Муаллимнинг сифатлари

Тарихдан маълумки, ҳар бир даврда таълим соҳасида биринчи навбатда юқори маданиятли, иқтидорли, билим салоҳияти юқори бўлган, замон билан ҳамқадам бўладиган муаллимга эҳтиёж кучли бўлиб келган. Муаллим тарбия жараёнининг асосий бошқарувчиси ва йўл кўрсатувчисидир. Таълим соҳасидаги ўқув қўлланмалар, таълимий воситалар, ўқув қуроллар, жиҳозланган дарс хоналари қанчалик такомиллашган бўлмасин, улар муаллимсиз қуп-қуруқ жонсиз ашёлар бўлиб қолаверади. Муаллим тарбия ва таълим соҳасининг самарали бўлиши учун ана ўша унсурларни бир мақсадга йўналтиради, бошқаради, йўлга солади. Муаллим гўзал хулқли, илмли, юксак маданиятли, тарбияли, баркамол шахс бўлсагина, таълим соҳаси мукаммал ривожланиши мумкин. Бошқача ибора билан ифодаласак, муаллим таълим соҳасини тартибга, тўғри низомга сола олса, таълим олувчи учун қулай, манфаатли шароитларни яратиб бера олса, бу соҳада юксалиш бўлиши муқаррардир. Агар муаллим ана шу сифатларга эга бўлса, ишонч билан таъкидлаш мумкинки, бундай мутахассис таълим соҳасидаги ўқув китоблари, таълимий воситалар, ўқув жиҳозлари, илм даргоҳидаги ички алоқаларга доир камчиликларни тўлдиради, муаммоларни бартараф эта олади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўмин-мусулмонлар учун ҳар бир соҳада бўлганидек, таълимда ҳам улуғ намунадирлар. Ҳар бир таълим берувчи ва таълим олувчи учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълим бериш усуллари ниҳоятда катта, битмас-туганмас хазина кабидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълим бериш усуллари ҳар бир замон ва маконга мос келаверади.

Аллоҳ таоло таълим беришнинг фазилатлари ҳақида бундай марҳамат қилади:
ادْعُ إِلَى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُمْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعْلَمُ بِمَنْ ضَلَّ عَنْ سَبِيلِهِ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ
(Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир.(Наҳл, 125).

Бу оятда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни таълим беришга тарғиб қилмоқда ва қай йўсинда таълим беришларини ҳам айтмоқда. Жумладан, шариат илмларини таълим бериш баъзи шахсларга, гуруҳларга, тоифаларга эмас, аввало фақат холис Аллоҳнинг йўлида бўлиши, иккинчидан, бу иш ҳикмат билан амалга оширилиши керак. Бунда инсонларнинг ижтимоий, маданий савияси ва бошқа омилларни эътиборга олиб, оғир келмайдиган йўсинда ўргатиш лозим. Учинчидан, таълим яхши мавъиза орқали йўлга қўйилмоғи керак. Инсонларни қизиқтириш, рағбатлантириш учун чиройли сўз ва гапларни топиб гапириш зарур бўлади. Уларни нафратлантирмаслик лозим.

Таълим берувчилар таълим олувчиларни ҳурмат-иззат қилиши, уларнинг саъй-ҳаракатларини илғай олиши ва ўз ишининг давомчиси сифатида тарбиялашлари талаб этилади. Таълим берувчилар таълим олувчиларнинг меҳрини қозониш учун бор имкониятларини қўллай олишса, устозга бўлган муҳаббат туфайли таълим олувчилар ҳақиқатни англайдилар, яхшиликлар қилишга харис бўладилар. Мана шундай сифатларга эга бўлиш ҳар бир таълим берувчи устозларга насиб этишини Аллоҳ таолодан сўраб, дуо қилиб қоламиз.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти мударрисаси Қурбонова Гулобод

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*