ФАТҲ СУРАСИ

Бу сураи карима Ҳижратнинг олтинчи йили Пайғамбар алайҳиссалом Ҳудайбия сулҳидан қайтиб келаётган пайтлари Маккаи Мукаррама билан Мадинаи Мунаввара орасидаги йўлда, кечаси нозил бўлган. Ушбу муборак сура бевосита Ҳудайбия сулҳига бағишланган.

«Эй Аллоҳнинг Расули, бу фатҳми?» деб сўради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом:
«Ҳа, менинг нафсим қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, бу фатҳдир» дедилар.

Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларимиз ривоят қилган ҳадислардан бирида Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтдилар:
«Сафарлардан бирида Пайғамбар алайҳиссаломдан бир нарсани уч марта сўрадим, у киши жавоб бермадилар, шунда мен ўзимча, онанг ўлсин Умар, сурбетлик қилдинг, бир нарсани Расулуллоҳдан уч марта сўрадинг, сенга жавоб бермадилар, дедим-да, уловимни миниб ниқтаб илгари юриб кетдим. Менинг ҳаққимда оят тушиб қолмасайди, деб қўрқиб борар эдим. Бирдан бир киши:

«Эй Умар « деб чақириб қолди. Худди мен ҳаққимда бирор оят нозил бўлганга ўхшайди деб орқамга қайтдим. Борсам, Расули акрам саллолоҳу алайҳи васаллам:
«Бугун менга бир сура тушдики, у мен учун дунё ва ундаги барча нарсалардан кўра суюклироқдир», деб «Инна фатаҳна лака фатҳан мубийнан» ни ўқиб берди.

Бундан аввал келган «Муҳаммад» сураси тушгандан уч йил муддат ўтиб «Фатҳ» сураси нозил бўлди. Икки сурани бирин-кетин ўқиб, орадаги фарқ қанчалик эканлигини билиб олса бўлади.

«Фатҳ» сураси маданий суралардан бўлгани учун бошқа маданий суралар каби шариат ҳукмлари, мунофиқлар ва бошқа ўзига хос мавзуларни ўз ичига олган. Сурада Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш, Аллоҳнинг ёрдами доимо Пайғамбарларга бўлиши, мунофиқларнинг иккиюзламачилиги, ҳоинлиги, мўминларнинг яхши сифатлари зикр қилинади.

Авваллари мушриклар Пайғамбаримизга ва мусулмонларга қарши муросасиз, шафқатсиз уруш олиб борар эдилар. Аммо Ҳудайбия сулҳидан сўнг улар Ислом давлатини сўзсиз тан олдилар. Мусулмонлар эркинлик билан хоҳлаган тарафларига бориб, кишиларни ўз динларига даъват қилиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Аллоҳ таоло Ҳудайбия сулҳини «Фатҳ» деб ҳисоблади. Ҳақиқатдан ҳам у улкан фатҳ эди. Бу сурада Аллоҳ таоло Ўзининг маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг икки дунёда кўзларини қувончга тўлдирадиган нарсани берди. Аввали, охири ва қилган-қилмаган барча гуноҳларини кечирганини эълон қилди.

Ғалаба, нусратнинг ҳақиқийси Аллоҳ томонидан бўлди. Бу сурада Аллоҳ мўминларнинг қалбларига тинчликни солиб қўйганининг хабарини берди. Шу билан бирга, уларнинг ҳеч нарсасидан қўрқмасдан Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишга чақирди.
Кофирлар билан мўминлар орасида музабзаб бўлиб яшовчи мунофиқлар, агар мўминларга нусрат ёр бўлса, сизлар билан бирга эдик, дейишлари, кофирлар ғолиб келишса, аслида сиз билан эдик, мусулмонларни йўлини тўсишда бизнинг ҳам ҳиссамиз бор дейишлари ҳам шу сурада келтирилган.

Мунофиқлар аслида қўрқоқ шахслар бўлиб, хар нарсадан чўчийверадилар. Улар Пайғамбар алайҳиссалом билан Маккага боришдан ҳам бош тортишди. Уларнинг ҳаммаси қирилиб кетади, деб гап тарқатишди. Аллоҳ уларнинг гумонларини ўзларига қайтарди. Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалар Мадинага фатҳга эришган ҳолларида Аллоҳнинг нусрати ила музаффар бўлиб қайтдилар. Шунда мунофиқлар бормаганликларига афсус надомат эълон қилшган эди, Аллоҳ уларга яна бошқа урушга қатнашишни имкони борлигини билдириб, «Фатҳ» сурасида оятлар туширди.

Мўминлар Аллоҳга берган аҳду паймонларига содиқ қолишган эди, агар Аллоҳ таоло уларнинг бу садоқатларини муносиб тақдирлади. Расули акрам алайҳиссалом билан Ҳудайбияга бирминг тўртюз киши фақат қинга солинган қилич билан чиқишди. Лекин вақти келиб, душман ҳавф солиб, уруш эҳтимоли кучайганида, жангга отланишга даъват қилинганида, ҳаммалари, бегона юртда, ноқулай ҳолатда, қуроллари кам бўлишига қарамай, Аллоҳ йўлида жон фидо қилишга тайёр эканликларини билдириб, Расулуллоҳ алайҳиссаломга байъат қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло уларни ёмонликдан сақлаб олди, Ўзининг улардан розилигини эълон қилди ҳамда мусулмонларга ғалабани ёр қилди.

Бу сурада Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларига қанчалик лутф этиши қайта-қайта намоён бўлади. Маккаи Мукаррамага ибодатга-умрани адо этишга келган Расули акрам алайҳиссалом ва саҳобаи киромларнинг йўлини мушриклар тўсдилар. Ҳолбуки, Каъба Аллоҳники, ўшангача ҳеч кимнинг йўли тўсилмаган эди. Макка мушриклари Байтуллоҳнинг зиёратига иҳром кийиб келган соф ниятли кишиларни йўлини тўсдилар. Агар Макканинг ичида заиф ҳол кишилар бўлмаганида, Аллоҳ таоло мусулмонларга мушриклар билан урушга рухсат берар эди ва саркаш Макка мушрикларини уларни қўли билан азоблар эди. Аммо ҳалиги заиф ҳол кишиларга раҳми келиб, бунга изн бермаганини ҳам Аллоҳ эслатиб ўтади. Пайғамбарнинг тушлари-ваҳий. Муҳаммад алайҳиссалом тушларида Маккаи мукррамага умра қилиб борганларини кўриб, саҳобаларни умрага чорладилар, барчалари умрага отландилар. Туш ўнгидан келиб, келаси йили ҳаммалари умра қилишлари ҳам баён қилинади. «Фатҳ» сурасида улуғ инсонлар, саҳобаи киромларнинг сифатлари келтирилади. Улар ўзаро бир-бирларига жуда раҳмдил, душманларга нисбатан эса, шиддатлидирлар, улардан қўрқмайдилар. Саҳобаларнинг сифатлари Тавротда ҳам келган, қилган ибодатларини таъсирини юзларидан ҳам билиб олса бўлади. Уларнинг сифатлари бузилмаган Инжилда ҳам келтирилганлиги зикр этилади.

Суранинг охирида Аллоҳ таоло иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларга мағфират ва улкан ажру савобларни ваъда қилади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*