ХАДИЧАИ КУБРО АЁЛ-ҚИЗЛАР ЎРТА МАХСУС ИСЛОМ БИЛИМ ЮРТИДА ТАДБИР

Бугунги кунда аждодларимизнинг бой меросини, ёзиб қолдирган ижодий хазинасини ўрганиш биз ёшларнинг олдимизда турган энг муҳим вазифалардан биридир. Мана шу вазифани бажариш ва уни онгимизга сингдириб ҳаёт давомида оммага татбиқ этишга эришиш мақсадида билим юртимизга, бугун ўзларининг қимматли маълумотлари билан ташриф буюрган навоийшунос олима, филология фанлари номзоди Дилнавоз Юсупова билан “Навоий асарларида илоҳий ва мажозий ишқ” мавзусида суҳбат ташкил этдик. Д.Юсупова талабаларга Навоий асарларидаги илоҳий ва мажозий ишқ, унинг фарқи, талқини ҳақида маъруза қилиб берадилар.

Муҳаббат риштасин уздики, ўлтургай бу ғамнокин,
Магар ул ришта бирла тикмиш эрди кўкрагим чокин.
(Мен ғамнокини ўлдиришини ўйламасдан ёрим муҳаббат риштасини уздики, аслида у кўкрагим чокини шу ип билан тиккан эди).

Эмас гирён кўзум кирпиклариким, сарсари оҳим,
Солиб мавж ул тенгизга бир қироққа солди хошокин.
(Гирён бўлган менинг киприкларим эмас, балки бу сарсар оҳимнинг денгизга мавж солиб, қирғоққа отган хашакларидир).

Мунажжим кўнглум ўти дафъиға деди топай соат,
Дамим дуди аро не анжумин топти, не афлокин.
(Мунажжим кўнглимни ўтини ўчирадиган соатни юлдузларга қараб топмоқчи эди, аммо чеккан оҳим тутунидан на юлдузларни, на фалакни топа олди.)

Бошим чопқанда ул чобук ёшингни асрағил, эй кўз
Ким, ул судин юғайсен, қон юқардек бўлса, фитрокин.
(Эй кўз, ёшингни асра, чунки у чобук – от минган ёринг бошингни чопса, отининг арқони қон бўлса, ўша ёшинг билан уни ювасан.)

Назар йўлин сиришким пок юб, кўз пардасин очти
Ки, чиққач пардадин кўргаймен анинг чеҳраи покин.
(Кўриш йўлини кўзёшим поклаб ювди ва кўз пардасини очди, у парда ортидан чиқса, пок чеҳрасини кўраман.)

Кўзин уйқуда кўргач ўлдум, оё ўлмайин неткай
Киши гулшанда бехуд кўрса турки масти бебокин.
(Кўзи уйқуди эканлигини кўриб ўлдим, ахир гулшанда ҳушсиз маст туркни (гўзални) кўрса, киши ўлмасдан нима қилади?)

Юзунг кўп очма, гоҳе сўз дегилким, ақл деҳқони
Не гул исрофини яхши демиш, не ғунча имсокин.
(Юзингни кўп очма, гоҳида бирор сўз де, ақл деҳқони гул исрофини ҳам, ғунчанинг қизғанчлигини ҳам яхши демаган.)

Ўгуб жаннат гулин воиз тиларким, айласам савдо
Неча эски дирамға Юсуфум, ваҳ, кўргил идрокин.
(Жаннат ҳақида ақл ўргатаётган воиз бир неча эски дирҳамга Юсуфни(а.с.) савдо қилиб сотиб олсам дейди, унинг бу паст идрокини қара.)

Десам ул ой, бориб чиқмас ғами кўнглумдин айтурким:
Навоий, не ажаб, бўлмоқ қамар сойир, ҳажар сокин.
(Ул ойни десам, кўнглимдан ғами чиқмай айтадики, Навоий, қамарнинг сайр қилувчи ва тошнинг сокин турувчи бўлса, не ажаб!)

