“Назму-л-жавоҳир” асарининг мазмун моҳияти ва таркибий тузилиши

Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси, навоийшунос олима, филология фанлари номзоди Маъмура Рашидова билан “Навоий асарлардаги диний мавзулар, хусусан, “Назму-л-жавоҳир” асарининг мазмун моҳияти ва таркибий тузилиши” мавзусида суҳбат ташкил қилиди.
Бугунги кунда аждодларимизнинг бой меросини, ёзиб қолдирган ижодий хазинасини ўрганиш биз ёшларнинг олдимизда турган энг муҳим вазифалардан биридир. Мана шу вазифани бажариш ва уни онгимизга сингдириб ҳаёт давомида оммага татбиқ этишга эришиш мақсадида биз бугун ўзларининг қимматли маълумотлари билан билим юртимизга ташриф буюрган Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси, навоийшунос олима, филология фанлари номзоди Маъмура Рашидова билан “Навоий асарлардаги диний мавзулар, хусусан, “Назму-л-жавоҳир” асарининг мазмун моҳияти ва таркибий тузилиши” мавзусида суҳбат ташкил этдик. Суҳбат давомида М.Рашидова талабаларга Навоий асарларидаги дидактик ва диний мавзулар, уларнинг бизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва ислом дини билан узвий боғлиқлиги ҳақида маъруза қилиб берадилар. Бугун Навоийнинг асарларидан “Назму-л-жавоҳир” асарининг мазмуни, унинг моҳияти, шакли, тузилиши ва таркиби ҳақида маълумот бериб ўтмоқчиман.
Ҳазрат Алишер Навоийнинг 268 рубоийдан иборат “Назмул жавоҳир” асарида ҳазрат Алининг (розияллоҳу анҳу) ҳикматли сўзлари шарҳланган. Милодий Х асрда Шариф Розий тўплаган саҳобанинг ҳикматли сўзлари “Наҳжул балоға” деб номланади. XI асрда “Наҳжул балоға”ни янада мукаммаллаштирган олим Жоҳиз (Амр ибн Баҳр) асарни “Насрул лаолий” (Қимматбаҳо тошларнинг сочилиши) дея номлаган. Кейинчалик ушбу асарнинг маълум қисмларини Рашидиддин Ватвот, Дарвеш Ашраф Хиёбоний форс тилида шарҳлаб, назмга солади. Алишер Навоий ҳазрат Алининг (розияллоҳу анҳу) қабри Балхда экан, деган хабарлардан илҳомланиб, “Насрул лаолий” асарини турк тилида рубоий жанрида шарҳлайди ва уни “Назмул жавоҳир” деб номлайди.
Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Назмул жавоҳир” асари муқаддима ва ҳазрат Али (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ҳикматларининг шеърий таржимаси сифатида келган 268 та рубоийдан иборат. Айнан рубоий танланганидан мақсад, шаклан ихчам, лекин катта маъно ташийдиган жанрда ҳикматлар тез оғизга тушади, одамлар онгига тезроқ сингади. Рубоийларнинг барчаси қофияли ва радифли, яъни, “таронаи рубоий” шаклида битилган.
“Рубоий” арабча “арбаъ” (тўрт) сўзидан ясалган, тўртлик маъносини англатади. Асар муқаддимасидаёқ “тўрт” сони билан боғлиқ қизиқ маълумотлар келтирилади. Масалан, Аллоҳ ҳамди, Пайғамбар наътидан сўнг тўрт саҳоба васф этилади:

Аввалғини фазл дуриға уммон бил,
Сонийсини адл гавҳариға кон бил,
Солисни ҳаё гулбуниға бўстон бил,
Робиъни валоят баданиға жон бил.

Шоир ушбу рубоийда тартиб билан ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон ва ҳазрат Алини ўзига хос услубда васф қилади.

