Ҳадисга амал қилиш суннатга амал қилиш

«Ҳадис» сўзи луғатда «сўз, хабар, ҳикоя, янги» маъноларини беради. Ҳадис илми истилоҳида эса, «ҳадис» деганда Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.)нинг айтган сўзлари, қилган ишлари, тақрирлари (кўриб қайтармаган ишлари) ёки у кишига берилган сифатларни ўзида мужассам қилган хабар ва ривоятлар тушунилади.

«Ҳадис» ва «сунна» («суннат») сўзлари кўпинча ёнма-ён, баъзан эса бир-бирининг ўрнини алмаштириб келади. «Сунна» сўзининг луғавий маъноси – «одат», «тариқа», «йўл» бўлиб, истилоҳда Пайғамбар (с.а.в.)нинг одатлари, тутган йўли, тақрир (кўриб қайтармаган) ва буюрган ишларига нисбатан ишлатилади. Бошқача қилиб айтганда, бу истилоҳ Пайғамбар турмуш тарзини англатади.

Ҳадисларнинг манбаи бўлган Пайғамбар (с.а.в.) даврларида саҳобалар эшитганларини ёд олиб, бу сўзларни хатга туширмаганлар. Зеро, ўша даврда арабларда катта ҳажмдаги достон ва шеърларни ёд олиб, хотирада сақлаш халқ орасида кенг тарқалган ва кишилар ўзларининг бу қобилиятлари билан фахрланар эдилар. Илк даврда ҳадисларнинг ёзма равишда жамланмаганига яна бир сабаб кўпчилик хат-саводни билмас ва ёзиш қуроллари кенг тарқалмаган эди. Исломнинг илк даврида ҳадислар Қуръони Каримга аралашиб кетиши эҳтимоли бўлгани сабабли ҳам ёзма қайд қилинмаган. Саҳобалар Пайғамбар (с.а.в.)дан ҳадисларни гоҳ оғзаки баён этганлари, гоҳ бирор ишни қилганликлари ёки бирор ишни маъқуллаганликларининг шоҳиди бўлишлари асносида ўрганганлар.

Саҳобалар ҳадисларни хотираларида сақлаб, оғзаки тарзда бошқаларга етказганлар. Фақат айрим саҳобалар ҳадисларни ёзиб борганлар. Масалан, саҳоба Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинган ҳадисда, мен Расулуллоҳ (с.а.в.)дан эшитган ҳар бир нарсани ёдлаш учун ёзиб юрардим. Қурайшликлар менга «сен Расулуллоҳ (с.а.в.)дан эшитган ҳар бир нарсани ёзиб юрасан, Расулуллоҳ ҳам инсон, у ғазабланганда ҳам, хурсанд бўлганда ҳам гапиради» дейишди. Ёзишдан тўхтадим ва буни Расулуллоҳ (с.а.в.)га эслатганимда «Жоним қўлида бўлган зот номи билан қасам ичаманки, мендан ҳақдан бошқаси чиқмайди» дедилар. Бу сўз замирида ҳадисларни ёзишга рухсат берилганини англаш мумкин. Расулуллоҳнинг хос котибларида саҳифалар, яъни саҳобалар ёзиб юрган варақлар бўлган. Улар кўпчилик кишилар орасида тарқалмаган ҳамда умумий тадбиқ қилиниб, бир китобга жамланмаган. Жобир ибн Абдуллоҳ, Саъд ибн Убода, Самрат ибн Жундуб, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос каби саҳобаларнинг ҳадислар ёзилган саҳифалари бўлган. Булардан ташқари, Пайғамбар (с.а.в.)нинг турли жойлардаги кишиларга ёзган мактублари ҳам ҳадислардан иборат саҳифалар ҳисобланади. Манбалардаги хабарларга кўра, котибларнинг сони тахминан 40 тача киши бўлиб, улар турли ҳолларда, яъни шартномалар тузиш, қурбонликлар қилиш каби ҳолатларда ҳадис ёзиб борганлар. Олимлар фикрича суннат, хабар сўзлари ҳам ҳадисга маънодош. Ҳадис ва суннат Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг айтган сўзлари, қилган ишлари, кўрсатмалари ҳамда тақрирлари. Булар ҳадис нуқтаи назаридан шаръий ҳукм ҳисобланади. Ҳадис ишлатилишида луғавий ва истилоҳий жиҳатдан суннатдан фарқ қилади. Ҳадис сўзи тилшунослар наздида «хабар бермоқ» маъносини ифодалаган. Кейинчалик Пайғамбар (с.а.в.)га нисбат берилган гап, иш ёки тақрир (маъқуллаш, ман қилмаслик)га айтиладиган бўлган. Ибн Ҳажар Асқалоний: «Шариат урфида ҳадисдан мурод Расулуллоҳ (с.а.в.)га тегишли нарсалар (гап, иш, тақрир) бўлиб, ҳадис (янги) дейилиши унинг Қуръонга муқобиллигига ишорадир», дейди. Шунга биноан баъзи олимлар, ҳадис луғатда янги маъносини ҳам ифодалашини эътиборга олиб, уни қадим (эски) Қуръони Каримнинг муқобилида қўллаганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзлари ўз сўзларини ҳадис деб атаб, бу ном билан бошқаларнинг сўзларини ўз сўзларидан ажратиб берганлар. Бунга мисол қилиб Муслим ривоят қилган «Кимки мендан билиб туриб ёлғон ҳадис айтса, у ёлғончилардан биридир» ҳадисини келтириш мумкин. Ҳадис ва суннат луғатда бир маънони ифодаламайди. Ҳадисга амал қилиш суннатга амал қилиш деганидир. Суннат Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг покиза сийрат, турмуш тарзи, диний йўлига нисбатан ишлатилган.

