Устозларга ҳурмат

Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи илоҳий диндир. Зеро, инсон дунё ва охиратининг обод бўлиши илм олиши ва унга амал қилиши билан боғлиқдир. Қуръони каримнинг кўплаб оятлари ва Пайғамбаримиз ﷺ нинг қатор ҳадисларида ушбу маънолар баён этилган. Илм –руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса саъй-ҳаракат, тинимсиз меҳнат, ғайрат ва матонат билан эгалланиб, толибларга улашилади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга “пайғамбарларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида марҳамат қилинади, шунингдек, илмли кишининг илмсиз кишидан даражаси юқори эканлигини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар:
“فَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِي عَلَى أَدْنَاكُمْ” (رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).
яъни: “Олимнинг обиддан устунлиги худди менинг сизлардан энг қуйи даражадаги кишидан устунлигим кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Устозга меҳр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак. Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит (р.а.) нинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: “Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб, кибрланса жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли”. Савол туғилади, нима учун устозларни ҳурмат қилиш керак? Ахир ўргатаётган илмлари учун ҳақ олишяпти-ку? Мана шундай ноўрин ва тор фикрлар баъзиларнинг ҳаёлидан ўтиши мумкин. Шу каби фикрга эга бўлган шахсларга айтамизки, Аллоҳ таоло бандаларига турли неъматларни турли хил воситалар орқали берган. Масалан, иймон неъматини Пайғамбарлари орқали берди ва уларни ҳурмат қилишни бизларга вожиб қилди. Шунингдек, ҳаёт неъматини ота-онамиз орқали берди ва уларни эъзозлаб, эҳтиром кўрсатишлигимизни оят ва далиллар орқали буюрди. Илм неъматини эса устозлар орқали берди. Шу сабабли устозларга ҳурмат кўрсатиш сиз-у бизга вожибдир. Чунки инсониятнинг энг биринчи муаллими Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Буни ушбу оятдан билиб олсак ҳам бўлади:
و علم ءادم الأسماء كلها …}“Ва У Зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди”. (Бақара сураси, 31-оят.)
Ушбу ояти каримадан Аллоҳ таоло Одам (а.с)га, барча нарсаларнинг исмларини ўргатганлигини тушунамиз(еру осмондаги нарсаларни барчасини). Энди Одам(а.с)ни Аллоҳ таоло у кишига илм бермасидан олдинги ҳолатларини тасаввур қилиб кўрайлик; жони бор лекин ақли йўқ. Аллоҳ таоло фаришталарига Одам (а.с) яратибоқ сажда қилишни буюрмади, балки унга барча нарсаларни исмини ўргатгандан сўнг
Одам(а.с)га ҳурмат саждасини қилишга буюрди. Шундан сўнг, У кимга илм ато этадиган бўлса уни ер юзида азиз қилиб қўйди.
{يرفع الله الذين آمنوا منكم والذين أوتوا العلم دراجات}
“Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур”. (Мужодала сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло “кўтармоқ” феълини мозий маъносида эмас балки музореъ(келаси ва ҳозирги замон) маъносида ишлатди. Яъни олдингиларникини кўтарибгина қолмай ҳозирги ва яна ҳали келадиганларникини ҳам кўтаради.

Мамлакатимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг маънавий-маърифий даражаси устоз ва мураббийларга бўлган муносабатга қараб баҳоланади. Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлодни баркамол ва этук маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир. Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда тенглар ичра тенг овоз билан халқаро майдонда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1-октябр куни “Устоз ва мураббийлар куни” деб белгиланиб, шу кунда халқимиз байрам қилиб, устозларга кўпроқ хурмат-иззат кўрсатадилар, дилларига хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қиладилар. Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда, беихтиёр ҳазрати

Мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.

Ҳақиқатан ҳам, “устоз отангдек улуғ” деб, аждодларимиз бежиз айтишмаган. Чунки, ота фарзандни дунёга келтирган бўлса, устоз унга одамийликдан сабоқ берган. Бир машҳур зотдан, нима учун устозингизни отангиздан ҳам ортиқ кўрасиз, деб сўрашганда: “Отам менинг ерга тушишимга сабаб бўлган, устозим эса руҳимни тарбиялаб, кўкка етишимга сабаб бўлди”, – деган экан. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтади: ”Ким олимнинг олдига келиб, у билан бирга ўтирса, унинг илмини эгаллашга қодир бўлмаса ҳам, унга еттита яхшилик бордир:
– биринчидан, талим олувчиларнинг фазилатига эришади;
– иккинчидан, олим билан бирга ўтиришда давом этса , гуноҳ ва хатолардан холи бўлади;
– учинчидан , уйидан чиқса, унга Аллоҳнинг раҳмати тушади;
– тўртинчидан, олимнинг олдига ўтирганларга раҳмат тушади, демак, унга ҳам шу раҳматдан насиба етади;
– бешинчидан, модомики, эшитиб турар экан, унга ҳам яхшилик ёзилади;
– олтинчидан, малоикалар олимлардан рози бўлиб, уларни қанотлари билан ўраб туради. Табиий, ушбу мажлисда ўтирган ҳам бундан насиба олади;
– еттинчидан, ҳар бир қўйган ва кўтарган қадами гуноҳлари учун каффорот бўлади, даражасини юксалтиради ва яхшиликларини зиёда қилади.
Баркамол авлод ва соғлом жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва икки дунё саодатига мушарраф этишини сўраб қоламиз!

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти
1-курс талабаси М. Олимжонова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*