Қуръон тиловати

Аллоҳнинг Каломи бу- Қуръон Аллоҳнинг неъмати бу- Қуръон Аллоҳнинг ҳидояти бу-Қуръон Аллоҳнинг раҳмати бу-Қуръон
Ҳаётбаҳш рухдир бу-Қуръон Илмлар макони бу-Қуръон Бурхондир бу-Қуръон Фурқондир бу-Қуръон
Қуръон бу – Жаброил алайҳиссалом орқали, Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган, тиловати ибодат ҳисобланган, ожиз қолдирувчи, мушафларда ёзилган, қалбларда ёдланган, тилларда ўқилган, дастуруламал ўлароқ нозил қилинган Аллоҳнинг Каломидир.
Қуръон уммат учун неъмат ва раҳмат, мўминлар қалбига ҳаётбаҳш этувчи руҳ, у шундай китобки, Аллоҳ таоло унинг муҳофазасини бирор бир фариштага ёки пайғамбарга ёки инсонга юкламай, Ўз зиммасига олган : “Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва албатта Биз унга муҳофазачимиз” (Ҳижр,9).
Каломуллоҳ шундай китобки, у қироат қилинганида, Аллоҳ таоло бизни жим туришга ва унга қулоқ осишга буюрган: “Қачон Қуръон тиловат қилинса, унга қулоқ осинглар ва жим туринглар, шояд, раҳм қилинсангиз ” (Аъроф, 204).
У шундай Китобки, у тиловат қилинаётганда ёки ўрганилаётганида фаришталар, сокинлик ва раҳмат нозил бўлур: Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:”Бир киши икки арқон билан боғланган отнинг ёнида Каҳф сурасини ўқир эди. Уни булут ўраб олди ва айланиб, яқинлаша бошлади. Оти бундан хуркий бошлади. Тонг оттиргач, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга келиб, й зотга буни зикр қилди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам:”Қуръон (тиловати) учун (тушган) сакинадир”,дедилар” Икки шайҳ ва имом Термизий ривояти.
Дарҳақиқат, у шундай китобки уни тиловат қилиш ва эшитишнинг ўз одоб ва ҳақлари бор. Унинг ҳақлари: тартил билан ҳарфларининг ҳаққини бериб ўқиш. Аллоҳ таоло: “ … ва Қуръонни тартил билан тиловат қилинг!” (Музаммил, 4).
Қуръон хулқи билан хулқланишлик, унга амал қилишлик, тафаккур, тадаббур қилиш, имкон қадар уни тушунишликка ҳаракат қилиш, унда буюрилган амрларга итоат этиб, қайтариқлардан қайтиб, қиссалардан ибрат олишимиз кераклиги ҳам унинг ҳақ ва одобларидандир.Аллоҳ амалдан юз ўгириб, тил билангина тиловат қилувчиларга бундай хитоб қилган: “Ким менинг эслатмамдан юз ўгирса, (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз” (Тоҳа, 124)