Баъзи муҳаддислар «Ҳадис Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг гаплари ва ишларини ўз ичига олади, суннат эса фақат ишларини ифодалайди» дейдилар. Яна бир гуруҳ олимлар бунинг аксини айтадилар: «Суннат гап, амал ва тақрирни ўз ичига олади, ҳадис эса Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг гапларигагина хос бўлиб, қавлий суннатга тўғри келади. Бу билан суннатни қавлий, феълий ва тақририйга бўладилар. Шунингдек, Пайғамбар (с.а.в.)нинг халқий (тана кўринишлари), хулқий (ахлоқлари) ва таржимаи ҳолларига оид маълумотлар ҳам суннат дейилади. Пайғамбар (с.а.в.)дан содир бўлган нарсаларнинг фақатгина шаръий ҳукмга тегишлисини суннат деб, бошқаларини суннат демаслик саҳобийлар ва тобеъинларнинг одатлари бўлган. Масалан, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда: «Абу Туфайл қуйидагиларни айтади. Мен Ибн Аббосга шундай дедим: Сийнинг қавминг Расулуллоҳ (с.а.в.) Байтуллоҳни рамл (лўкиллаб юриш) ила тавоф қилганлар ва бу суннат дейишмоқда. Ибн Аббос: Ҳам рост айтишибди, ҳам ёлғон, деди. Ҳам рост айтишибди, ҳам ёлғон, деганинг нимаси, дедим. Рост айтганлари – Расулуллоҳ (с.а.в.) Байтуллоҳни рамл қилганлари. Ёлғон айтганлари – у (иш)нинг суннат эканлиги. Шунинг учун вақти-вақти билан муҳаддислар ва усул олимлари наздида саҳобийларнинг қилган ишлари ҳам суннатдир. Ҳадислардаги носих ва мансухни, омм ва хосни, мутлақ ва гумонни, мужмал ва батафсилни ҳам турлича англаганлар. Агар улар бирор масалада ихтилоф қилсалар, дарҳол Расулуллоҳга мурожаат қилиб, саволларига жавоб олиш имкониятига эга эдилар. Мазкур омиллар илк даврда ҳадиснинг алоҳида илм даражасида ўрганишга эҳтиёж қолдирмаган. Пайғамбар (с.а.в.) вафотидан кейиноқ мусулмонларнинг орасида ҳадисларнинг аҳамияти ортиб кетди. Бунга асосий сабаблардан бири мусулмонлар бошлиғи томонидан ўзидан кейин ким ўринбосар бўлиши ҳақида аниқ кўрсатма берилмаганида эди. Саҳобалар энди бирор бир кишининг ўринбосар бўлиши лозимлигига ишора қилувчи манба бўлувчи ҳадисларга муҳтож эдилар. Абу Бакрнинг Пайғамбар (с.а.в.) томонидан ўлим олдидан намозга имомликка ўтишга буюрилиши унинг ўринбосари бўлиши мумкинлигига ишора сифатида қабул қилинди. Абу Бакр бу мансабга тайинланди ва масала ўз ечимини топди.

