Мукаммал устоз

Аллоҳ таоло башариятга сўнгги, абадий қолувчи шариати Ислом динини ўргатишлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни танлаб олди. Дунёда Аллоҳ учун Унинг динидан қимматли нарса йўқдир. Аллоҳ таоло ана шу охирги динини ёйиш, ўргатиш учун набийлар ва расулларнинг энг афзали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбаримизни ихтиёр этди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир сўзида, ҳар бир ишида мўминлар учун гўзал намуна бор. Хусусан, таълим беришда, албатта, Аллоҳ таоло наздида ҳамда биз умматлар наздида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек моҳир муаллим йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлари мобайнида ҳаммага фойда келтириб яшадилар.

Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нафақат саҳройи саводсиз кишиларга, балки бутун башариятга, ҳам муаллим эканликларини исботлайди. Аллоҳ таоло Жумъа сурасининг 2-оятида бундай дейди: У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар.

Таълим беришнинг ўзига хос улуғ фазилатлари бор. Буюк Аллоҳ таълим беришнинг фазилатлари ҳақида бундай марҳамат қилади:
(Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал усулда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир. (Наҳл, 125-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни таълим беришга тарғиб қилмоқда ва қай йўсинда таълим беришларини ҳам айтмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам 23 йил мобайнида қанчадан-қанча саҳобалар жамоасига таълим ва тарбия бердилар, уларга илмга бўлган муҳаббат ва диёнатни сингдирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таълим беришда энг яхши ва энг чиройли усулларни моҳирона қўллар эдилар. Таълим олувчининг фаҳмига, ақлига кўра таълим берар ва унинг зеҳнига илмни пуxта сингдиришга ҳаракат қилардилар. Агар таълим олувчи тушунмай қолса, изоҳлаб тушунтиришга ҳаракат қилар эдилар. Бу хақда Имом Шофеий шундай деганлар: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам мукаммал устоз эдилар. Улар ўзларини сокин тутганлар ва шу билан бирга ҳеч қачон дадилликни йўқотмаганлар. Уларнинг овозларида доим шаҳдамлик сезилган, лекин улар ҳеч қачон ҳолатларидан кибрланмаганлар” .

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълим бериш усулларининг хилма-хиллиги билан ажралиб турган. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам таълим беришда қалбга тез жо бўладиган, ақл кўтара оладиган, фаросат етадиган энг чиройли ва энг афзал усулни танлар эдилар. Бирон нарсани таълим бермоқчи ёки баён қилмоқчи бўлсалар, гапни гўзал муқаддима билан бошлардилар. Саҳобаларга ҳадис айтсалар, уни турли усулларда етказардилар: гоҳ савол билан, гоҳида жавоб билан, гоҳ саволнинг ўзига жавоб берардилар, гоҳ зиёда ҳам қилардилар, гоҳ мисол келтирардилар, гоҳ ёзиб, гоҳ чизиб таълим берардилар, баъзан ташбеҳ келтирардилар, баъзан ўз фикрларини очиқ айтардилар, гоҳида эса унга ишора қилардилар, гоҳ масалани ечимига олиб бориш учун савол бериб саҳобаларни имтиҳон қилсалар, гоҳида эса саволсиз ҳам таълим берардилар.

Тингловчиларга ҳеч қачон тез гапирмас эдилар. Уларнинг нутқлари аниқ ва равшан бўлган, агар исталса, талаффуз қилинган сўзларни санаш мумкин эди. Гапларини тушунишлари учун, ёхуд у сўзлар қанчалик ахамиятли эканлигини билдириш учун баъзан бир сўзни уч марта такрорлар эдилар. Керак бўлганда овозларини кўтарар эдилар, аммо одатда қисқа мавъизаларида шундай қилар эдилар.

Саҳобаларда қизиқиш уйғотиш учун муаммоли вазиятлар ўйлаб топар эдилар. Таққослаш методини ҳам қўллаганлар. Лавҳ ўрнига қумни ишлатганлар, саҳобаларга етказишни ирода қилган нарсаларни унга таёқ чизиб кўрсатганлар. Дарслар давомида Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳазиломуз мисолларга йўл қўяр эдилар, баъзан жумбоқ ва ишора билан гапирардилар.

Алоҳида вақтларини аёлларга таълим беришга бағишлар, уларнинг муаммоларини атрофлича ўрганиб, улар муҳтож бўлган илмларни баён қилардилар ва тўғри йўл-йўриқ кўрсатардилар. Ул зот болаларни яхши кўрар, уларнинг ёши ва қизиқишидан келиб чиққан ҳолда таълим берар эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом барча илмга чанқоқ инсонларга бажонидил вақт ажратганлар ва ҳар бирларини энг яқин, қадрли инсон сифатида қабул қилганлар. Уларнинг ўқувчилари орасида саводли яҳудийлар, бадавий саҳроликлар ҳам бўлган. Ҳақиқатни етказишда ҳар бирлари билан уларга тушунарли тилда сўзлашардилар. Саҳобалар ул зот бобаракотдан одамлар билан муомала қилиш санъатини ҳам ўрганганлар.

Кунларнинг бирида саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Қайси мусулмон яхши? “, деб сўрадилар. Ул зот: “Мусулмонлар унинг қўли ва тилидан саломат бўлган инсондир”, дея жавоб бердилар.

Ана шундай фикрлар билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муаллимлар мутааллимларини ҳурмат-иззат қилишига, уларнинг саъй-ҳаракатларини илғай олишига ва ўз ишининг давомчиси сифатида кўришга чақирганлар. Ўқувчилар меҳрини қозониш учун бор имкониятларини қўллашга даъват этганлар, зеро, устозга бўлган муҳаббат туфайли инсонлар ҳақиқатни англайдилар, яхшиликлар қилишга харис бўладилар.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти мударрисаси Қурбонова Гулобод

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*