Аввало, қироатда ихлосли бўлиш ва фақат Аллоҳнинг розилигини талаб қилиб, бошқа мақсад кўзламаслик, зеҳнни бир жойга қўйиб, ундаги маъноларни тушуниш талаб этилади. Қуръон тиловат қилувчи Аллоҳга мурожаат этаётганини, У Зотни кўриб тургандек ҳис қилишингиз, агар ҳис қила олмасангиз, У Зот сизни кўриб турганини зеҳнингизга жойланг. Қуръон тиловати олдидан мисвак ишлатиш ёки шунга ўхшаш нарсалар билан оғизни тозалаган мақул ва бу мисвак арок дарахтидан бўлгани афзал. Мисвак қилишни ўнг томондан бошлаш суннат амаллардандир.Қуръон хатм қилинганида яхшилаб, таъкидлаб, қабул бўлишига ишонган ҳолда дуо қилиш мустаҳабдир. Ҳумайд Аъраж розияллоҳу анҳу айтадилар:”Ким Қуръон ўқиб, сўнг дуо қилса, дуосига тўрт минг фаришта омин, деб туради”.Имом Доримий ривояти.
Қуръонни ҳушуъ-ҳузу ва тадаббур билан ўқиш лозим. Шунда қалб юмшаб, нурга тўлади. Қуръон ўқувчи уни ўқиётганида йиғлаши, агар йиғлай олмаса, ўзини йиғлашга мажбурлаши мустаҳабдир.Бунга Аллоҳ таолонинг Китобида: “Улар, йиғлаган ҳолларида, юзлари билан йиқилурлар ва (Қуръон) уларнинг камтарлик-ларини зиёда қилур”(Исро,109), дея марҳамат қилинган.
Қуръон ўқиш зикрларнинг афзалидир. Қуръон ўқувчи эртами – кечми, мусофирми муқимми, унинг тиловатини тарк қилмаслиги, бардавом бўлиши лозим.Салаф уломоларимиздан баъзилари икки ойда, айримлари ҳар ойда, бошқалари ҳар ўн, саккиз ёки етти кунда Қуръонни хатм қилар эди.Олти, беш, тўрт ёки уч кунда хатм қилувчилар ҳам бор эди. Бундан ташқари, ҳар кеча кундузи хатм қилувчилар бўлган. Саййид Жалил ибн Ҳотиб ас-Сувфий кечаси тўрт марта, кундузи тўрт марта Қуръонни хатм қилардилар.Тобеин Мансур ибн Зозон ибн Ибод эса пешин билан аср орасида хатм қилардилар.
Қуръон қироати учун ихтиёр қилинган вақтнинг энг яхшиси намозда бўлганидир. Намозда қиёмни қироат билан узун қилиш, сажда ва ундан бошқа ўринларда узоқ туришдан афзалроқдир. Намоздан ташқаридаги қироат эса кечаси бўлгани яхшироқдир.Кечанинг иккинчи ярмида бўлгани эса аввалидагидан аълороқдир. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Қуръонни хатм қилувчининг хатми кечанинг аввалига тўғри келса, фаришталар тонг отгунча унга саловат айтишади. Агар кечанинг аввалига тўғри келса, эртаси куннинг кечқурунигача саловатда бўлишади”. Имом Аҳмад ривояти. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:”Бир кеча ва кундузда эллик оят ўқиган одам ғофиллар қаторида ёзилмайди, юз оят ўқиган киши кечани иҳё қилиб (жонлантириб), Аллоҳнинг ибодатида узоқ турувчи, деб ёзилади, икки юз оят ўқиган киши билан Қуръон қиёмат куни ҳужжат талашмайди, беш юз оят ўқиган одамга эса, бир неча қинтор ажр
ёзилади”,дедилар. Имом Ибн Сунний риваяти.
Кундузги тиловатнинг энг яхшиси бомдод намозидан кейингиси ҳисобланади.Тиловат учун уламолар ихтиёр қилган кунлар жума, душанба, пайшанба ва арафа кунларидир, зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида ва рамазон ойида.Қуръон хатм қилишнинг ҳеч вақт кароҳияти йўқ.
Холид ибн Башир Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан у киши Набий алайҳиссаломдан ривоят қилади: Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар:”Ким Қуръонни намозида туриб ўқиса, ўқиган ҳар бир ҳарфига юзта яхшилик бордир, ким Қуръонни намозида ўтириб ўқиса, ҳар бир ҳарфига элликта яхшилик ёзилади, ким Қуръонни намозидан бошқа вақтда ўқиса, унга ҳар бир ҳарфига ўнта яхшилик бор ва ким Аллоҳнинг Китобини эшитса, ажр хоҳласа унга ҳар ҳарфи учун битта яхшилк ёзилади. Ким Қуръонни ўқиб тугатса, дуоси мустажоб бўлади, тезда ёки кейинроқ берилади”. Муоз ибн Жабалдан ривоят қилинади:Пайғамбар алайҳиссалом аядилар:”Уч нарса дунёда ғарибдир: Золимнинг ичидаги Қуръон, ёмон қавм ичидаги яхши киши,уйда ўқилмай турган Мушаф”.

Эҳ қанийди Аллоҳдан қўрқиб, Вужудимиз, қалбларимиз титраса. Эҳ қанийди Аллоҳга муҳаббатдан, Тилларимиз, дилларимиз тўхтамаса зикрдан. Эҳ Аллоҳим қанийди намозларда Бўлса, ҳушуъ-ҳузулар. Амалимиз бўлсаю, бўлсак тақводор банд

“Ҳадичаи-Кубро” мадрасаси 2-курс талабаси Алимова Маҳфуза.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*