Илм олишнинг фазли

Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир муслим учун фарздир», деганлар.
Нима учун?
Чунки иймон келтириш учун ҳам илм керак.
Мусулмон бўлиш учун ҳам илм керак.
Ният қилиш учун ҳам илм керак.
Ихлос қилиш учун ҳам илм керак.
Ибодат қилиш учун ҳам илм керак.
Аллоҳнинг розилигини топиш учун ҳам албатта, илм керак. Қолаверса, дўзахдан қутулиб, жаннати бўлиш учун ҳам илм керак. Худди оила қуриш учун ҳам илм керак бўлгани каби бу дунё саодатини топиш учун ҳам илм керак, охират саодатини топиш учун ҳам илм керак. Шундай экан, илм дегани нима ўзи? Унинг қанчаси фарзи айн-у, қанчаси фарзи кифоя?
Илмнинг фазли нимадан иборат?
Илм талаб қилиш учун нималар лозим?
Илмни боболаримиз қандоқ талаб қилганлар ва нималарга эришганлар?
Илм йўлида биз нималар қилишимиз керак?
«Илм» сўзи луғатда бир нарсани воқеъликдагидек идрок этишни билдиради. Шаръий истилоҳда эса, маънавий ишларда нарсаларни тескариси йўқ даражада аниқ билиш сифатига «илм» дейилади.
Ислом диничалик илмни улуғлаган дин, тузум ёки фалсафа йўқ. Ҳар бир шахсга илм талаб этишни фарз қилиш фақат Исломда бор, холос. Қуръони каримда илм ва уламолар энг олий мақомга қўйилган. Ҳадиси шарифда ҳам илм, уни талаб қилиш, уламолар ҳақида кўплаб маълумотлар келган. Буларнинг ҳаммасини жамлаб, Исломнинг илмга бўлган муносабати ҳақида тасаввур ва шунга яраша аҳкомлар чиқарилган. Мусулмонлар ўз ҳаётларида Қуръон ва Суннат таълимотларига амал қилиб яшаган пайтларида илм нурини бутун оламга тарқатганлар. Ёшу қари, эркагу аёл бешикдан то қабргача илм талаб қилиш ўзи учун фарз эканини тўла ҳис қилган ҳолда умр бўйи ўзини толиби илм ҳисоблаб яшаган. Ана ўша даврни яхшилаб ўрганган
ғарблик инсофли шарқшунослардн бири Ислом умматини бутунича мадрасага қатнайдиган уммат, деб васф қилган. Бу жуда ҳам тўғри васфдир. Ўша ҳамма бутунича ислом шариати бўйича ҳаёт кечирган вақтда Ислом
нуридан баҳраманд бўлган ҳар бир ўлкада илм-фан, маърифат ва маданият гуллаб-яшнаган. Илмнинг ҳар бир соҳасида оламшумул кашфиётлар қилинган, улкан уламолар етишиб чиққан.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўлтирган эдилар».
Бу ерда илмий суҳбат қуриб, деган қўшимчани зикр қилишнинг ҳожати йўқ. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўлтирган бўлсалар, албатта, илмий суҳбат бўлиши турган гап.
«Бирдан уч киши кириб келди».
Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан илмий суҳбат қуриб ўлтирган масжидга уч киши кириб келди.
«Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди».
Ўша уч кишидан иккитасининг илмга рағбати бор экан, илмий суҳбатдан фойдаланмоқчи бўлиб, илм манбаси бўлмиш зот Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Учинчи кишининг илмга рағбати йўқ экан,
илмий суҳбат бўлаётганини кўриб, ортга қайтди.
«Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб тўхтадилар. Улардан бири ҳалқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса, ортга
бурилиб чиқиб кетди».
Яъни, ҳалиги уч кишидан илмга қизиққан иккитаси бориб, Расулуллоҳнинг тепаларига тўхтади. Илмий суҳбатга қулоқ осишга жой ахтарди. Улардан бири илмий суҳбат учун ҳалқа қуриб ўтирган саҳобалар орасидан бўш жойни топиб ўтирди.Иккинчиси унчалик илмга ўч эмас экан,
ҳалқадагиларнинг орқасига келиб жойлашди. Учинчи илмга умуман қизиқмайдиган одам эса, бурилиб масжиддан чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса илмий суҳбатни давом эттиравердилар.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин».
Яъни, илмий суҳбатни тугатганларидан сўнг: «Сизларга ҳалиги уч нафарнинг хабарини берайми?» дедилар.
Яъни, илмий суҳбат бўлиб турганда масжидга кириб, ўзларини уч хил тутган кишиларнинг хабарини берайми, дедилар. Ва улар ҳақида хабар беришни бошладилар. «Улардан бири Аллоҳдан бошпана сўради. Аллоҳ
унга бошпана берди». Бу ҳалқадан бўш жой топиб ўтирган одам. Одатда зулмга, тазйиққа учраган, хавф-хатарда қолган одам бошпана сўрайди. Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илм ҳалқасига келиб ўтирган одамни Аллоҳдан бошпана сўради, деб айтишлари
улкан маъно касб этмоқда. Илм ҳалқасига ўлтирган одам жаҳолат, онгсизлик зулмидан, тазйиқидан ва улардан келадиган хавф-хатардан Аллоҳнинг паноҳига қочганини англатмоқда. Бундай бало-офатдан қутулиб қолишнинг
бирдан-бир йўли илм йўли экани, илм орқалигина Аллоҳ таолонинг бошпанасига сазовор бўлиш мумкинлиги маълум бўлмоқда. Илм талаб қилишга бунчалик тарғиб ҳеч қаерда йўқ.
«Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди».
Бу ҳалқанинг орқасига бориб ўтирган одам. У ўзини одамлар орасига уришдан ҳаё қилди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам уни савобсиз қолдиришдан ҳаё қилди. Унга ўзига яраша муомала қилди. «Яна бошқа бири юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди».
Бу илмий мажлисдан юз ўгириб чиқиб кетган одам. Ҳадисда унинг илмдан юз ўгириши Аллоҳдан юз ўгиришга тенглаштирилмоқда. Шунинг учун ҳам ундан Аллоҳ юз ўгиргани баён қилинмоқда.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинаётган фойдалар:
1. Илмий мажлисда ихлос билан иштирок этган одам
Аллоҳ таолонинг бошпанасига сазовор бўлиши.
2. Илмдан қочишдан ҳаё қилган одамни иқоб қилишга
Аллоҳ таолонинг ҳам ҳаё қилиши.
3. Илмдан юз ўгирган одамдан Аллоҳ ҳам юз ўгириши.
Энди ҳадиси шариф ҳикматидан ҳаётимизда қанчалик фойда олаётганимизни ўйлайлик. Бугун илму маърифат қадрлими, молу дунё, мансаб ва шунга ўхшаш ўткинчи нарсалар қадрлими?
Ҳозирги ҳаётимизда илм ҳалқасига ўзини урган қадрлими ёки сўму долларлар «ҳалқа»сига ўзини урган қадрлими? Илмдан юз ўгирган одамни Аллоҳдан юз ўгирган одамдек қоралай оламизми? Бу ва бунга ўхшаш саволларга ушбу ҳадиси шариф руҳида ижобий жавоб беришимиз жуда мушкул. Агар Аллоҳ таоло ҳузуридан бошпана топмоқчи бўлсак, илм ҳалқаларини кўпайтиришимиз, ҳаммамиз ўзимизни уларга уришимиз керак. Чунки илмсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юртининг 3- курс талабаси Имомназарова Заҳро

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*