Жон қўшни

Инсон бу дунёда яшар экан, доимо мулоқотга ва алоқа қилиб турадиган одамга муҳтож бўлади. Ана шундай одамлардан бири қўшнилар бўлиб, улар инсон ҳаётига чамбарчас боғлиқдир. Киши ҳаётида қўшни муҳим ўрин тутиб, кўпинча, осойишта, тинч ва бахтли ҳаёт кечиришининг ката омили ҳисобланади. Инсонга яхши қўшни учрашлиги Аллоҳ Таоло томонидан мукофотдир. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Мўмин кишининг саодати солиҳ қўшнисидадир” деганлар.
Халқимизда “Ён қўшни-жон қўшни” деб бежиз айтилмаган. Дин нуқтайи назаридан эса, бунга алоҳида эътибор қаратилган, уларнинг бир-бирларидаги ҳақларига ҳам юқори аҳамият берилган. Ҳамсояларга яхшилик қилиш Аллоҳга маҳбуб амаллардан бири бўлиб, ҳақиқий мўмин банда бу ишда собит қадам бўлиши даркор. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
“Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин” дея таъкидлаганлар. Яна бир ҳадисда эса:
“Шўрва қилсанг, сувини кўп қил. Сўнгра қўни-қўшниларнинг аҳли байтига назар сол. Ундан уларга ҳам улаш”, деганлар. Ушбу ҳадисдан кўринадики, ҳеч бўлмаса, шўрванинг сувини кўпроқ қилиб бўлса ҳам қўшнилардан хабар олиб туриш лозим.
Қўшни хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ ғайридин бўлсин, унга яхшилик қилиш ва алоқани тиклаш лозим.
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:
“Унинг қўйи сўйилди. У хизматчи йигитга: “Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми? Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми?- деб сўради. Сўнг: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг: “Жаброил менга қўшнига яхшилик қилиш ҳақида шу қадар тавсия қилдики, ҳатто, уни меросхўр қилса керак, деб ўйлаб қолдим” деганларини эшитганман”-деди.
Бу ҳадисларда саҳобалар Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг айтган гапларига қай даражада амал қилишлари яққол кўриниб турибди. Улар яҳудий ёки ғайридин деб эмас, балки қўшни бўлганлиги учун яхшилик қилишган. Ушбу ҳадисдан олинадиган яна бир фойда, қўшнилар ўзаро совға-саломлар улашиши алоқаларни мустаҳкамлайдиган восита эканлигидир.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “ Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
“Эй мўмина аёллар! Сизлардан ҳеч бир аёл зинҳор ва зинҳор қўшни аёлга қўйнинг куйган туёғини ҳам арзимас санамасин”,-дедилар”.
Ушбу ҳадиснинг маъноси шуки, одам ҳеч қачон ҳадя қилаётган нарсасини, у оз бўлса ҳам, ҳақир санамай, чин кўнгилдан бериши лозим. Агар шуни ҳам бермаса аста-секин арзийдиган нарсаларни ҳам бермай қўйиши ва бу эса қўшнилар орасидаги меҳр-оқибатнинг йўқолиб боришига олиб келади.
Шу ўринда қўшнига яхшилик қилиш қандай савобли амал эканлигини ўрганиб чиққан бўлсак, унинг зидди, яъни унга озор беришнинг гуноҳи қай даражада бўлишини тасаввур қилиб кўрайлик. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
“ Аллоҳга қасамки, мўмин эмас, Аллоҳга қасамки, мўмин эмас, Аллоҳга қасамки, мўмин эмас” дедилар. “ Ким ё Расулуллоҳ?” деб сўрашди. “ Ёмонлигидан қўшниси хотиржам бўлмаган кимса” дея жавоб бердилар(Мутафаққун алайҳ). Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда эса: “ Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган кимса жаннатга кирмайди” дейилган.
Хулоса қилиб шуни айтиш жоизки, Аллоҳдан савоб умид қилган мусулмон ҳамиша қўшнилари орасида меҳр-мурувватни кўпайтириши ва уларга зарар етказмаслиги зарур.
Аллоҳ Таоло барчамизга хулқларнинг гўзалини ва амалларнинг солиҳини насиб этишини сўраймиз. Албатта, У саҳовати кенг, барча нарсага Қодир Зотдир.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус ислом билим юрти
2-курс талабаси Собирова Рухсора

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*