Ўзбекистон – бағрикенглик диёри

Диёримизда асрлар давомида турли дин ва эътиқод вакиллари ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирганлар. Тарихчилар Марказий Осиёда қадим-қадимдан диний зиддиятлар, низо ва тўқнашувлар бўлмаганини таъкидлайдилар. Муқаддас ислом динининг VII асрда ўлкамиз бўйлаб ёйилишининг асосий сабабларидан бири ҳам аждодларимиз бу динни онгли равишда қабул қилганларидир. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган бу қадим диёр не-не ўзгаришлар, урф-одат, қадрият, анъана ва маданиятларнинг ўзаро учрашуви ва мулоқотига замин бўлган. Аммо сиз билан биз фахрланадиган жиҳат – мамлакатимизда азал-азалдан диний бағрикенглик муҳити ҳукм сурган. Юртимиз тарихига назар ташласак, унда ўтмишнинг турли даврларида зардўштий, буддавий, яҳудий, христиан ва ислом дини вакиллари ўзаро келишмовчиликларсиз ҳаёт кечирганларига гувоҳ бўламиз.

Бугун Ўзбекистонда 16 диний конфессия вакиллари ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирмоқдалар. 2018 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, юртимизда 2244 та диний ташкилот рўйхатга олинган бўлиб, улар динлараро қуйидаги нисбатда тақсимланганлар:
Ислом – 1 та конфессия, 2069 диний ташкилот
Христианлик – 11та конфессия, 159 диний ташкилот
Яҳудийлик – 1 та конфессия, 8 диний ташкилот
Бахоийлик – 1 та конфессия, 6 диний ташкилот
Кришнавийлик -1 та конфессия, 1 диний ташкилот
Буддавийлик – 1 та конфессия, 1 диний ташкилот.
1995 йил 16 ноябр¬да Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича муассасаси – ЮНЕСКО «Бағрикенглик тамойиллари декларацияси» қабул қилди. 1997 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг марказий бошқарув органи – Бош Ассамблея қарорига мувофиқ эса мазкур Декларация қабул қилинган кун 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни деб эълон қилинди.

“Бағрикенглик” (“тoлeрaнтлик”) сўзи деярли барча тилларда бир хил ёки бир-бирини тўлдирувчи мазмунга эга. Уларни умумлаштириб “бағрикенглик” чидaмлилик, бардошлилик, тоқатлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, муруввaтлилик, ҳиммaтлилик, кeчиримлилик, мeҳрибoнлик, ҳaмдaрдлик каби маъноларга эга дейиш мумкин.

Халқимизда “Кенг феъл, кетмас давлат берсин” деган эзгу тилак бор. Кенгфеъллик бағрикенгликнинг маънодоши бўлиб, майда-чуйда ёқимсиз нарса ва ҳолатларга асабийлашмасликни, жаҳл қилмасликни билдиради.

Она Ватанимизда 16 ноябр – Халқаро бағрикенглик куни ҳар йили кенг миқёсда нишонланиб келинмоқда. Мазкур муҳим санага бағишлаб жойларда конференция, анжуман, семинар ва маънавий-маърифий тадбирлар ташкил қилинган гўзал анъананага айланган.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти
ходими Мухитдинова Феруза

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*