Азоннинг фазилати ва азон эшитувчининг одоби

Мўмин инсон доим Аллоҳнинг розилигига етишишни, унинг жаннатига ва жамолига эришиш йўлларини излайди. Аллоҳ таоло бандаларига ўзининг розилигига етишишни ўргатиб қўйиш билан бирга уни онсон ва машаққатсиз қилиб қўйган. Бир инсон азонни айтиши сабабидан маҳшарда бўйи энг узун кишилардан бўлиб турса, уни эшитган инсон ҳам ўзига ҳос ажру савобларга эришишини бизларга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали ўргатган.

Муовия розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муаззинлар қиёмат кунида энг бўйи узунидир”,-деганларини эшитдим”. (Муслим ривояти)
Шарҳ: Ҳадисдаги: “Муаззинлар қиёмат кунида одамларнинг энг бўйни узунидир”,-деган иборанинг маъносида уламолар ҳар хил фикрлар билдиришган. Баъзилар: ―Бунинг маъноси – улар Аллоҳнинг раҳматига кўпроқ интилувчи дегани, чунки бирор нарсага интиладиган киши ўша нарсага бўйнини чўзади. Бунинг маъноси эса уларнинг кўплаб ажру-савобларни кўришликлари,- деган экан. Назр ибни Шумайл роҳимаҳуллоҳ айтадилар: ―Қиёмат куни одамлар терга ботганларида уларга ушбу ғам етмаслиги ва терга ботмасликлари учун бўйинлари узун бўлади. Яна айтишларича: ―Улар тобеълари кўпроқ кишилардир. Ибнил- Аъробий роҳимаҳуллоҳ: ―Маъноси- улар энг амали кўп кишилар,- дейдилар. Бу ҳадис азон ва муаззинларнинг фазилатига далолат қилади.

Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Аби Саъсаъадан ривоят қилинишича Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу у кишига: “Сен қўй ва чўлни яхши кўришингни биламан. Бордию қўйларинг орасида ёки чўлу-биёбонингда бўлиб, намозга азон айтсанг товушингни кўтариб айт, чунки муаззин товушининг охирини жин ё инсон ѐки бирор нарса эшитса, албатта у учун қиёмат куни гувоҳлик беради,- деган эканлар. Абу Саид розияллоҳу анҳу: ―Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим,- дедилар. (Бухорий ривояти)
Шарҳ: Қўй ва чўлни яхши кўришининг боиси шуки, қўйларни яхши кўрадиган киши уларни яйловда боқиш орқали ислоҳот қилишга муҳтож бўлади. Яйлов эса кўпинча уй-жойсиз саҳроларда бўлади. Ҳадисдаги: ―Бордию қўйларинг орасида ёки чўлу-биёбонингда бўлсанг…,-деган иборада икки хил эҳтимол бор. Ё ровий шак қилган ёки унинг ҳолини баён қилиш учун келган. Чунки қўйлар гоҳида саҳродан бошқа жойда бўлади ёки чўпон гоҳида қўйсиз саҳрода бўлиши мумкин. Байзовий роҳимаҳуллоҳ айтадиларки: ―Маълумки товушнинг охири бошланишидан кўра махфийроқ бўлади. Демак азон айтувчига унинг товушини узоқда бўлатуриб, эшитган нарсалар гувоҳлик берадиган бўлса, унинг яқинида туриб, товушининг аввалини эшитган нарсалар гувоҳлик беришга ҳақлироқ бўлади. Ушбу ҳадиснинг зоҳири барча жонли ва жонсиз нарсаларни ўз ичига олади. Буни Ибни Хузайма ривоят қилган ҳадис янада тасдиқлайди. Ҳадисда: ―Унинг товушини эшитган ҳар бир дарахт, ер, тош, жин ва инсонлар унга гувоҳлик беради,- дейилади.

Бундай гувоҳлик беришдан мақсад қиёмат куни гувоҳлик берилган шахсни баланд даражалар ва фазилатлар билан овоза қилишдир. Аллоҳ таъоло баъзиларни гувоҳлик билан шарманда қилганидек, бошқа бировларни гувоҳлик билан сийлайди.