Шундан сўнг ҳазрат Али алоҳида: “Робиъким, аносири арбаъ анинг таркиби махзаниға чаҳор девор ва рубъи маскун чаҳор девори анинг панжаи валояти била барқарордур” сингари жумлалар билан тавсиф этилади. Маъноси: “(Улардан) тўртинчисиким, тўрт унсур (ҳаво, тупроқ, сув, олов) унинг хазинаси таркибини тўрт девордек ўраб туради ва аҳоли яшовчи ерлар тўртдан бир қисмининг тўрт девори унинг ҳокимлик қўли остида барқарордир”. Бу жумлада тўрт сони билан боғлиқ учта бирикма бор: аносири арбаъ, чаҳор девор, рубъи маскун.
Шоир тўртинчи улуғ саҳобани таърифлаш билан чекланмай, тўрт сонига алоқадор кенг қамровли бирикмаларни заргарона қўллаб, ҳам асар бадииятини оширган, ҳам ҳазрат Алига чексиз ҳурматини изҳор этган.
Алишер Навоий ҳикмат дурларини шеър ипига тизар экан, сўз санъати турларидан усталик билан фойдаланиб, уларга айрича жило беради. Масалан, ҳазрат Алининг : “Жалла ман ло йамуту” (Ўлмайдиган Зот буюкдир) ҳикматини бундай назмга солади:

Гардунки халойиқға вафоси йўқ анинг,
Жавр ичра улуғ-кичикка поси йўқ анинг.
Ҳар кимки кичик бўлса, бақоси йўқ анинг,
Кимки улуғ, билки, фаноси йўқ анинг.

Шоир ҳикматнинг маъносини тўртинчи мисрада берган ҳамда “кичик”, “улуғ”, “фано”, “бақо” сўзлари воситасида тазод санъатини қўллаган. Ушбу қарама-қарши маъноли сўзларни келтириб, ўқувчи кўз ўнгида муқоясага шароит яратади ва мақсадига осон етади.

“Саботул мулки фил ъадли” (“Давлат адолат билан мустаҳкам бўлади”) ҳикматининг назми:

Адл айлаки, ул халқ ҳаёти бўлмиш,
Хуш ул кишиким адл сифоти бўлмиш,
Ҳам мулк била адл жиҳоти бўлмиш,
Ҳам адл била мулк саботи бўлмиш.

Яъни, мулк (мамлакат, юрт)нинг саботи – барқарорлиги адолат туфайлидир. Бунинг учун эса ҳукмдор адолатни касб этмоғи керак, дейди шоир. Учинчи ва тўртинчи мисралардаги “адл” ва “мулк” сўзлари ўрин алмашиб тарду акс санъатини ҳосил қилади.
Яна бир ҳикмат: “Содатул умматил фуқаҳоу” (“Умматнинг етакчилари фақиҳлардир”). Бу ўгитда фиқҳ илми улуғланади. Алишер Навоий эса буни асослайди.

Қолған киши касби илмдин заҳмат аро,
Фиқҳ ўргансун саъй ила аввал меҳнат аро,
Илм ичра шараф фиқҳда бил нисбат аро,
Ким, сарвар эрур фақиҳ бу уммат аро.

Яъни, илмсиз машаққатда қолган киши меҳнат қилиб, фиқҳ илмини ўргансин. Шоир ҳазрат Алининг , уммат орасида фақиҳлар бошлиқ, етакчи, маъносидаги ҳикматини шарҳ қилиб беради, деб ёзади академик Азиз Қаюмов.
Рубоийдаги “фиқҳ” ва “фақиҳ” сўзлари бир ўзакдан ясалгани боис иштиқоқ санъати рўёбга чиққан.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкин, тамал тошини ҳазрат Али қўйган “Назмул жавоҳир”даги кўп рубоийларда Алишер Навоий бадиий санъатлардан маҳорат билан фойдаланган. Ташбеҳ жоиз бўлса, шоир халқчил арабий ҳикматлар устига рубоийнинг зарбоф тўнини кийдириб, гўзал иш қилган.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудира ўринбосари Зайнаб Комилжонова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*