“Адабиётнинг бола тарбиясига таъсири”

Боланинг ёшликда олган билими тошга ўйилгандек сақланиб қолади. Айнан шунинг учун ҳам болалар тарбиясида болалар адабиётининг ўрни беқиёсдир. Зеро, агар пойдевор мустаҳкам бўлмаса, бино қанча баланд бўлмасин, бир куни, албатта, қулаб тушади. Бола тарбиясида эса аҳамиятсиз нарсанинг ўзи йўқ.
Адабиёт болаларнинг мурғак юракларида яхшилик, меҳр-оқибат, ҳалоллик, ватанпарварлик, эзгулик каби туйғуларни тарбиялайди.
Адабиёт тарбия воситаси. Буни тан олмасликни мен адабий бодилик, деб тушунаман. Тўғри, адабиёт муаллим ёки ота-она каби бевосита тарбия билан шуғулланмайди, аммо у туйғуни, дидни, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги тасаввур чегарасини, кўнгил ва қалбни тарбиялайди. Шунинг учун у тарбия воситасидир.Инсониятнинг бугунги кўплаб фожиаси маълум маънода адабиётдан узоқлашиши ёки у билан қалбларини тарбияламай қўйгани билан боғлиқ экани дунё алломалари ўртасида таҳлил қилинган ва қилинаяпти. Санъат, жумладан, адабиёт тарбияламаган қалб ваҳшийликка, ёвузликка, тубанликка мойил қалбдир. Чунки адабиёт билан тўлган қалбга ёвузлик кириб олиши қийин кечади, кўнгил майли ёвузлик томонга ўтишдан олдин у ерда адабиёт бунёд этган қўрғонларни, қалъаларни бузиб ташлашига тўғри келади. Адабиёт билан тўйинган қалб, онг – пойдевори мустаҳкам бинога ўхшайди. У залолатга бошловчи кўплаб зилзилаларга дош бера олади. Адабиёт ва санъат тарбияламаган қалб “енг паст балли силкинишларга” дош беролмай, тўкилиб кетади. Бу – асрлар оша исботланган ҳақиқат. Адабиётнинг кишилик онгу тафаккурида, маънавий олами, маданий тараққиётида тутган ўрнидан хабари бор, калом санъатининг нима учун пайдо бўлгани-ю унинг бош вазифаси нималигини билганларга бу гапларни гапириб ўтириш ортиқчадай туюлиши мумкин. Аммо хавотир-савол бекорга қўйилгани йўқ, афтидан. ХХI асрга келиб, адабиётнинг ҳаётда, ижтимоий муносабатларда, оммавий эътирофларда, тарбияда, “оломончилик диди ҳукмрон дидга айланган” (Ортега Гассет) паллада очиқчасига шубҳа қилинаётгани туфайли бир оғиз “Ҳа!” деб қўйишнинг ўзи ҳам етарли эмасга ўхшайди. Тан олиш қанчалик оғир ва ачинарли бўлмасин, адабиёт бугунги кунда ўзининг эллик йил олдинги ўрнини бутунлай оммавий маданият унсурларига бўшатиб бераётгани айни ҳақиқат.
Аслида, дидга, савияга, ҳақиқий адабиётга ҳамиша ҳам хуруж бўлиб турган.Айнан шу сабабли ҳам биз ёзилган ҳар бир асарни адабиёт, деб қабул қилолмаймиз. Адабиётнинг ўз қонунлари ва талаблари бор. Ана шу қонунга ва талабга бўйсунмаганлар адабиёт бўлолмайди. Шулардан энг биринчи талаб – адабиёт ҳамиша эзгулик тарафида бўлган ва эзгуликни ҳимоя қилган, руҳни эзгулик томон бошлаган. Ана шу бирламчи қоидага амал қилинмаган бўлса, бундай асарни адабиёт, деб бўлмайди.
Адабиёт тарбия воситаси.Буни инкор қилиш тафаккурни, онгни, маънавиятни, инсонийликни, сўзнинг муқаддаслигини, умуман, инсоннинг муқаддаслиги ва уни илоҳият билан боғлаб турувчи ришталарни тан олмаслик, рад этиш билан баробардир.
Менимча, бу саволга асл жавоб бизни, барибир, ижод ўзи нима деган савол билан рўбарў қилаверади. Чунки ҳақиқий адабиёт бу ижод маҳсулидир. Ижод маҳсули бўлмаган нарса адабиёт бўлолмайди. Шундай экан, “ижод” ўзи нима? Биз қай ҳолатда асарни ижод маҳсули, дея оламиз? Ижоднинг ҳунармандчиликдан фарқи нима?! Қунт қилинса, ҳунарни ўрганса, ўзлаштирса бўлади. Бироқ ижодни ўзлаштириб, ўрганиб бўладими? Шу пайтгача “ўрганиб” ижодкор бўлганларни эшитганимиз йўқ. Ўрганиб олим бўлиши мумкин, бироқ ижодкор бўлолмайди.Ижодкорлик инсонда туғма бўлади. Буни ҳеч ким инкор қилолмайди. Мабодо, ижодкорлик кишида туғма бўлар экан, унда ижод қай маънодадир илоҳий ҳодисадир.Фақат бундай қобилияти бор киши уни юзага чиқишига имконият бериши қолади, холос. Имконият эса билимлар, ўқиб-ўрганишлар, “99 фоиз меҳнат-машаққат” эвазига яратилади. Ижодкорлик асл Маънони ўқий олиш ва бошқаларга етказа олиш қобилияти деганидир. Маъно – эзгулик шоҳсупасининг сўнгги поғонасидир. Бу хил қобилият инсон вужудига руҳ билан бирга киради ва ҳамиша яхлитликка, бутунликка, ўзагига, аслга қараб интилади, одамдан ҳам шуни талаб қилади. Айнан шунинг учун ҳам ижодкорлик – илоҳиятга дахлдорликдир.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудира ўринбосари Зайнаб Комилжонова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*