Мудраш оқибатидаги мўъжиза

Сизнинг имонингиз тинчлик ва хотиржамлигингиз ҳамда ризоингиз сиридир. Бадбахтлик имондаги шубҳа ё ҳудосизлик натижасидир.
Уҳуд жангида мағлубиятга учраган мусулмонлар қаттиқ қайғуда қоладилар. Улардан бу аламни аритиш мақсадида Аллоҳ таоло уларни мудраш ҳолатига солиб қўяди. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда саҳобийлардан Абу Талҳа гувоҳлик бериб айтади: “Мен жангчилар сафида турган ҳолимда уйқу босиб, бир неча марта қўлимдан қиличим ерга тушиб кетганида уни ердан кўтариб олганимни эслайман”.
Бу мудраш билан имонда собит қадам мусулмонлар ўзларидан ташвишни кетказиб, дилларига таскин бериб роҳатда бўлдилар

ثُمَّ أَنْزَلَ عَلَيْكُمْ مِنْ بَعْدِ الْغَمِّ أَمَنَةً نُعَاسًا يَغْشَى طَائِفَةً مِنْكُمْ وَطَائِفَةٌ قَدْ أَهَمَّتْهُمْ أَنْفُسُهُمْ يَظُنُّونَ بِاللَّهِ غَيْرَ الْحَقِّ ظَنَّ الْجَاهِلِيَّةِ يَقُولُونَ هَلْ لَنَا مِنَ الْأَمْرِ مِنْ شَيْءٍ قُلْ إِنَّ الْأَمْرَ كُلَّهُ لِلَّهِ يُخْفُونَ فِي أَنْفُسِهِمْ مَا لَا يُبْدُونَ لَكَ يَقُولُونَ لَوْ كَانَ لَنَا مِنَ الْأَمْرِ شَيْءٌ مَا قُتِلْنَا هَاهُنَا قُلْ لَوْ كُنْتُمْ فِي بُيُوتِكُمْ لَبَرَزَ الَّذِينَ كُتِبَ عَلَيْهِمُ الْقَتْلُ إِلَى مَضَاجِعِهِمْ وَلِيَبْتَلِيَ اللَّهُ مَا فِي صُدُورِكُمْ وَلِيُمَحِّصَ مَا فِي قُلُوبِكُمْ وَاللَّهُ عَلِيمٌ بِذَاتِ الصُّدُورِ

Сўнгра, ғамдан кейин, сиздан бир тоифангизни қамраб олган мудроқни омонлик қилиб туширди. Бошқа тоифа эса, ўзи билан овора бўлиб, Аллоҳ ҳақида ноҳақ, жоҳилият гумонини қилиб: «Бизнинг қўлимизда нима иш бор эди», дейишди. Сен: «Ишнинг барчаси Аллоҳдандир», деб айт! Сенга ошкор қилмаган нарсаларини ичларида махфий тутарлар. Улар: «Агар қўлимизда бир иш бўлганида, бу ерда қатл қилинмас эдик», дерлар. Сен: «Агар уйларингизда бўлсангиз ҳам, қатл бўлиш тақдирида ёзилганлар ўз ўлим жойларига чиқар эдилар. Бу, Аллоҳ кўксингиздаги нарсани синаши ва қалбингиздагини яхшилаб поклаши учундир. Аллоҳ кўксингиздаги нарсани билувчи зотдир», деб айт.
Бу ояти каримада мўминларга етган мағлубият, ғам устига ғамдан кейин Аллоҳнинг лутфи билан ҳукм сурган омонлик ҳолати баён қилинмоқда:
«Сўнгра, ғамдан кейин, сиздан бир тоифангизни қамраб олган мудроқни омонлик қилиб туширди».
Уҳудда жанг қизиб, мусулмонлар енгила бошлаган бир пайтда Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ила собитқадам, чин мусулмон бандаларига бир мудроқни омонлик қилиб берди. Мудроқ мусулмонлар орасидаги фидокор тоифани қамраб олди. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда, Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу : «Уҳуд куни сафда турганимизда бизни мудроқ қамраб олди. Қиличим қўлимдан тушиб кета бошлади, қайтариб олдим. Яна тушса, яна қайтариб олар эдим», дейдилар. «Бошимни кўтариб қарасам,–дейдилар бошқа бир ривоятда,–ҳамманинг боши кўксига эгилиб турибди».
Ҳақиқатда, мудроқ худди мўъжизадек нарса. Чарчаб, ҳеч қандай ҳаракатга ярамай қолган одам ҳам, бир оз мудраб олса, ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетаверади. Мусулмонлар Уҳуд урушида енгилиб қоча бошлаганларида, Аллоҳ таоло уларга мудроқни омонлик қилиб юбориб, катта фалокатдан, бутунлай тор-мор бўлишдан сақлаб қолди. Бир оз мудраб, сўнг ўзига келган мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссалом атрофларида тўпланишди ва тоғнинг баландроқ, қулайроқ жойига чиқиб жойлашишди. Буни кўрган мушриклар охиригача ҳужум қилишга юраклари дов бермай, ортга қайтдилар. Мўминлардан бир тоифаси бу иш билан овора бўлиб турган бир пайтда:
«Бошқа тоифа эса, ўзи билан овора бўлиб, Аллоҳ ҳақида ноҳақ, жоҳилият гумонини қилиб: «Бизнинг қўлимизда нима иш бор эди», дейишади».
Бу тоифа–иймони заиф тоифа, қалбида фидокорлик туйғуси ўрнашмаган тоифа. Шу боисдан Аллоҳ учун овора бўлмайди, дину диёнат учун овора бўлмайди, Пайғамбар учун овора бўлмайди, мусулмонлар учун овора бўлмайди. Фақат ўзлари учун овора бўлади. Фақат ўзларини ўйлайди.
Улар Аллоҳ таоло ҳақида ҳам ноҳақ гумонга борадилар. Жоҳилият аҳлининг гумонини қиладилар. «Худонинг иши ҳам қизиқ, шундай қилиб ўлиб кетаверамизми?», дейишади. Шу билан бирга, улар:
«Бизнинг қўлимизда нима иш бор эди», дейишади.

