Риёнинг ҳаромлиги ҳақида

«Эй мўминлар, молини одамларга кўрсатиш учун берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, берган садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!» (Бақара сураси, 264-оят);

Ушбу ояти каримада садақадан кейин миннат қилиб, озор бериб, қилган яхшилигининг савобидан бебаҳра қолишлик ажойиб бадиий васф билан тасвирланяпти. Бу билан мусулмонлар ҳиссида бу ишнинг нақадар ёмон иш эканлигини жонли тасвир қилинмоқда. Оятнинг аввалида садақани миннат ва озор бериш билан ботил қилмасликка амр бўляпти. Кейин эса, агар шундай қилинса, риё учун садақа қилганга ўхшаб қолишининг баёни келяпти:

«Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан молини Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, кишиларга риё учун нафақа қилганга ўхшаб бекорга кетказманг».

Демак, ортидан миннат ва озор келадиган садақа, Аллоҳга ва охират кунига иймон туфайли эмас, балки риёкорлик учун садақа қилганга ўхшар экан. Ўз навбатида:

«У мисоли бир устини тупроқ босган силлиқ тошга ўхшайди. Бас, кучли ёмғир ёғса, силлиқ бўлиб қоладир».

Асли чатоқ бўлганидан, қилган яхши амали ўзига юқмайди. Риё учун қилган садақаси силлиқ, бетаъсир, қаттиқ тошнинг устига тўпланиб қолган озгина тупроққа ўхшайди. Ёмғир ёғса, ундан наф олиб, ўсимлик ўстиришнинг ўрнига, ювилиб оқиб кетади ва силлиқ, қаттиқ тош очилиб қолади. Бу тарз садақа қилувчилар:

«Касб қилганларидан ҳеч нарсага қодир бўлмаслар».

Яъни, ҳеч қандай савоб олмайдилар.

«Ва Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоятга бошламас».

Энди бу васфнинг қарама-қаршиси–иймонли кишилар садақасининг васфи келади:

«(У мунофиқлар) қачон намозга турсалар, дангасалик билан одамлар кўрсин, деб турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар» (Нисо сураси, 142-оят), деб айтган.

Ушбу васфлардан мунофиқликнинг нақадар пасткашлик, жоҳиллик ва ёмонлик эканлигини тушуниб олса бўлади. Улар сиртдан ўзларини мусулмон қилиб кўрсатиш билан, қалбларидаги куфрни беркитиб, ҳеч ким билмайди, деб эътиқод қиладилар. Улар ўзларининг аввалги оятдагига ўхшаш тасарруфлари ила, одамларни алдадик, дея хурсанд бўладилар. Уларнинг одамлар орасида кўрсатаётган бундай ўйинлари Аллоҳга муносабатларида ҳам айни шаклдадир.

«Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўлурлар».

Лекин жоҳилликлари туфайли, Аллоҳни алдаб бўлмаслигини унутадилар. Улар ақлсизликлари туфайли, Аллоҳ нафақат уларнинг ишларидан, балки қалбларидаги сирларидан ҳам хабардор бўлиб туришини билмайдилар. Ўша жоҳиллик, ақлсизлик ва асосан қалбларидаги мараз туфайли ҳар бир гап-сўз ва ишларида Аллоҳни алдамоқчи бўладилар.

«Ҳолбуки, Аллоҳ уларни алдовчидир».

Уламоларимиз Аллоҳга «алдовчи» сифатини нисбат бериб бўлмайди, деб таъкидлаганлар. Бу ибора мажоз маъносида ишлатилади. Аллоҳнинг «алдаши» мунофиқларни улар қанчалик нифоқ, гуноҳ ва гумроҳлик қилсалар ҳам, тек қўйиб қўйишидадир. Улар Аллоҳни алдаяпмиз, деб гуноҳларида давом этган чоқларида ҳам жазо юбормасдан, ишларига ривож бериб қўяди. Чунки, кўпинча инсон ўзига бу дунёда етадиган қийинчиликлар, мусибатлар ва ҳодисалардан ҳам хулоса чиқариб, тўғри йўлга тушиб олиши мумкин. Аллоҳ таоло мунофиқларга ушбу эслатма бўлувчи омилларни ҳам раво кўрмайди. Оқибатда улар Аллоҳни алдамоқчи бўлиб, ўзларини алдайдилар.

