртимиз фарзандларининг инсоният тараққиётига муносиб ҳисса қўшган улуғ зотларнинг авлоди эканлиги, бугун ҳеч кимдан кам эмаслигини тушуниб етгани айни ҳақиқатдир.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
 ислом билим юрти мударрисаси Қурбонова Гулобод

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*