Интернет офати ёҳуд “онлайн” терроризм

Ахборот технологиялари асрида яшар эканмиз, терроризм ва экстремизм хавфи ҳақида барча тарафлардан бонг урилаётганига гувоҳ бўлишимиз ҳақиқатдир. Ёш авлоднинг онг-у тафаккурини эгаллаб олишга уринаётган ёвуз кучлар инсониятни таҳлика, қўрқув ва хавф-хатар ичида сақлаб, тинч ҳаётни издан чиқаришга қасд қилишгани барчамизга сир эмас. Бу ғаразли ниятда улар ҳар қандай жирканч ва қабиҳ ишларга қўл уришдан ҳам тоймайди. Бутун оламга хавф солиб турган бу ёвуз кучларга қарши халқаро кураш олиб борилаётган бир пайтда, ғаламис кимсалар ҳаётимизнинг бир бўлагига айланиб улгурган ахборот технологиялари, хусусан, интернет тармоғидан фойдаланиб, терроризмнинг бошқа бир кўринишига асос солишди. Бунга улар “Кўк кит”, “Момо”, “Тинч уй” каби ўйинлар орқали эришишмоқда. Бу ўйинларнинг натижаси ўз жонига суиқасд билан якунланади. Уларнинг энг хавфли томони нобуд бўлаётганларнинг аксарияти ёшлар эканлигидадир.

Биламизки, ёшлар ўз ҳаётлари давомида муайян муаммоларга, қийинчиликларга дуч келади. Кимдир ота-онаси билан келишмайди, кимдир орзусига эришолмайди, кимдир ҳис-туйғуларга берилади. Агар йигит-қизнинг маънавияти мустаҳкам бўлса, у бу муаммоларни тўғри қабул қилади ва уларни ечишга киришади. Маънавияти суст бўлса, тушкунликка берилиб қаердандир нажот излайди ва таскинни айнан интернет ёки инсонни чалғишга ундайдиган интернет ўйинларидан излайди. Аслида, бу ўйинлар умуман мантиқсиз ва фойдасиз бўлиб, инсониятни қириш ва инсон ҳаётини издан чиқаришга қаратилган. Масалан, “Кўк кит” ўйинига келсак, у 2-3 йил олдин пайдо бўлди. Унга бир қизнинг йигити ташлаб кетиши оқибатида ўзини поезд тагига ташлагани сабаб бўлган. Бу фожеани ғаламислар дарҳол интернет тармоғида шов-шув қилишди. Асабий ҳолатда ўз жонига суиқасд қилишни оқлаб чиқишди. Шу асосда ўйин ташкил этилди. Бу ўйинга депрессия пайтида ўзини қирғоққа ташлаб нобуд қиладиган кўк кит номи берилди. Ўйин ташкилотчилари гоҳида атайин, гоҳо билмасдан унинг иштирокчиларига айланган ёшларни дастлаб авраб- алдашади. 50 кун давом этган ўйин мобайнида уларга турли топшириқлар бериб борилаверади. Охир оқибатда ўз жонига қасд қилишга даъват этилади. Бу даъват бажарилмаса турли таҳдидлар бошланади.Минг афсуски, бу ўйин бизга қўшни айрим мамлакатларга ҳам кириб келди. Кунда- кунга бу мамлакатларда ёшлар ўз жонига қасд этганликлари ҳақида хабар кўпаймоқда. Яна бир фожеаси бу “Момо” ўйини бўлиб, у Вҳатсуп мессенгери тармоқларида оммавийлашиб бормоқда. Бу ўйин кураторлари аввалёшлар орасида интернет тармоғида фаол ва турли форумда иштирок этадиган фойдаланувчиларни излаб топади ва уларга турли хил қўрқинкгли расмлар, шунингдек зўрлаш саҳналари туширилган видеоларни юборади.Сўнгра уларга топшириқлар бера бошлайди, агар ёшлар буни рад этса тахдид қиладилар. Агар рози бўлса видеолар, шахсига оид сўровлар ва топшириқлар келишда давом этади. Маълумотларга кўра, бу ўйин таъсирида Аргентинанинг Буенос- Айрес шаҳрида 12 ёшли қиз ўз жонига қасд қилган. Бу ўйиннинг кураторлари Япон устаси Мидори Ҳаясининг ҳайкаллари ичидан аёл қиёфасидаги кўзлари қинидан чиқай дейдиган юзида эса ғалати табассум муҳрланган кўп оёқли мавжудод бюсти расмидан фойдалашинишган.

Энди мулоҳаза юритадиган бўлсак, бу ўйиннинг оммалашганига сабаб, аввало, ёшларнинг назоратсиз қолганидир. Бугун аксарият ёшлар қўл телефони, шахсий компютери орқали интернет тармоғидан бемалол фойдаланишмоқда. Аммо улар интернетдан қандай фойдаланаётганлигини ҳамма ота- она ёки ўқитувчи ҳам назорат қилаётгани йўқ. Қолаверса, бекорчилик ҳам бунга сабаб бўлмоқда. Бунинг олдини олиш учун, ёшларни иложи борича фойдали ишлар билан банд этиш лозим, токи улар вақтни бесамар ўтказмасин. Албатта, огоҳлик давр талабидир, ёшлар интернет орқали бирор ёмон сайтга кира бошласа унга чек қўйиш йўлини топиш шарт. Шунингдек, ўз жонига суиқасд қилишнинг оқибатини диний нуқтаи назардан ҳам уқтириш лозим. Чунки, ислом дини худкушликни ниҳоятда қоралайди. Динимизнинг муқаддас китоби Қуръони Каримда ҳам Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “ Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизни молларингизни ботил йўл билан еманглар. Магар розилик ила тижорат бўлса , майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир.”(“Нисо” сураси 29- ояти). Демак Аллоҳ таоло Қуръон ояти ила ўзини ўлдиришдан қайтариб турган экан, бундай қилиш гуноҳ эканлигини мусулмон инсон албатта англаб етиши лозим.

Шундай экан, тинчлик, тотувлик ва ижтимоий – сиёсий ҳаётимиздаги барқарорлик халқимизнинг энг катта ютуғи бўлиб, ана шу барқарорлик, тинчликни асраш, улар учун мустаҳкам замин яратиш ва ҳамиша огоҳ бўлиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Аҳолининг айниқса, ёшларнинг бундай нотўғри ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишда ўқув муассасалари, ташкилот ва маҳалла йиғинларида ўтказиладиган маърифий тадбирларда ёшларни илмли, кенг дунё-қарашли, ватанпарвар шахс қилиб тарбиялашга алоҳида урғу бериш, диний-экстремизм тарафдорлари тарқатаётган ғояларнинг аслида ислом таълимотига ва маънавиятимизга зид экани, бу каби бузғунчи ғоялар замирида сиёсий мақсадлар кўзланганини аниқ далиллар билан исботлаб бериш мақсадга мувофиқ.

Хулоса шуки, инсон бу дунёга аллақандай ўйинлар таъсирига берилиб, ўзини ўлдириш учун эмас, балки инсониятга яхшилик улашиш, манфаатли хизмат қилиш учун келгандир. Огоҳ бўлинг ёшлар!

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти 1-курс талабаси М. Қодирова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*