ҒИЙБАТ КАТТА ГУНОҲ

Ғийбатнинг луғатдаги маъноси бир нарсанинг кўздан тўсилишидир.

Уламо ахди ғийбатни қуйидагича таърифлайдилар: Журжоний: «Ғийбат инсоннинг бор айбларини унинг йўқлигида зикр қилишдир», деган.

Муновий: «Ғойибнинг айбини зикр қилиш», деган.

  هَمَّازٍ مَشَّاءٍ بِنَمِيمٍ

(У) ғийбатчи, гап ташувчи,

Тасаввур қилинг

Яқин кишингиз вафот этди. Ўша киши сизнинг акангиз, укангиз, амакингиз, тоғангиз, қўшнингиз, дўстингиз ёки қариндош бўлмаган диндошингиз. Ҳамма оила аъзолари, танишлари, қўшнилари, қариндошлари йиғлаб турибди. Сиз ҳам устингизга тўнни кийиб олиб, белингизга белбоғни боғлаб олиб, қўлингиздаги рўмолчани юзингизга босиб, хўнг-хўнг йиғлаяпсиз.  Шу ҳолатда ошхонага кириб, пичоқни олдингиз ва ўлик ётган хонага кирдингиз. Қарасангиз, вафот этган биродарингиз юзи ёпиб қўйилган ҳолда ётибди. Ташқарида ҳамма ғассолни кутяпти. Сиз эса, ичингизга яшириб олиб кирган пичоқни аста чиқариб, ўлиб ётган биродарингизнинг билагидан кесиб олиб, ўша парчани еяпсиз.  Ўлиб ётган қадрдонингизнинг билагидан, кейин сонидан, қорнидан, юзидан бирин-кетин кесиб олиб, еб ўтирибсиз. Оғзингизнинг четлари қон. Дўстингизни йўқотганингиз учун маҳзун бўлиб тўккан кўз ёшингизни артган рўмолчангиз билан ўша дўстингизнинг гўштидан теккан қонни артяпсиз. Сиз кимнидир ғийбат қилаётганингизда худди шу ишни амалга ошираётган бўласиз. Сиз тасаввур қилган манзара қанчалик даҳшатли бўлса, диндош биродарингизни ғийбат қилишингиз шунчалик даҳшатлидир.  Ёки ўша диндош биродарингизни ўлиб ётган хонасида бир нечта дўстларингиз ўтириб олиб, қўлларида пичоқ билан ҳали қўлидан, ҳали оёғидан, ҳали юзидан, ҳали қорнидан кесиб-кесиб, еб ўтиришибди. Сиз эса, емаётган бўлсангиз ҳам уларнинг жирканч ишларини томоша қилиб ўтирибсиз. Ғийбат мажлисида ўтирганингизда шундай ҳол юз бераётган бўлади. Дўстларингизга «Ғийбат қилманглар!» деганингизда, «Диндошимнинг гўштини еманглар» деб, қўлларидан пичоқларини олиб қўйган бўласиз.

Аллоҳ таоло:

«Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир», деган (Ҳужурот, 12).

Ҳужурот сурасидаги бу оятда ҳам Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини ғийбатчиликдан қайтармоқда:

«Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар».

Ғийбатнинг ҳаром, гуноҳи кабиралардан эканлигини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар. Бу иш нақадар қабиҳ ва нақадар ёмон эканлиги ояти кариманинг ўзида ҳам ажойиб услуб ила баён қилинмоқда:

«Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими?»

Қуръони Карим бировни ғийбат қилишни ўша шахс ўлганидан кейин гўштини ейиш билан баробар қилмоқда. Маълумки, одамнинг гўштини ейиш мумкин эмас, ўлгандан кейин ейиш эса, асло хаёлга ҳам келтириб бўлмайдиган иш. Шунинг учун юқоридаги «яхши кўрасизми?» деган саволга ҳеч ким, ҳа, деб жавоб бера олмайди. Шу боисдан оятнинг ўзи, «Ҳа, ёмон кўрасизлар!» деб таъкидламоқда. Ўликнинг гўштини тановул қилишни кўнглингиз қандоқ кўтармаса, бировни ғийбат қилишни ҳам шундоқ кўтармасин, демоқда. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадисларидан бирида:

«Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки, уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўша одамнинг

камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнингки, камчилигини қидирса, унинг уйидан шарманда қилган ҳолатда чиқаради», деганлар. Охиратда ҳам ғийбатчилар жазосиз қолмайдилар.

Расули акрам алайҳисоллоту вассалом:

«Мерожга чиққанимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзларию кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен:

«Эй Жаброил, улар ким?» деб сўрадим.

«Булар у дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкканлар», деб жавоб берди», дея кўрганларини ҳикоя қилиб берганлар.

