Бағрикенглик маданиятнинг таркибий қисми

Маданият – инсоннинг ташқи оламини белгилаб берувчи тушунчадир. Масалан, сўзлашиш маданияти ўзгалар билан гаплашганда овозни кўтармаслик, суҳбатдошининг сўзини бўлмаслик каби қоидаларга амал қилишни билдирса, кийиниш маданияти одамлардан ўта фарқланишдан холи озода ва урфга мос либос танлашни англатади. Овқатланиш маданияти эса таомни имкон даражасида ўнг қўл билан тановул қилиш, овқатни шошмасдан ейиш, уни чайнаганда иложи борича ортиқча овоз чиқармаслик, умуман, атрофдагиларнинг ғашига тегадиган хатти-ҳаракатлардан сақланишни ўзида ифода этади.

Маданият – инсон фаолияти давомида амал қилиши зарур бўлган, у яшаётган жамият аъзолари томонидан қабул қилинган одоб қоидаларидир. Мазкур одоб қоидаларига ҳамиша риоя қилган кишини биз маданиятли инсон деймиз. Ота-онага нисбатан одоб, устозга нисбатан одоб, синфдошларга нисбатан одоб, таниган ва танимаган инсонларга нисбатан одоб. Сиз ўзингиз танийдиган шахслар билан муомалада қандай одобларга риоя қилиш ҳақида яхши биласиз. Оилангиз, маҳаллангиз ва мактабингизда одоб-ахлоқ қоидалари билан яхши танишсиз. Аммо Сиз танийдиган ва танимайдиган кишилар орасидаги ўзга дин ва эътиқод вакиллари билан мулоқотга киришганингизда қандай одобларга риоя қилишни биласизми?
Диний бағрикенглик. Дунёда мавжуд 7,5 миллиард одамнинг ҳар бири ўз диний ва эътиқодий дунёқарашига эга. Дунё аҳолисини инсоният деб аталмиш ягона тушунча бирлаштиради.

Барча одамзотнинг илк отаси Одам Ато ва дастлабки онаси Момо Ҳавонинг фарзандларидир.
Диний бағрикенглик – бирор кишига нисбатан унинг дини ва эътиқодига қараб эмас, балки унинг аввало инсон эканлигини эътиборга олган тарзда муомала қилишни англатади.
Диний бағрикенглик – ҳар бир инсон ўз динига эътиқод қилишга ҳаққи борлигини тан олишдир.
Диний бағрикенглик – ўзга дин ва эътиқод вакилларига нисбатан ҳурматда бўлишдир.
Диний бағрикенглик – ўзи учун бегона бўлган дунёқараш вакилларига нисбатан хавотир ва нафрат билан эмас, балки хотиржамлик ва самимият билан муносабат кўрсатишдир.
Диний бағрикенглик маданияти. Диний бағрикенглик маданияти – ўзга дин ва эътиқод вакиллари билан умуминсоний қадриятларга амал қилган ҳолда самимий мулоқот қилишни ифодаловчи хатти-ҳаракатлар йиғиндисидир. Диний бағрикенглик маданияти – турли дин ва эътиқод вакиллари ўртасида ҳамжиҳатлик ва ижтимоий ҳамкорликни таъминловчи меъёрлар мажмуасидир. У ўзга дин ва эътиқод вакили билан турли ҳолатларда: сўзлашганда, суҳбатлашганда, қўни-қўшничилик, касбдошлик каби муносабатлардаги ахлоқ-одоб қоидаларини белгилаб беради.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*