Мунофиқларнинг энг катта аломатларидан яна бири ояти кариманинг кейинги жумласида келади:

«Агар намозга турсалар, дангасалик билан, хўжакўрсинга турурлар ва Аллоҳни камдан кам зикр қилурлар».

Қуруқ гап бўлса, мунофиқларга тенг келиш қийин, улар иймон ва Исломни даъво қилиб, ҳаммаёқни гапга тўлдириб ташлайдилар. Чунки гапириш осон. Аммо гапнинг рост ёки ёлғонлигини тасдиқловчи нарсага–амалга келганда чувилари чиқади. Дарҳақиқат, амалга қараб инсонларнинг ҳақиқий қиёфаси намоён бўлади. Баҳо ҳам амалга қараб қўйилади. Охиратдаги жазо ёки мукофот ҳам амалга қараб белгиланади. Оқни оққа, қорани қорага ажратувчи ана шундай ишлардан бири намоздир. Намоз Ислом динининг устунидир. Ким уни барпо қилса, динни ҳам барпо қилади. Ким намозни барпо қилмаса, динни ҳам барпо қилмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида «Биз билан биздан бошқаларнинг орасидаги фарқ- намоздир», деганлар.

Аммо юқоридаги жумладан намоз билан намознинг орасида ҳам фарқ борлигини билиб олмоқдамиз. Мунофиқ одам намозга дангасалик билан туради. Ижирғаниб, ночорлик ила намоз ўқишга ўтади. Бу унинг иймони йўқлиги, иймон ҳақидаги гаплари юзаки эканининг аломатидир. Агар иймони ҳақиқий бўлганида, намозга шавқу завқ билан турган бўлар эди. Чунки намоз мўмин киши учун меърождир. Унинг Роббига муножотидир. Намоз пайтида у ўз Парвардигори билан юзма-юз туради. Агар дуо қилса, қабул бўлади. Гуноҳи бўлса, афв этилади. Бундай улкан мақомга фақат мунофиқгина дангасалик билан туради. Ўзига қолса, турмас ҳам эди-ку, аммо у «хўжакўрсинга» туради. Одамлардан уялганидан туради. Шунинг учун ҳам одамлар кам турадиган бомдод ва хуфтон намозларига ушбу оятлар тушган даврдаги мунофиқлар кам чиқар эканлар. Ҳозирги мунофиқлар эса, умуман ўқимай қўяверадилар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Мунофиқлар учун энг оғир намоз хуфтон намози билан бомдод намозидир. Агар бу икки намозда нима фазл борлигини билганларида, эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар. Бир одамга амр қилиб намозга одамларни тўплаб, иккинчисига уларга имом бўлиб намоз ўқиб туришни буюрсам-да, кейин баъзи одамлар билан ўтин олиб чиқиб, намозга ҳозир бўлмаганларнинг уйларига ўт қўйиб юборсам», деганлар.

Ҳофиз Абу Яъло Абдуллоҳдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким одамлар кўриб турганда намозни яхшилаб ўқиб, холи қолганда ёмон ўқиса, бу ҳол ўз Роббини ерга урганидир», деганлар. Мунофиқлар намозни дангасаларча ва хўжакўрсинга ўқишлари билан бирга, унда Аллоҳни камдан-кам эслайдилар. Яъни, улар намозларида ихлос, хушуъ ва хузуъ қилмайдилар. Нима деяётганларини англамайдилар. Кўнгиллари ҳар ёқда бўлиб ўқийдилар.