Оятнинг охирида Аллоҳ таоло мўминларнинг барчасини, хусусан, юқорида зикр қилинган гуноҳларни қилганларни Аллохдан қўрқишга даъват қилиб, «Аллоҳдан қўрқинглар», дейди.

Шу билан бирга, аввал билмай гуноҳ содир этилган бўлса, тавба қилиб гуноҳини ювиш мумкинлигини эслатиб, Аллоҳнинг фазликарамидан ноумид бўлмасликка чақиради.

«Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир».

Ҳар қандай гуноҳдан қай тарз тавба қилинса, мазкур гуноҳлардан тавба қилишда ҳам ўшандай ҳолат, яъни, ўтган ишга қаттиқ афсус қилиб, дилидан надомат чекиб, иккинчи бор бу ишни қилмасликка аҳд қилиш ва аҳдига вафо қилиш билан вужудга келади. Аммо ғийбатчининг тавбаси бу билан тугамайди. Уламолар унинг тавбаси тўлиқ бўлиши учун яна бир муҳим шарт қўйишган. У ҳам бўлса, қаерда, қайси мажлисда ғийбат қилган бўлса, ўша ерда, ўша мажлисда ғийбат қилинган киши ҳақида яхши гапларни гапириши керак. Мўмин-мусулмонлар ғийбатдан четланибгина қолмасдан, бошқа ғийбатчиларнинг оғзига уриб, ғийбатга йўл қўймасликка ҳаракат қилишлари матлуб. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Кимки, бир мўминни ғийбатчи мунофиқдан ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг гўштини дўзах ўтидан ҳимоя қилувчи фаришта юборади. Кимки, бир мўминни сўкмоқчи бўлиб, уни ғийбат қилса, Аллоҳ таоло уни гапидан қайтмагунича жаҳаннам кўприги устида ушлаб туради», деганлар.

Кўриб турганимиз оятларда мўминларга нидо қилиниб, улар турли ёмонликлардан сақланишга, юксак инсоний фазилатларга эргашишга даъват этилган бўлсалар, кейинги оятда Аллоҳ таоло бутун инсониятга хитоб қилиб, ҳамманинг асли бир эканини эслатади, барчани мўминликка чорлайди. Улар эришган олий мақомга эришиш лозимлигини уқтиради.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ғийбат нималигини биласизларми?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули аълам», дейишди.

«Биродарингни у ёқтирмайдиган нарса ила зикр қилишинг», дедилар.

«Айтинг-чи, биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи?» дейилди.

«Агар унда сен айтган нарса бўлса, уни ғийбат қилган бўласан. Агар ўша нарса унда бўлмаса, унга бўҳтон қилган бўласан», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Демак, бир одамни орқасидан, ўзи йўқ пайтида, ўша одамга ёқмайдиган гаплар билан эслаш ғийбат бўлади. Ғийбат гуноҳи кабира, катта гуноҳлар қаторига киради. Ғийбатчига тайин қилинган азобларни эшитган одамнинг ҳам вужуди титраб кетади. Бўҳтон эса, бир кишини айблаш учун унинг ўзида йўқ иллатлар билан айблаш экан. Энди бу нарса ғийбатдан неча марта катта гуноҳ эканини тасаввур қилиб олса, бўлади.

 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«София ундоқ-бундоқ», дедим. Яъни, пакана, дедим. Шунда у зот:

«Батаҳқиқ, бир гап айтдингки, агар уни денгиз сувига аралаштирилса, уни бузиб юборар эди», дедилар.

У зотга бир инсонни таҳқирлаб гапирдим. Шунда у зот:

«Бир инсонни таҳқирлаб гапирганим учун менга бунча, бунча дунё берилишини хоҳламайман», дедилар».

Бу ҳадиси шарифда ғийбатчиликнинг ёмонлиги икки хил йўл билан қораланмоқда. Ғийбатчилик шунчалар ёмон нарса эканки, агар уни денгизга аралаштирилса, денгизнинг суви қорайиб кетар ва унинг суви сассиққа айланар экан. Бир одам ҳақида ғийбатдан ўзини сақлаш эса, бу дунёнинг кўпгина бойликларига эга бўлгандан кўра яхшироқ экан Бас, шундоқ экан, бировни зинҳор ғийбат қилмайлик.

 Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менга асҳобларимдан бирортаси бошқа бир киши ҳақида гап етказмасин. Мен сизларнинг ҳузурингизга кўксим саломат ҳолида чиқишни истайман», дедилар».

