Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик

Мамлакатимизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Конституцияда «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар», – деган қоидани белгилаб қўйилгани фикримизнинг ёрқин исботидир.

1991 йилнинг 14 июнида «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Виждон эркинлиги ҳақидаги қонун динга эътиқод қилиш ёки ўзга эътиқодлар эркинлиги миллий хавфсизликни ва жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган даражадагина чекланиши мумкинлигини таъминлайди. Мазкур меъёр 1966 йил 16 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактнинг 18-моддасига мувофиқ. Қонунда диндорларнинг ҳеч қандай тўсқинликларсиз ўз диний байрам ва маросимларини амалга оширишлари, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда диний ташкилотлар тузишлари, диний билим олишлари ҳамда хорижий алоқалар ўрнатишлари белгилаб берилди.

1992 йилнинг 7 мартида эса, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Дин ишлари бўйича қўмита ташкил этилди. Мазкур тадбирларнинг амалга оширилиши ўз аҳамияти жиҳатидан дин ва диндорларнинг ҳаётида муҳим ўрин эгаллади.

Эътиқод эркинлиги, диний бағрикенгликнинг ижтимоий-сиёсий жиҳатлари диний ташкилотлар ва давлат муносабатларида доимо долзарб масалалардан бири бўлиб келган. Бу бежиз эмас, албатта. Дин мамлакат аҳолисини руҳий чиниқтириш ҳамда юксак ахлоқ, Ватан ва халқ манфаати йўлида фидокорлик, поклик, ўз миллатига содиқлик каби қадриятларни кундалик ҳаётга татбиқ этиш орқали турмуш тарзини ўзгартириш ва юрт фаровонлигини оширишга хизмат қилади. У инсондаги қимматли, энг эзгу фазилат ва хислатларни юзага чиқаришга қодир.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, тарихий воқеликлар жараёнида жуда кенг ҳудудларни бошқарган мусулмон ҳукмдорлар бошқа дин вакилларига фавқулодда ҳурмат ва бағрикенглик билан муносабатда бўлганлар. Ислом давлатларида яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам ҳамиша тўла хавфсизликда, тинч-осойишталикда, диний эркинликда яшаб келган.

Салжуқийлар султонлиги ва Усмонлилар империяси даврларида ҳам Исломнинг адолати ва диний бағрикенглиги яққол намоён бўлган. Салжуқийлар султонлиги энг гуллаб-яшнаган даврларда ҳукмронлик қилган Маликшоҳ фатҳ этилган ерларнинг халқларига бағрикенглик ва меҳрибонлик билан муносабатда бўлган, ҳаттоки мусулмон бўлмаганлар ҳам уни чинакамига севиб, ҳурмат қилган. Барча холис тарихчилар Маликшоҳнинг адолати ва бағрикенглигини тан олганлар. Унинг ахлоқи ва олийжаноблиги аҳли китоблар қалбида ҳам унга муҳаббат уйғотган. Кичик Осиёдаги кўпгина шаҳарларнинг аҳолиси Маликшоҳ ҳукмронлиги остига ихтиёрий равишда ўтишга қарор қилишганки, бу тарихда кам учрайдиган ноёб ҳодисадир.

Эътиқодлари учун таъқиб, ўлим ва ваҳшийликларга дучор қилинган, кейинчалик эса Испания ва Португалия католик ҳукмдорлари томонидан қувғин қилинган яҳудийлар Усмонли империя ерларида ором-осойишталик топганлар. Султон Боязид II ҳукмронлиги даври диний бағрикенгликка ёрқин мисол бўла олади. У 1492 йилда Испаниядан қувғин қилинган яҳудийларни қарамоғидаги Эдирне, Ливадия, Тирхала каби шаҳарларга жойлаштирган. Ҳозирги кунда Туркияда яшаётган 25 мингдан зиёд яҳудийлар ўша даврда мусулмонлар юртидан паноҳ топган яҳудийларнинг авлодларидир. Султон Боязид II томонидан намойиш этилган меҳрибонлик ва диний бағрикенглик Мовароуннаҳр ҳукмдорларига ҳам хос эди. Соҳибқирон Амир Темур салтанатига қарашли барча шаҳарларда ва қишлоқларда фуқароларга эркин яшаш, ўз динлари томонидан буюрилган диний қонунлар ва урф-одатларга риоя қилиш ҳуқуқини бериб қўйилганди.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ислом дини инсониятни миллатлар ўртасидаги алоқаларни ўзаро танишув ва ёрдамлашув асосига бино этишга чақиради. Бу борада Қуръони каримда шундай дейилган: «Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот сураси, 13-оят). Демак, одамларнинг асли бир: ҳаммалари Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалган. Айни чоғда, Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб ҳам қўйганини таъкидламоқда. Инсонларнинг турли халқ ва қабилаларга бўлинишининг сабаби эса, ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилиш эканлиги уқтирилмоқда.

Кишилар ўзларича мезон тузиб, бирларининг иккинчиларидан афзалликларини ўлчаб юришади. Кимдир мол – мулкига қараб, кимдир ҳасаби – насабига қараб, яна бирлари танасининг рангига қараб, яна кимдир қабиласи ёки миллатига қараб ва ҳоказо ўлчовлар воситасида ўзини устун қилиб кўрсатади. Ҳамма бир ота ва бир онадан тарқалганлигини, у ота – оналар эса, тупроқдан яратилганини унутиб қўяди.

Оқибатда турли – туман келишмовчиликлар, уруш – жанжаллар ва кўнгилсизликлар келиб чиқади. Ислом динида бу каби ўлчовларнинг ҳеч қандай қиймати йўқ. Улар ҳаммаси бекор қилинади ва ягона мезон сифатида илоҳий ўлчов жорий этилади. Бу ўлчов инсонлар қадрини фақат битта нарсага қараб, яъни, инсоннинг тақвосига қараб ўлчайди: “Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир”.

Ер юзида инсонларнинг қадр – қиймати ушбу илоҳий ўлчов билан ўлчангандагина турли низолар, уруш – жанжаллар ва келишмовчиликлар барҳам топади. Шу сабабдан тинчлик халқлар ўртасидаги табиий алоқа бўлиб қолиши энг зарурий шартлардандир. Бунга ушбу муборак оят ҳам далил бўла олади: «Эй мўминлар, тинчликка барчаларингиз киришингиз» (Бақара сураси, 208-оят).

Халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ҳар бир инсон, жамоа ва миллатлар башариятнинг турли-туман маданиятлардан иборат эканини англаши ва ҳурмат қилиши учун жуда муҳим. Бағрикенгликсиз демократия асослари ва инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаб бўлмайди. Тинчликсиз тараққиёт ва демократия бўлмагани каби, бағрикенгликсиз тинчлик ҳам бўлмайди.
Хулоса қилиб айтганда, давлат ва диний ташкилотлар ҳамда уларнинг ўзаро муносабатлари давлат томонидан қабул қилинган қонун-қоидалар асосида тартибга солинади. Шунингдек, давлат ва дин муносабатларидаги асосий жиҳат – бу диннинг сиёсатга аралашмаслигидир. Зеро, ҳар қандай дин, биринчи ўринда маънавий-ахлоқий жиҳатни ўз ичига олади. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, мамлакатимизда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунга амал қилинади. Бу қонун моҳиятига кўра толерантлик тамойилига асосланганлиги ҳам фикримизнинг ёрқин исботидир.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти
мударрисаси Н.Абдукаримова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*