“Вақф” хайрия жамоат фондининг фаолияти

Бизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди.

Ташкил топганига ҳеч қанча вақт ўтмай мазкур фонд ўзининг самарали фаолиятини бошлаб юборди. Бунинг исботи ўлароқ, “Вақф” хайрия жамоат фондининг “Диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш”га қаратилган вазифасига кўра шу йилнинг 13 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондида “Илм йўлида кўмак берамиз” аксияси доирасида катта маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда, бошқа диний ўқув билим юртлари қаторида Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта-махсус ислом билим юрти талаба қизлари ҳам моддий рағбатлантирилди. Унга кўра, билим юртининг уч нафар талаба қиз – Моҳларой Мамасолиева, Гавҳарой Абдухамитова, Махфуза Алимовалар таълим олиш жараёнида хулқ-атвори, таълим-тарбияси аъло бўлгани учун 3250000 сўм тўлов контракт маблағи билан тақдирландилар.

Қуйидаги олти нафар талаба қиз – Мунаввар Молижонова, Муслима Сайфуллахўжаева, Камола Нажмиддинова, Сора Баходирова, Маҳмуда Ҳакимова, Нодирабегим Джамиловалар эса ўзининг тиришқоқлиги билан Қуръони каримни тамомлагани учун 1800000 сўм мукофот пули билан тақдирландилар. Барча рағбатлантирилган талаба қизларга тақдирлов сертификатлари топширилди.

Талаба қизлар эса бу каби хайрия ишлардан жуда мамнун бўлдилар ва бунданда яхшироқ ўқишга, билим олиб диний соҳа ривожида ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилишларини билдирдилар. Қолган талабалар эса мазкур талабаларга ҳавас қилиб, улар ҳам ану шундай рағбатга эришишга киришдилар.

Маънавий-маърифий ишлари
бўйича мудира ўринбосари
З. Комилжонова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*