Иккисини Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

 Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оммавий тарзда, жамоат аъзоларининг барчасига эълон қилиб, ғийбатдан кишиларни умумий тарзда қайтармоқдалар. Бошлиқ одамнинг бундай йўл тутиши, албатта, жамоат ичида катта таъсир кўрсатади. Бу каби эълонни эшитган жамоат аъзолари ичида ҳеч ким ғийбат қилишга ботина олмай қолади.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

  1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғийбатдан наҳйи қилганлари.
  2. Биров бошқани ғийбат қилмаслиги лозимлиги.
  3. Ғийбатчи ҳам, ғийбатни тингловчи ҳам гуноҳкор

бўлиши.

  1. Ғийбат кишиларнинг қалблари саломатлигини бузиши.
  2. Олим ва раҳбар одамлар кишилар ичида уларни бадхулкдикдан қайтарувчи амрларни эълон қилиб турганлари яхшилиги.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Гуноҳи кабираларнинг каттаси бир одамнинг мусулмон кишининг обрўсига ноҳақдан тил тегизишидир. Бир сўкишга икки сўкиш ҳам гуноҳи кабиралардандир», дедилар».

 Мусулмон кишининг обрўсига ноҳақдан тил теккизиш, асосан, ғийбат орқали бўлади. Бу иш гуноҳи кабира эканлигига уламоларимиз иттифоқ қилганлар. Бир сўкишга икки сўкиш билан жавоб бериш ҳам ёмон одат. Шу туфайли жанжал катталашиб кетиши мумкин. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Меърожга олиб чиқилганимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзларию кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим ва: «Эй Жаброил, улар ким?» дедим. «Булар у дунѐда одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкканлар», деди», дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида У зотга ўта муқим нарсалар кўрсатилгани ҳаммага маълум. Ўша ўта муҳим нарсалар ичида ғийбатчиларнинг охиратда қандай тарзда азобланишлари ҳам бор экан.

Уларнинг ўзлари мисдан бўлган тирнокдар билан юзлари-ю кўксиларини тирнаб турар эканлар. Бу дунёда мўмин-мусулмонларни ғийбат қилиб, уларнинг обрўларини тўкишга уринган ғийбатчилар охиратда ўзларининг обрўсини ва унга қўшиб, юзларининг гўштларини ҳам ўзлари тўкиб турар эканлар. Бундан ғийбатчилар қиёматда қаттиқ азобга қолишлари келиб чиқади. Муставрид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир кишини ғийбат қилиб бирор нарса еса, Аллоҳ уни жаҳаннамдан худди ўшанча таомлантиради.

Ким бир кишини ғийбат қилиб бирор нарса кийса, Аллоҳ унга жаҳаннамдан худди ўшанча нарса кийдиради.

Ким бир кишини шуҳрат ва риё учун ғийбат қилса, Аллоҳ уни қиёмат куни шуҳрат ва риё учун шарманда қилади», дедилар».

Учовини Абу Довуд ривоят қилган.

 Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёда ғийбатчи ўз ғийбатчилигидан кўзлайдиган мақсадларни ва унинг охиратда ўша ғийбати турига қараб жазоланишини баён қилмоқдалар.

  1. Ким бир кишини ғийбат қилиб бирор нарса еса, Аллоҳ уни жаҳаннамдан худди ўшанча таомлантиради.

Бу дунёда ғийбатчи ўзининг ғийбатчилик фаолияти ила бирор нарса емоғи мумкин. Аммо бу ҳаром йўл билан топган таоми вақти-соати келиб, унинг бошига етган бало бўлар экан. қиёмат куни Аллоҳ таоло ғийбатчини унга бу дунёда ғийбатчилик билан топиб еган таоми микдоридаги жаҳаннам оловини егизиш билан жазолар экан.

  1. Ким бир кишини ғийбат қилиб бирор нарса кийса, Аллоҳ унга жаҳаннамдан худди ўшанча нарса кийдиради.

Бу дунёда ғийбатчи ўзининг ғийбатчилик фаолияти ила бирор нарса киймоғи мумкин. Аммо бу ҳаром йўл билан топган кийими вақти-соати келиб, унинг бошига етган бало бўлар экан. Қиёмат куни Аллоҳ таоло ғийбатчини унга бу дунёда ғийбатчилик билан топиб кийган кийими миқдоридаги жаҳаннам оловини кийгизиш билан жазолар экан.

  1. Ким бир кишини шуҳрат ва риё учун ғийбат қилса, Аллоҳ уни қиёмат куни шуҳрат ва риё учун шарманда қилади.

Бу дунёда ғийбатчи ўзининг ғийбатчилик фаолияти ила шуҳрат топиши мумкин. Аммо бу ҳаром йўл билан топган шуҳрати вақти-соати келиб, унинг бошига етган бало бўлар экан. Қиёмат куни Аллоҳ таоло ғийбатчини унинг бу дунёда ғийбатчилик билан топган шуҳрати микдорида шарманда қилиш билан жазолар экан.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом билим юртининг 3- курс талабаси Имомназарова Заҳро

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*