Имом Молик ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Мана бу мунофиқнинг намози, мана бу мунофиқнинг намози, мана бу мунофиқнинг намози–қуёшга қараб ўтиради-да, у шайтоннинг икки шоҳи орасига кирганда, тўрт марта қуш ерни чўқигандек сажда қилиб олади. Унда Аллоҳни камдан-кам зикр қилади», деганлар. Бу ҳадиси шарифда аср намози ҳақида сўз кетмоқда. Маълумки, қуёш ботиш пайтида шайтоннинг икки шоҳи орасидан ботади, деган ҳадислар бор. Демак, ушбу ҳадисда зикри келган шахс намозни вақтида ўқимай, дангасалик қилиб ўтиради. Сўнгра қуёш ботаётган пайтда шошилиб, тез-тез, йиқилиб-туриб олади.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Мен ҳаммадан кўра шерикдан беҳожатман. Ким бир амални бажариб, унга Мендан бошқани шерик қилса, Мен унинг ўзини ҳам, шерик қилган (амалини) ҳам тарк қиламан», деди». Имом Муслим ривояти.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.)  «қиёмат куни биринчи ҳукм қилинадиган шахс Аллоҳ йўлида шаҳид бўлган кишидир. У кишини олиб келиб Аллоҳ берган неъматларини танитади. Бу киши у нарсаларни танийди. Кейин унга: «Дунё ҳаётида нима қилдинг?» деса, у киши: «Сенинг йўлингда жанг қилиб, ҳаттоки шаҳид бўлдим», дейди. Шунда Аллоҳ таоло: «Ёлғон сўзладинг. Лекин сен одамлар жасур, довюрак, дейишлари учун жанг қилдинг. Ҳақиқатда дунё ҳаётида шундай ҳам деб аталдинг», дейди. Сўнгра уни юзи билан судраб олиб келишга буюрилиб, ҳаттоки дўзахга улоқтирилади.

Ундан кейин бир киши ҳукм қилинадики, у киши дунё ҳаётида илм ўрганиб, бошқаларга ҳам ўргатиб, қуръон ўқирди. Бу киши ҳам Аллоҳ ҳузурига олиб келинади. Аллоҳ бу кишига ҳам берган неъматларини танитади. У киши ҳам у неъматларни танийди. Аллоҳ таоло: «Дунё ҳаётида нима қилдинг?» деса, у киши: «Илм ўрганиб, уни бошқаларга ҳам ўргатиб, Сенинг йўлингда қуръон ўқидим», дейди. Шунда Аллоҳ таоло: «Ёлғон гапирдинг. Лекин сен одамлар олим, дейишлари учун таълим олиб ва қори, дейишлари учун қуръон ўқидинг. Ҳақиқатда ҳам дунё ҳаётида бу номларга эга бўлдинг», дейди. Кейин уни юзи билан судраб олиб келишга буюриб, ҳаттоки дўзахга улоқтирилади. Бундан кейин бир киши ҳукм қилинадики, уни Аллоҳ таоло дунё ҳаётида кенг-мўл қилиб, турли мол-дунё ато қилган эди. Бу киши ҳам Аллоҳ ҳузурига олиб келинади. Аллоҳ бу кишига ҳам берган неъматларини танитади. У киши у неъматларни танийди. Аллоҳ таоло: «Дунё ҳаётида нима қилдинг?» деса, у киши: «Инфоқ қилинадиган бирорта йўлингни қолдирмасдан барчасида маблағларни инфоқ-эҳсон қилдим», дейди. Шунда Аллоҳ таоло: «Ёлғон сўзладинг. Лекин сен буларни одамлар сахий, ҳотамтой, дейишлари   учун   бажардинг.   Ҳақиқатда   ҳам   дунё   ҳаётида   бу номларга эга бўлдинг», дейди. Кейин уни юзи билан судраб олиб келишга буюрилиб, ҳаттоки дўзахга улоқтирилади», дедилар.

Имом Муслим ривояти.

Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Одамлар бу зотнинг ҳузурларига келиб: «Бизлар бошлиқларимиз ҳузурига кирамиз. Агар у ердан чиқсак, айтган нарсамизнинг хилофини гапирамиз. Яъни, олдиларида мақтаб, чиққанда ёмонлаймиз», дейишганида, Абдуллоҳ ибн Умар: «Биз бунақа ишларни Расулуллоҳ (с.а.в.) замонларида мунофиқлик, деб ҳисоблар эдик», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

Жундуб ибн Абдуллоҳ ибн Суфёндан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) «Ким бирор (яхши) амални одамлар эшитиши ва кўриши учун бажарса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни шарманда қилади. Ким бирор (яхши) амални одамлар назарида мўътабар бўлишини ният қилиб кўрсатса, Аллоҳ таоло қиёмат куни бутун халойиқ ҳузурида ичида беркитган нарсасини очиб расво қилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.[1]

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.)   «Ким Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмлардан бирини озгина дунё матосига эришиш учун ўрганса, қиёмат кунида жаннат ҳидини ҳидламайди», дедилар. Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилганлар.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар  ўрта

махсус ислом билим юрти матбуот хизмати

 

[1] Имом Нававий. Анвар Аҳмад. Риёзус-солиҳийн.-Т, Мовароуннаҳр.2004.-Б.2-3

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*