Қуръон – метин арқон

Қуръон Аллоҳ таолонинг метин арқонидир. Ким уни маҳкам тутса ва тадаббур ила тиловат қилса, у дунё ва охират неъматларига эришади. Ким Аллоҳ таолонинг розилиги учун Қуръон тиловат қилса, ҳақиқий нажот топувчи ва асл шифодан ҳузурланувчи бўлади. Ҳақиқатан, Қуръон-бу шифо. Ҳам танамиз, ҳам қалбимиз учун илоҳий малҳамдир. Илм-фан қанча ривожланмасин, инсон қалбини Қуръондан бошқа нарса билан даволаб бўлмайди. Қуръон бизнинг қалбимизни ислоҳ қилиш учун туширилган. Қуръон бизни энг тўғри йўлга бошлаш учун, фароғат масканларининг саодат калитларига эга бўлишимиз учун нозил қилинган. Қақраб ётган ерга ёмғир ёғса, кўп ўтмай кўзни қувнатувчи майсалар униб чиққанидек, шифо талабидаги қалблар Аллоҳни зикр қилишлиги билан яшнайди. Қуръон эса зикрларнинг энг каттасидир.
Қуръон ўқишлик ила инсоннинг қалбидаги занглар ювилади, ғиллу-ғашлик арийди. Усмон ибн Аффон (р.а)нинг: “Агар қалбларимиз пок бўлса, Роббимизнинг каломидан тўймайди”,- деганлари ҳам бежиз эмас. Ҳукамолардан бири қуйидагиларни ҳикоя қилган: “Қуръони Каримни тиловат қилардим-у, ҳаловатини топмас эдим. Кейин Расулуллоҳ (с.а.в)нинг саҳобаларига тиловат қилиб бераётганларини эшитгандек бўлиш даражасига чиқдим. Кейин яна юқори даражага кўтарилиб тиловат қилганимда ҳудди Жаброил (а.с)нинг Набий (с.а.в)га тиловат қилаётганларини эшитаётгандек бўлишга эришдим. Сўнгра Аллоҳ менга бир даражани бердики, ҳозир уни мутакаллимнинг ўзидан эшитаётгандек ҳолга сазовор бўлдим. Ана шунда фироқига чидай олмайдиган даражада ҳаловат ва лаззатга эришдим”.
Бир ўйлаб кўринг, Қурўннинг бизга қандай таъсири бор? Муборак Каломдан қанчалик ҳаяжонга тушамиз?
Қачондир йўлда кетаётган пайтимиз дўстларимиздан мактуб олсак, дарров бир четга чиқиб, синчковлик билан ўқиймиз, нима демоқчилигини билиш учун бор диққатимизни қаратамиз. Холбуки, Аллоҳ бизга Китоб юборди, уни тушуниб амал қилишимиз учун такрор-такрор буюрган амрлари бор. Хўш, биз учун ўша дўстларимизча қадр-қиймати йўқми Каломуллоҳнинг?
Аллоҳ таолонинг Китобини тиловат қилиш-унга кўз югуртириб чиқиш ёки ёдлаб олган жойини шуурсиз такрорлаш эмас. Қуръон тиловати уни бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда тадаббур ила ўқиб, унга амал қилишдир.Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олувчи ва унга амал қилувчи инсон менинг аҳлимдир деган ва Жаннатни ваъда қилган. Қуръон ўқувчи инсон бошқалар ухлаганда бедор бўлади, бошқаларнинг оғзи очиқ бўлганда, у рўзадор бўлади, барча кулганда у маҳзун бўлади. Қуръон ўқишликнинг ўзи бир саодат, уни ёдлашлик унданда улуғроқ саодат, унга амал қилиш эса инсон учун берилган энг улуғ саодатдир. Хасан Басрий: “Гарчи Қуръон ўқимаса (ёки тўлиқ ёдламаган бўлса) ҳам, унга амал қиладиган инсон одамлар ичида Қуръонга энг ҳақлидир”,-деб айтганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Шууро сурасида марҳамат қилади: “Ана шунга ўхшаш, сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Китоб нималигини ҳам, иймон нималигини ҳам идрок қилмас эдинг. Лекин уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан кимни хоҳласак ҳидоят қилурмиз. Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан”. Оиша (р.а)дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в): “Қуронга моҳир бўлган киши мукаррам, ўта яхши фаришталар билан бирга бўлади. Ўқиганда қийналадиганга икки ажр бордир” ,- дедилар. Аввал бошидан айтилганидек, Қуръон ҳақиқатда метин арқондир. Кимки бу арқонни маҳкам тутса, у ўша инсонни икки дунё саодатига етаклайди, бу дунёда нур бўлиб, охиратда инша Аллаҳ шафоатчи бўлади.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти 1-курс талабаси М. Абдиева

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*