Ҳадис умримиз қўриқчиси

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир айтган гаплари ҳар бир қилган ишлари бутун инсоният учун ҳар доим фойда ва ибрат бўлиб келган. Ҳозирги мавзуйимиз ҳам айнан шулардан бири. Ҳозирги кунда олимлар томонидан исботланиб келаётган илмий янгиликларининг аксарини бундан бир минг тўрт юз йил олдин пайғамбаримиз ўз умматларини хабардор қилиб қўйганлар. Олимлар инсоният ҳаётига ҳавф туғдирувчи нарсаларни исботлар эканлар, набийимизнинг бизга қилган кичик қайтариқлари ҳам қанчалик муҳим эканини билиб олмоқдамиз.
Олимларнинг бу мавзудаги илмий қарашларидан қисқача келтириб ўтишимизнинг ўзи пайғамбаримизнинг на қадар ҳақ бўлганликларини исбот қилади. Олимларнинг таъкидлашича, умуртқа поғонаси инсон танасидаги энг оғир суяклар бирлашмасидир.
Инсон қорни билан ётганида умуртқа поғонаси осилади. Унинг остида жойлашган органлар (жумладан ичак, ошқозон, ўпкалар)нинг тўқималари юмшоқ ҳисобланади. Умуртқа уларни босиши натижасида уларнинг эзилиши рўй беради. Бу айниқса ёши катталар учун жуда ҳавфлидир. Бошни ўнг ёки чап тарафга қаратган ҳолда қорин билан ётиш умумий уйқу артериясини ёпиб қўяди. Иккинчи артериянинг оз миқдорда ишлаши ҳаёт фаолиятининг давомийлигини сақлайди. Аммо бунда мияга кислород бориши анча камаяди ва ёши катталарда инсултга сабаб бўлади.
Бундай ҳолатда ётиш жинсий органлар касалликларини чақириши ҳам маълум бўлди. Бундан ташқари қоматнинг букилиб қолишига олимлар айнан қорин билан ётишни сабаб қилиб кўрсатадилар. Испан олимлари қорин билан ётган одамнинг юзида тиришиқларнинг кўпайишини исботлаганлар, бу қорин билан ётишнинг энг кам зарарли тарафи десак адашмаган бўламиз. Хўш қорин билан ётиш болалар учун ҳам ҳавфлими? Бу саволга инглиз олимларнинг 1989- йилда ўтказган тадқиқотларини жавоб сифатида келтиришимиз мумкин. Шу йилларда бир ёшдан уч ёшгача бўлган болаларнинг ўз ётоқларида тўсатдан вафот этиши жуда кўпайган ҳолат бўлиб, олимларнинг эътиборини ўзига қаратган эди. Олимлар бу касалликка “Болаларнинг тўсатдан вафоти синдроми” ёки “Бешик ўлими касаллиги” дея ном берганлар. Кўп изланишлар ва текширувлар ўтказилгач, олинган маълумотлар компютерга киритилган ва солиштирилган. Нима деб ўйлайсиз уларда қандай умумийлик бўлиши мумкин? Ҳа, бу болаларнинг жуда катта қисми айнан қорин билан ухлатилган эди. Кенг қамровли огоҳлантиришлардан кейин 1996- йилда бу синдром билан вафот этувчи болалар сони қарийб 68% камайган. Бу жуда ката ютуқ эди . Лекин бу ютуққа мусулмонлар бундан бир минг тўрт юз йил илгари эришган десак муболаға бўлмайди.
Шу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис келтириб ўтишимиз лозим бўлади.
Ибн Тихфа Ғифорийдан ривоят қилинади:
“Унга отасининг хабар беришича, у (отаси) суффа соҳибларидан бўлган ва қуйидагиларни айтган:
“Туннинг охирида масжидда ухлаб ётган эдим, биров олдимга келди. Мен юзтубан ётган эдим. У мени оёғи билан туртиб:
“Тур бу Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган ётиш”, деди.
Бошимни кўтариб қарасам тепамда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам турган эканлар”. (Одоблар хазинаси 565-боб, 1187-ҳадис)
Ҳадиси шарифни шарҳлар эканмиз, аввало суффа соҳиблари ким эканлигини айтиб ўтайлик. Улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидаги суффада бир муддат яшаган, ўша ерда ибодат, зикр ва илм билан машғул бўлган камбағал, бева-бечора саҳобалар бўлиб, уларнинг қариндош-уруғи ҳам уйи ҳам бўлмаган.
Энг эътиборли жиҳати шуки пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу қайтариқларини ўзларига шунчаки ҳуш келмаганидан эмас балки Аллоҳ таолонинг ғазабини келтиргани учун айтмоқдалар. Бундан келиб чиқади бу Аллоҳ таолонинг қайтариғидир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига ўта меҳрибон Зотдирки, бизнинг ётишимизда ҳам бизга зиён бўлишини хоҳламайди. Шундай экан Ислом уммати Қуръон ва суннат йўлини тутишининг ўзи унинг ҳаёти ҳар тарафлама мукаммал бўлишига кифоя қилади. Агар ҳадисга амал қилсак соғлигимизни, бутун ҳаётимизни муҳофаза қилган бўламиз.
 
 
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртининг 2-курс талабаси
Кенжаева Юлдуз

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*