БОЙЛИГИНГНИ ЙЎҚОТМА

Бир камбағал одам Жаноби Ҳаққа нолий бошлабди:
– Эй Яратган Эгам, нега мени бошқа бандаларингдан кам кўрдинг, ризқимни тор қилдинг?!
Бир йўловчи унинг гапини эшитиб қолиб сўрабди:
Биродар, тинчликми? Нимадан норозисан?!
– Аллоҳ менга кўп ризқ ато этмади, тинмай меҳнат қиламан, бироқ ночорликдан чиқиб кетолмаяпман!
Йўловчи бир оз ўйланиб тургач дебди:
– Майли, сенга беш минг тилла бераман. Эвазига битта кўзингдан воз кечасан!
Фақир қаттиқ қўрқиб кетиб, икки қадам орқага чекинибди:
– Эсинг жойидами? Қандай қилиб беш минг эвазига кўзимдан воз кечишим мумкин?!
Йўловчи савдолашишда давом этибди:
– Унда битта қўлингдан воз кеча қол. Ўн минг танга бераман?
– Бўлмайди, – жаҳли чиқа бошлабди фақирнинг, – юз минг берсанг ҳам қўлимни бермайман!
– Майли, ундай бўлса, шу ўн мингга битта бармоғингни бер!
– Нега бармоғимни сотарканман?! Бутун дунёнинг молига алмашмайман бармоғимни!
Унинг бу гапини эшитган йўловчи мақсадга ўтибди:
– Эй ношукр банда, унда нега нолияпсан? Аллоҳ сенга қанча бойлик берганини кўрмаяпсанми?
Тўрт мучанг соғ, ақл-хушинг жойида. Сен эса фақирликдан нолиб ўтирибсан. Бунинг ўрнига Аллоҳ берган ҳисобсиз неъматларга шукр қилсанг бўлмайдими?!
Аллоҳ таоло: Бақара сурасининг 83 – оятида шундай марҳамат қилади.
وَإِذْ أَخَذْنَا مِيثَاقَ بَنِي إِسْرَائِيلَ لَا تَعْبُدُونَ إِلَّا اللَّهَ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَقُولُوا لِلنَّاسِ حُسْنًا وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآَتُوا الزَّكَاةَ ثُمَّ تَوَلَّيْتُمْ إِلَّا قَلِيلًا مِنْكُمْ وَأَنْتُمْ مُعْرِضُونَ
Бани Исорилдан Аллоҳдан бошқага ибодат этмайсиз, ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга яхши гаплар айтинг, намозни қоим қилинг, закот беринг, деб аҳду паймон олганимизни эсланг. Сўнгра озгинангиздан бошқангиз юз ўгириб, ортга қараб кетдингиз.

Мулоҳаза қилинса, Аллоҳ таоло Бани Исроилдан аҳду паймон олган ишлар Ислом дини ҳам буюрган ишлардир. Шундан ҳамма самовий динларнинг бирлиги келиб чиқади. Тавҳид ақидасининг асоси–Аллоҳдан бошқага ибодат қилмаслик–аҳду паймон олинган ишларнинг бошида саналяпти. Ота-онага яхшилик қилиш ҳар бир фарзанднинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Қариндошларнинг қариндошлик ҳаққи бор, уларга ҳам яхшилик қилиш лозим. Етимлар–боқувчисиз қолган ёш болалардир. Жамиятда уларнинг ҳам ҳаққи бор. Шунингдек, мискинлар ҳам турли сабабларга кўра, ҳаёти ноқулай ҳолларга тушиб қолган шахслардир, уларга ҳам яхшилик кўрсатиш инсоннинг инсонийлик бурчи ҳисобланади.

Оятдаги «Одамларга яхши гаплар айтинг», жумласини тафсир қилиб, Имом Ҳасан Басрий: «Яхши гап–амри маъруф, наҳйи мункар, ҳилму афв, кечирим ва ширин сўзлардан иборатдир», деганлар.