Луғат:
Гирён – тўлқинли; Кирпик – киприк; Сарсари – сарсон; Тенгиз – сарсон; Қироқ – қирғоқ; Хошок – хашак; Мунажжим – юлдузлар илми шуғулланувчи;Анжум – юлдузлар; Афлок – фалаклар; Фитрок – қанжирға, яъни юк ва бошқа нарса боғлаш учун эгар орқасига маҳкамланган тасма, боғич ёки илгак; Имсок – тийиниш, тежаш; Сойир – сайр қилувчи; Ҳажар – тош

ҒАЗАЛНИНГ ШАРҲИЙ БАЁНИ
Мазкур ғазалда ҳазрат Навоий соликлар ишқи ҳақида сўз юритган. Ҳаққа бўлган муҳаббат мўминлар учун мақсаддир. Дастлабки байтларда ёрнинг мақтовини келтирган шоир ғазалнинг ўрталарида пири комилнинг суҳбатлари тўғрисида тўхталган.

Аввалги байтда ошиқ ёри муҳаббат риштаси билан унинг кўксидаги жароҳатни тиккани ҳақида гапиради, аммо бу риштани ёрнинг ўзи узади. Бу тасвир орқали муҳаббат дарди учун даво эканлиги, аммо бу давонинг яна оғир дарди борлиги айтилган. Аммо бу шундай дардки, инсоннинг тириклигини билдириб туради.

Муҳаббат дарди қалбни азоблайди, кўздан ёш оқизади, кўздаги киприклар эса худди денгиз қирғоғидаги хас-хашаклар кабидир, чунки қалбдан чиққан оҳ кўз денгизини тўлқинлантирган.

Навоий ушбу иккинчи байтда муболаға, ташбеҳ санъатларини моҳирона қўллаб ошиқнинг руҳий ҳолатини очиб берган.

Учинчи байтда эса лирик қаҳрамон ўзининг ошиқлиги учун илож йўқлини ифода этиш учун мунажжим ва нужум тушунчаларини шеърга олиб киради. Маълумки, ўрта асрларда мунажжимлар само илмларини ўрганар ва юлдузларнинг қайси буржга киришлари, уларнинг ҳаракат йўналишларига қараб бўлажак воқеанинг хайрли ёки аксинча тугашини тахмин қилар эдилар. Навоий ана шу ҳолатга ишор қилиб айтадики: “Менинг дардимни даволаш учун мунажжим қулай соатни топмоқчи бўлди ва асбоб-ускуналари билан осмонни кузатишга шайланди”. Лекин ошиқнинг дарду алами шу қадар кучли эдики, у оҳ чекканда бутун фалакни қора тутун қоплаб олди ва мунажжим юлдузларни ҳам, фалакни ҳам йўқотиб қўйди: “Дамим дуди аро не анжумин топти, не афлокин…”
Бир қараганда муболаға бўлиб кўринадиган бу тасвир моҳиятида Навоий бу ошиқлик илоҳий тақдир эканлигига ишора қилмоқда. Шу сабабли уни бу дунё воситалари билан даволашга уринмоқ бефойда. Унинг шифоси банданинг қўлида эмас.

Кейинги байтда лирик қаҳрамон ўз кўзига мурожаат қилади. Чунки кўз йиғлайвериб қонли ёшлар тўкмоқда. Аммо у ёш тўкмай тургани маъқул, чунки чобук – от минган чавондоз ёр келиб ошиқнинг бошини узса, ундан сачрайдиган қон у минган улов арқонига тегса, кўзёш билан тозалаш лозим.

Навоий бу байтдаги мазкур ифода билан ошиқ маъшуқадан келадиган ҳар қандай муносабатни бахт деб билиши зарурлигини айтмоқда. Яна шуни айтиш мумкинки, маъшуқа қўлида ўлим топмоқ ошиқнинг айни кутган лаҳзасидир. Чунки бу ҳам ошиқ учун бир висолдир. Ошиқ ўзини ана шу висолга ҳозирлаб, тайёрлаб бориши керак.