Абу Бакр ва Умар ибн Хаттоб даврларида ёш саҳобалар улғайиб, ўз илмларини янада кенгайтирдилар ва кейинги авлод, яъни тобеъинларга ҳадислардан билганларини ўргатдилар. Саҳобалар Пайғамбар (с.а.в.)га қандай интилган бўлсалар, тобеъинлар уларнинг илмларини олишга шундай ҳаракат қилдилар ва ўз масалаларига жавоблар топдилар.

Расулуллоҳ (с.а.в.) даврида турли фитналарнинг тарқалиши ва сохта ҳадис тўқишнинг имконияти деярли йўқ эди. Бунга сабаб бир томондан унинг ҳаёт экани бўлса, иккинчидан ваҳий нозил бўлиб, ёлғончиларнинг найранги фош бўлишидан қўрқишларида эди.

Абу Бакр мусулмонлар орасидаги диний ва сиёсий бирликни сақлаб қолган бўлса, Умар ибн Хаттоб эса фитналарнинг тарқалишини бартараф этди. У Пайғамбар (с.а.в.)дан бирор ҳадис айтувчи киши ўз сўзига ишончи комил бўлмаса ҳеч нарса айтмаслигига чақирди. У бу қоидага амал қилмаган кишиларни қаттиқ жазоларди. Бу даврда ҳадислар кўп ривоят қилинишининг олди олинган эди. Агар ҳадислар кўплаб ривоят қилинаверса, мунофиқлар сохта ҳадисларни ҳам муомалага киритиб юборишлари аниқ эди. Бундан ташқари, саҳобаларнинг ўзлари ҳам хато ва гуноҳ масъулиятидан қўрқиб, ҳадисларни кам ривоят қилишга ҳаракат қилганлар. Шу омиллар мазкур даврда сохта ҳадисларнинг кўпайиши олдини олган.

Пайғамбар (с.а.в.) даврида ҳадисларни ёзишга изн берилган эди, аммо у киши вафот этганидан сўнг турли урушлар натижасида Қуръони Карим жамланганидек, ҳадисларни ҳам жамлаш ва тадбиқ қилишга имкон топа олмадилар. Шуни ҳам айтиш керакки, ўша даврга оид ҳадислар ёзилган, лекин китоб шаклини олмаган турли хатлар ҳам топилган. Уларни саҳобалар ўзаро ривоят қилиб юрар эдилар. Масалан, Абу Бакр Баҳрайндаги омили (бошқарувчиси) Анас ибн Моликка мусулмонларга буюрилган садақанинг фарзлари ёзилган хатни юборди. Бу хат Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг садақалар тўғрисидаги мактубининг бир нусхаси эди.

Саҳобаларнинг яна бир жиҳати шунда эдики, улар Расулуллоҳ (с.а.в.)ни кам ва кўп кўрганликларига қараб ҳам ҳадисларни кўп ёки кам билганлар. Бироқ, уни кўп кўрган саҳоба ҳадисларни кўпроқ ривоят қилган деган хулосага келмаслик керак. Масалан, тўрт халифа Пайғамбар (с.а.в.) ёнида доимий ҳамроҳ бўлган бўлсалар-да, унинг вафотидан кейин давлат ишлари билан банд бўлганликлари учун камроқ ҳадис ривоят қилганлар.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус билим юрти
Х. Усмонова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*