Намозни қоим қилиш, яъни, ҳамма амалларини жой-жойига қўйиб адо этиш ҳамма самовий динларда ҳам асосий ибодатлардан ҳисобланади.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилган ҳадисда у киши Пайғамбар алайҳиссаломдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, қайси амал энг афзалдир?» деб сўраганларида, у зоти бобаракот: «Ўз вақтида ўқилган намоз», деб жавоб берган эканлар. Шунингдек, закот ҳам улуғ молиявий ибодатлардан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло мазкур амалларни бажаришга Бани Исроилдан аҳду паймон (таъкидланган ваъда) олган бўлишига қарамай, улар ўз одатлари бўйича, бу аҳд-паймондан юз ўгирдилар ва қасддан ортга қараб кетдилар.

Силаи раҳмни узган ва зулм қилган одам шу дунёдаёқ жазосини ола бошлайди. Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий алайҳиссалом шундай дедилар: «Қариндошлик алоқасини узишдан ва зулм қилишдан кўра тез уқубат етказадиган ва қолгани охиратга сақлаб қўйиладиган гуноҳ йўқ». Зулм нималигини биламиз. Зулм қилган одам шу дунёдаёқ жазосини ола бошлайди. Қайси бир золимнинг ҳаёти билан танишсангиз, албатта жазосини олгани, азобини тортганини, қилган зулмига жавоб берганини кўрасиз. Қанча одамни қон қақшатган бўлса, қанча одамнинг молини тортиб олиб, ўзини қамоқда йўқ қилган бўлса, албатта жазосини олган, оляпти, олади ҳам. Лекин золим одам бу билан қутулмайди, бу дунёдаги уқубатлар охиратдаги жазонинг олдида денгиздан томчидек гап. Охиратда унинг жазоси давом этади.

Силаи раҳмни узган одам ҳам худди шундай экан. Силаи раҳмни узган одамга ҳам шу дунёнинг ўзида уқубат етиб келар экан, қолгани эса охиратга олиб қўйилар экан. Силаи раҳмни узган одам яшайдиган қишлоқда барака бўлмайди дейишган машойихларимиз. Бир қишлоқда силаи раҳмни узган одам бўлса, шунинг касри-касофати бутун қишлоққа урар экан. Ўша қишлоққа ёмғир ёғмайди, ўша қишлоқда тинчлик бўлмайди, барака бўлмайди, омонлик бўлмайди.

Бизнинг динимиз ижтимоият динидир, якка шахслар дини эмас. Ижтимоият дини деганимизнинг маъноси шуки, бир одам кўпчилик учун жавоб беради, кўпчилик бир одам учун жавоб беради. Шунинг учун бизда амри маъруф ва наҳйи мункар фарз қилинган. Ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб кетаверса, ҳар бир ёмоннинг касофати фақат ўзига урса майли эди. Лекин ҳаётий воқелик бундай эмас. Ёмонлар касрига бало келса, уларга қўшиб яхшиларга ҳам келади. Юртга келган тўй дегандек, бало келса ёппасига келади. Бир қарашда бу иш адолатсизликдек туюлиши мумкин, чунки ёмонларга келган офат яхшиларни ҳам ҳалок қилади. Лекин чуқурроқ тафаккур қилиб кўрилса, бу иш айни адолат экани маълум бўлади. Бир жамиятда Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган ёмон иллат кўпайса, шу юртнинг аҳли илмлари, уламою фузалолари халқни бундан қайтариши, тўғри йўлни кўрсатиши фарз эди. Мана шу фарзга эътиборсиз бўлинса, фарзи кифояни ҳеч ким адо этмаса, бунинг жазоси ўлароқ ўша юртга бало-офатлар келади. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Силаи раҳм қилмаган одам жаннатга кирмайди». Бундан ортиқ ваъиднинг ҳожати ҳам йўқ. Силаи раҳмни узган одам жаннатга кирмас экан.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус билим юрти
Х. Усмонова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*