Навбатдаги байтда Навоий яна кўзнинг ҳолатини тасвир этади. Байтда “кўз пардаси” деган тушунча ишлатилади. Мантиқан олиб қарасак, кўзга парда тушиши унинг кўра олмай қолишига сабаб бўлади. Ўта кўп йиғлаш эса кўзга парда тушишига – оқаришига олиб келади. Қуръонда баёни келган Юсуф қиссасида Ёқуб а.с.нинг ўз ўғли Юсуф а.с. соғинчи ила йиғлаб кўзлари кўрмай қолгани айтилган. Демак, бу ҳолат ўз асосига эга. Навоийнинг айтишича, “Назар йўлин сиришким пок юб, кўз пардасин очти…”, яъни назар йўли – кўриш йўлини кўзёш ювиб поклади ва кўз пардасини очди. Мазкур ўринда сиришк – кўзёш тавба маъносини ўзида мужассам этган. “Назар йўли” – Ҳақ висоли томон олиб борадиган йўлдир. Энг қизиғи, Навоий сиришк кўз пардасини очгани ҳақида таъкидлаган. Бу эса биз билган тушунчанинг аксидир. Ахир, кўзёш кўзга парда тушиши учун сабаб бўлмайдими?!
Гап шундаки, Навоий бу ўринда “кўз пардаси” бирикмаси орқали Ҳақни кўришдан тўсадиган гуноҳларни, қалб маъсиятларини назарда тутган. Бу пардани эса фақат тавба – кўзёш билан кетказмоқ мумкин. Биринчи мисрада ана шу ҳақиқатни таъкид этган шоир иккинчи мисрада: “чиққач пардадин кўргаймен анинг чеҳраи покин” – дея тасаввуф аҳлининг буюк мақсадини ифода этган, “Анинг чеҳраи поки” – бу Аллоҳнинг қиёмат куни ўз солиҳ бандаларига раво кўрадиган энг буюк неъматидир – Ўзининг жамолидир. Ислом манбаларида Аллоҳ ўз чеҳрасидаги пардани кўтарганда Унинг жамолини кўрганларнинг ҳаммаси ҳушларини йўқотишлари айтиб ўтилган. Навоий мазкур байтда ана шу ҳолатга бўлган интиқликни қаламга олган.

Кейинги байтда кўзи уйқуда бўлган ёр ҳақида сўз борган. Навоийнинг тасвир этишича, бу ҳолдан лирик қаҳрамон ҳаяжон зўридан ўлим ҳолигача борган. Кейинги мисрада Турк сўзи келган. Мумтоз адабиётимизда “Турк” образи гўзал ёр тимсолида қўлланган. Ушбу байтда “маст турки бебок”нинг гулшанда кўзларини юмуқ ҳол эканлигини кўрган ошиқ ўта рамзий маънодадир. Агар биз “гулшан” – хонақоҳ, “маст турки бебок” эса пири муршид деб тушунсак, байтдаги матности маъноси ойдинлашади. Лирик қаҳрамон зикр билан маст бўлган пирни кўриб ҳайратга тушган. Чунки унинг сиймосида Ҳаққа ошиқ соликни кўрмоқ мумкин.

