Яхшилик қилиш дунёда мисли йўқ таълимотдир

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят: Набий алайҳиссалом шундай марҳамат қилдилар: “Ўзи тўйиб, ёнидаги қўшниси оч бўлган одам (комил) мўмин эмас!”. Ҳадиснинг бошқа ривоятида:“Кечаси ўзи тўқ ҳолда уйқуга ётиб, қўшниси оч қорин билан тунни ўтказган киши (комил) имон келтирмабди”, дейилади (Муслим ривояти).

Оятда тавҳидга амр этилганидан сўнг, бир неча тоифа кишиларга яхшилик қилишга буюриляпти.

«Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар».

Биринчиси–ота-оналардир. Исломда ота-оналарга яхшилик қилиш катта иш, эътиборга молик амал эканлиги ҳаммага маълум. Ҳар бир инсоннинг дунёга келишига сабаб бўлган бу улуғ зотларнинг ўз фарзандларидаги ҳақлари, фарзандларнинг ота-она олдидаги бурчлари ҳақида Қуръони Каримда ва Пайғамбаримизнинг ҳадисларида келган таълимотлардек олий мақом таълимотлар инсоният тарихида ҳеч бир дин, тузум ёки фалсафада кўрилмаган! Дунёда мусулмонларчалик ота-онасини ҳурмат қиладиган халқ-миллат ҳам бўлмаган! Ушбу оятда ҳам Аллоҳ таоло мусулмонларга Ўзининг тавҳидидан сўнг бевосита ота-онага яхшилик қилишга буюрмоқда.

Иккинчиси–қариндошлар. Одатда, қариндошлар ота-онанинг яқин кишилари бўладилар, яхшилик қилинишини лозим бўлганлар қаторида бевосита ота-онадан сўнг келишлари шундан. Албатта, қариндошларга яхшилик қилишга ёлғиз ушбу оятгина амр этмаган. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ўша ҳадиси шарифлардан бирини келтирсак, Имом Насаий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Мискинга берилган садақа садақадир. Қариндошга берилган садақа эса, ҳам садақа, ҳам силаи раҳмдир», деганлар.

Учинчиси–етимлар. Ҳар бир жамиятда етимлар мавжуд ва улар алоҳида эътиборни талаб этадилар. Чунки улар боқувчиларини ва тарбиячиларини йўқотган, кичик ёшдаги ёрдамга муҳтож инсонлардир. Аллоҳ таоло ҳам уларга яхшилик қилиш, меҳр-шафқат кўрсатишга амр этиб, Ўзининг етимпарварлигини кўрсатмоқда. Шунингдек, бошқа кўпгина оятларда, жумладан, ушбу Нисо сурасининг аввалидаги оятларда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қилинган. Етимпарварликнинг афзаллиги ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ҳам келган.

Тўртинчиси–мискинлар. Жамият иқтисодий жиҳатдан бир текис эмас. Унда турли сабабларга кўра ноқулай ҳолга тушиб қолган кишилар ҳам бўлиши табиий ҳол. Ҳар қайси жамият мискинлик ҳолига тушиб қолган ўша аъзоларига турлича муносабатда бўлади. Ислом жамиятида мискинларга яхшилик қилишни, уларнинг ноқулай иқтисодий ҳолатдан чиқиб олишларига ёрдам беришни бой, ўзига тўқ аъзоларига вазифа қилиб юклатилган. Бу ҳақда ҳам кўплаб оят ва ҳадислар келган, уларни ўз ўрнида ўрганамиз, иншааллоҳ.

Бешинчиси–яқин қўшни.
Олтинчиси–ён қўшни.

Тафсирчи уламоларимиз ояти каримада зикр қилинган «яқин қўшни»ни қариндош қўшни, яъни, яқинлиги бор қўшни, деб; «ён қўшни» эса, оддий, яқинлиги йўқ қўшни, деб тушунтирганлар. Қўшнига яхшилик қилиш ҳақидаги исломий таълимотлар ҳам дунёда мисли йўқ таълимотдир. Кези келганда, шу жойда бир неча ҳадиси шарифларни зикр этайлик.
Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Умаррозияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Жиброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия берардики, уни меросга ҳам шерик эмасмикин, деб ўйлаб қолдим», дейдилар.

Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссрозияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Аллоҳнинг ҳузурида дўстларнинг яхшиси ўз дўстига яхшилик қилганидир. Аллоҳнинг ҳузурида қўшниларнинг яхшиси ўз қўшнисига яхшилик қилганидир», деганлар. Абу Бакр ал-Баззор Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом қуйидагиларни айтадилар: «Қўшнилар уч хил бўладилар. Битта ҳаққи бор қўшни. У ҳаққи энг оз қўшнидир. Иккита ҳаққи бор қўшни. Учта ҳаққи бор қўшни. Буниси энг кўп ҳаққи бор қўшнидир. Энди, битта ҳаққи бор қўшнига келсак, у мушрик қўшнидир. Унинг қўшнилик ҳаққи бор, холос. Иккита ҳаққи бор қўшни эса, мусулмон қўшнидир. Унинг ҳам мусулмонлик ҳаққи, ҳам қўшнилик ҳаққи бор. Учта ҳаққи бор қўшни эса, мусулмон, қариндош қўшнидир. Унинг мусулмонлик, қариндошлик ва қўшнилик ҳақлар бордир».

Маълумки, қўшниларга яхшилик қилиш жамиятдаги инсоний алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятни кучли-қудратли қилишга хизмат этади.
Еттинчиси–ёнбошдаги соҳиблар. Тафсирчиларимизнинг кўплари, «ёнбошдаги соҳиблар»дан мурод сафардаги ҳамроҳ ва ишдаги шерикдир, деганлар. Демак, мусулмон инсон ўзининг ҳамроҳи ва бир ишдаги касбдоши билан ҳам яхши муносабатда бўлиши, унга қўлидан келган яхшилигини–хайру эҳсонини қилиши лозим.
Саккизинчиси–кўчада қолганлар. Буларни арабчада ибн Сабийл–кўча ўғли, дейилади. Булар кўпроқ ватандан айрилиб, сўнгра оғир иқтисодий ҳолатга тушиб қолган кишилар бўладилар. Исломда бу тоифа кишиларга ҳам яхшилик қилиш буюрилган. Ҳатто закотга ҳақдор саккиз тоифадан биттаси худди шу кўчада қолганлардир. Агар уларнинг ўз ватанларида молу пуллари кўп бўлса ҳам, воқеъликни ҳисобга олиб, уларнинг оғир ҳолда турганликлари эътиборидан закот берилаверади. Бу оятда закотдан ташқари ҳам уларга яхшилик қилиш мусулмонларнинг бурчи эканлиги таъкидланмоқда.

Тўққизинчиси–«Қўлингизда мулк бўлганлар», яъни, қуллар.
Қулларга Ислом таълимоти қанчалик яхшилик қилгани ҳақида кўп гапириб ўтилди. Бу ерда ҳам юқорида зикр этилган бошқа тоифалар қаторида уларга яхшилик қилиш яна бир бор эслатилмоқда. Қулга қилинадиган энг катта яхшилик уни озод этишдир. Ёки унинг озод бўлишига ёрдам беришдир. Қўлида қули бор одамлар ҳам уларга яхши муносабатда бўлишлари шарт. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Таоми, кийими ва қудрати етмайдиган ишга буюрмаслик, қулларнинг ҳаққидир», деганлар. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алаҳиссалом: «Улар биродарларингиздир. Қулларингиздир. Аллоҳ уларни қўл остингизга берган. Кимнинг биродари қўл остида бўлса, ўзи еган таомдан егизсин, ўзи кийган кийимдан кийгизсин. Уларни қийин ишга буюрманг. Агар қийин ишга буюрсангиз, ўзингиз ёрдам беринг», деганлар.

Мазкур тўққиз тоифага яхшилик қилган одам оиласи ва жамиятидаги яхшиликка муҳтож ҳамма тоифалара эҳсон қилган бўлади. Бу эса, ҳам оилани, ҳам жамиятни мустаҳкамлайди. Жамият аъзолари орасидаги ўзаро алоқаларни яхшилайди. Яхшиликка ҳар бир оила, ҳар бир жамият доимо муҳтождир. Уларга яхшилик қилувчилар Аллоҳнинг амрига бўйинсунган мўмин-мусулмон, камтар кишилардир. Уларга яхшилик қилмаганлар эса, мутакаббир, сохта ғурур эгаларидир. Бундайларни Аллоҳ таоло хуш кўрмайди:

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*