Ҳадиси шарифдан қуйидаги фойдалар олиниши мумкин:
1. Азонни баланд овозда айтиш мустаҳаб саналади. Бу эса гувоҳларни кўпайтиришга сабаб бўлади. Лекин айтувчи киши зарар ва азият чекмаслик шарти билан.
2. Гарчи саҳрода бўлса ҳам ёки у билан бирга намозда иштирок этадиган кишилар келишидан умид қилмаса ҳам ёлғиз киши азон айтиши мустаҳаб саналади. Чунки намозхонлар дуосидан бенасиб қолса ҳам, азонини эшитган бошқа нарсаларнинг гувоҳлигидан бенасиб қолмайди.
3. Азон айтувcи кишилар қиёмат кунида бўйлари энг узунлари бўлиши эканлиги.
Азон эситувчининг одоби.
Абу Саид Худрий розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Азонни эшитсангиз, айни муаззин айтаётган сўзларни такрорланглар”, дедилар”.

Ҳозирги кунда кўпчилик одамлар азонни эситишади, лекин унинг одобига амал қилувчилар оз. Азон айтилаётган пайтда одамлар бемалол гаплашиб туришликлари, маълум бир ишлари устида машғул бўлишликлари, азонга этибор бермсликлари кўп кузатилади. Бу ҳадисдан бундай ҳолатлар мумкин эмаслигини тушуниб оламиз. Азонни эшитганимизда гаплашиш ўрнига унинг сўзларини такрорлаб туришимиз, унинг ҳурматидан қилаётган ишимизни бироз муддатга тўхтатиб туришимиз биз учун афзал экан.
Азонни эшитганларга унга жавоб қайтариш вожиб болади. Муаззин айтаётган жумлаларни махфий қайтариб туриш азоннинг жавобидир. Бироқ муаззин “Ҳайя алас солаҳ”, “Ҳайя алал фалаҳ” жумлаларини айтганида эшитувчи улар ўрнига “Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳил алиййил азийм”, дейиши керак. Бомдод намозининг азонида муаззин “Ассолату хойрум минан-навм”, деганида “Содақта ва барорта”, деб жавоб берилади.
Масжид ташқарисидаги кишининг азонга жавоби масжидга боориш билан бўлади. Масжидга кетаётган киши азонни эшитганида тўхтаб турмайди.Азонни эситган одам бошқа сўз ва ймушларини тўхтатиб, фақат азонга жавоб бериш билан машғул бўлиши лозим.
Жобир розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким аазон эшитганида, “Ушбу мукаммал бўлган даватни ва қоим бўлган намозни Роббиси Росулига василани ва фазилани бер ва уларни мақталган мақомда тирилтиргин”, деса, унга қиёматда мени шафоатим ҳалол бўлади”, дедилар.
Яъни азонни эшитганда шундай дуо қилиш керак экан:
“Аллоҳумма Робби ҳазиҳид даъвати вас солатил қоимати ати муҳаммаданил васйлата вал фазийлата вад дарожар рофиата алията ва бааши мақомам Маҳмудаллази ваъадтаҳу варзуқна шафаатаҳу явмал қиямати иннака ла тухлифул мийъад”
Васила – жаннатдаги ягона мақом бўлиб, унга инсониядан фақат бир киши эришади. Ўша мақомни Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам учун сўраш умматлар бурчидир. Зеро, васила башарият саййидига берилмаса, кимга бериларди.
Фазилат – бошқалардан афзал бўлиш. Баъзилар ушбу дуодаги “фазила” сўзини жаннатдаги бир маwом ҳам дейишган.
Мақоми маҳмуд – “мақталган мақом” Аллоҳ таолонинг: “Шоядки, Роббинг сени мақоми маҳмудда тирилтирса” деган ояти ила Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга вада қилинган буюк шафоат мақомидир.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розиаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Набий соллалоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Агар муаззинни эшитсангиз у айтган нарсаларни айтинг. Сўнг менга саловат айтинг. Ким менга саловат айтса Аллоҳ унга 10 баробар ажр беради. Ва менга василани сўранглар. У Жаннатдаги бир манзилдир. Унга фақат Аллоҳнинг бандаларидан фақатгина бир банда киради. Ва ўша мен бўлишимни умид қиламан. Ким менга уни сўраса унга шафоатим ҳалол бўлади”, дедилар.
Сад ибн Абу Ваққос розиаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Ким муазинни эшитиб, “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳу, родийту биллаҳи роббан ва бил ислами дийнан ва биМуҳаммадин Росулан ва Набийян соллаллоҳу алайҳи васаллам”, деса гуноҳлари кечирилади”, дедилар.
Азонни айтишлик ва эшитишлик билан бандаларига ажр-савоблар ёғдирган, уларни бу дунё ва охиратда шарафли қилган ва биргина азони сабабли ҳам бандалрини жаннатга моил қилиб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
Махсус ислом билим юртининг 3-курс
Талабаси Норхўжаева Нилуфар.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*