Аввалги байтларда ошиқлик ва унинг моҳияти ҳақида сўз юритган шоир мазкур ўриндан бошлаб ишқнинг ҳолати ва одобига тўхталган. Яъни жазба ҳолатини тасвир этган шоир насиҳат қилади:
Юзунг кўп очма, гоҳе сўз дегилким, ақл деҳқони
Не гул исрофини яхши демиш, не ғунча имсокин.
Байтда “…юзингни кўп очма, гоҳида бирор сўз де” мазмуни солик ўз сиррини сақлаши лозим экан, аммо меъёр зарурати борлигига ишорадир. Чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам меъёрни сақлаш – ўрталикка риоя қилиш мақсадга муфовиқ санаб келинган. Хусусан, “Ишларнинг энг яхшиси – ўртачаси” ҳадиси мазмуни ҳам айнан шу ҳақдадир.
Навоий “Ақл деҳқони” таърифи билан “Ақлга ишлов берувчи, ақлни тақдим этувчи, ақлни бошқарувчи” деган маънони берган. Бундай сифат эса Аллоҳга хосдир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло мўминларни исроф қилишдан қайтарган, шунингдек, “Қўлларингни юмиб олма ва очиб ҳам юборма” маъносига мувофиқ меъёрни бузиш яхши эмас.
Бу ўринда солик ўзига зоҳир қилинган кашфу ҳолатни ҳаммага билдириши шарт эмаслиги, аммо шунга арзийдиган инсонларга буни хос ҳолатда маълум қилиши мумкинлиги ҳақидаги қоидани билдирмоқда. Чунки муайян мақомдан сўнг соликнинг иршод асосида муршид сифатида фаолият юритиши ва шогирдлар тарбия қилиши тасаввуфнинг ўзига хос қоидасидир.
Мазкур байтдан кейин келадиган мисралар юқоридаги қарашларни давом эттиради ва мустаҳкамлайди, хусусан, жаннат ҳақида “ўгаётган” – оқиллик қилаётган воиз Юсуф а.с.ни эски бир дирҳамга сотиб олмоқчи бўлади. Бу ерда Юсуф а.с. тимсоли маъно ташувчи рамз бўлиб, моҳиятан воизнинг идроки паст эканлигини кўрсатган. Чунки воиз даъво қилаётган нарса – Юсуф а.с. каби қадрли, яъни жаннат ва ундаги неъматлар. Воиз эса уларни арзимаган амалим эвазига қўлга киритаман деб ўйлайди. Унинг қўйган чегараси, ўзи учун белгилаб олган мақсади тор. Навоий аввалги байтда сиррларни ҳаммага очиб бўлмаслиги ҳақида гапирган эди, бу байтда эса баъзи тоифа инсонлар ўзларини ҳамиша ҳақ деб билишлари, аслида эса қарашлари, туйғулари тор эканлигини таъкидлаган.

Ғазалнинг мақтасида Навоий ёрни “ой” тамсили билган берган: “Шунча ғам-аламга қарамасдан яна ўша ойни десам, кўнглимдан чиқмайдиган ғам айтадики, ойнинг сайр қилгувчи ва тошнинг сокин туриши ажабланарли эмас-ку!”
Мазкур байтда Навоий ёрни ойга, ғамни эса тошга – ҳажарга ўхшатган. Ойнинг сайр қилиб, кўкни кезиб юриши унинг дам кўриниб, дам кўринмай қолишига ишора. Ғам эса тош каби кўнгилдан силжимай тураверади.

Матностида мужассам бўлган бир маъно шуки, ойнинг кўриниши – қалбда содир бўладиган кашф ҳолатлари, ойнинг кўринмай қолиши эса ана шу кайфиятдан муваққат олисда қолишдир. Ҳар икки ҳолда ҳам солик қалби ғамдадир, бир сафар соғинч кучидан қайғу чекса, бир сафар кашфдан йироқликда ғамга ботади.
Ғазални яхлит шаклда кузатадиган бўлсак, унда Аллоҳга талпинган солик қалбининг ҳолати акс эттирилганлигини кўрамиз. Қўлланган шеърий санъатлар, арузнинг ҳазажи мусаммани солим вазнидаги маҳзун оҳанги ғазалда акс эттирилган мазмунни таъсирчан шаклда ўқувчига етиб боришида ва руҳоний юксакликни бир қадар ҳис этишида ёрдам беради.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудира ўринбосари Зайнаб Комилжонова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*