Яъни, биз беихтиёрмиз, жангнинг маслаҳатини биз қилмаганмиз, каби ва яна бошқа шунга ўхшаш гапларни айтадилар. Оят дарров бу гапнинг нотўғри эканлигини баён қилади, Пайғамбар алайҳиссаломга:
«Ишнинг барчаси Аллоҳдандир», деб айт!», дейди.
Яъни, ишлар ҳеч кимнинг қўлида эмас, балки фақат Аллоҳнинг қўлидадир. Ҳатто Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳам қўлида эмас. «Бу сенинг ишинг эмас», дейилган эди. Бандаларнинг иши ўз вазифаларини бажариш, бурчларини адо этиш. У ёғи Аллоҳнинг қўлида, нимани хоҳласа, шуни қилади.
«Сенга ошкор қилмаган нарсаларни ичларида махфий тутадилар».
Уларнинг ичлари фисқу фасодга, васваса ва ҳадиксирашларга тўла. Буни ошкора айтаётганлари билан ҳолатлари ўзгариб қолмайди. Одатда, улар бунақа вазиятларда: «Бу ерга (ёки ишга) бизни мажбур қилиб олиб келишди, раҳбарлар адашишди, у қилишди, бу қилишди. Агар бизга қўйиб берилганида, ундай қилар эдик, бундай қилар эдик», дейишади.
«Улар: «Агар қўлимизда бир иш бўлганида, бу ерда қатл қилинмас эдик», дерлар».
Бошларига зарба етганда, иймони заифлар, мунофиқлар доимо шундай қиладилар. Бошлиқларга осилиб, ҳамма айбни уларга тўнкаб одамларни улардан айнитишга ўтадилар. Баъзи қатл бўлганлар ҳақида ҳам: «Агар бизнинг ихтиёримиз билан иш бўлганида, бундай бўлмас эди», дейдилар.
Қуръони Карим уларнинг бу нотўғри васвасаларини ҳам тўғрилаб, ўлим ва ҳаёт ортидаги, синовлар замиридаги ҳикматларни баён қилади.
«Агар уйларингизда бўлсангиз ҳам, қатл бўлиши тақдирида ёзилганлар ўз ўлим жойларига чиқар эдилар».
Тақдирдан тадбир билан қочиб бўладими? Ўлим овора бўлиб истаб юрмайди. Ажали етган ўз қадами билан юриб ўлимни топиб келади. Бу Аллоҳнинг тақдир қилган ишидир. Бунинг ортидан ҳикмати ҳам бор.
«Бу, Аллоҳ кўксингиздаги нарсани синаши ва қалбингиздагини яхшилаб поклаши учундир».
Бало офатлар, одатда, қалбдаги бор нарсанинг намоён бўлишига сабаб бўлади. Бу бир синовдир. Асл маъдан ўтга солиб тобланганидек, асл мўминлар ҳам қийинчиликлар, машаққатлар ёрдамида тобланадилар. Натижада баъзан ўзи ҳам билмаган камчиликлари юзага чиқиб, мўмин уларни бартараф этишга интилади, покланади. Шунинг учун ҳақиқий мўминлар Аллоҳдан келган имтиҳон ва синовларнинг, улар қанчалик қийин бўлмасин, хурсандчилик билан кутиб оладилар.
«Аллоҳ кўксингиздаги нарсани билувчи зотдир».
Одамлардан сир сақлаб, махфий тутиб юрган нарсаларингизни ҳам Аллоҳ яхши билади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*