ЎЗБЕКИСТОН – АНЪАНАВИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ЎЛКАСИ

Она Ватанимизда 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни ҳар йили кенг миқёсда нишонланиб келинмоқда. Мазкур муҳим санага бағишлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетида конференция, анжуман, семинар ва маънавий-маърифий тадбирлар ташкил қилинган гўзал анъананага айланган. 2014 йил 12 ноябрда мазкур олий таълим муассасида “Диний бағрикенглик ва миллатларо тотувлик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусида Халқаро конференция ташкил қилинди. Унда иштирок этган хорижлик мутахассислар Ўзбекистондаги бағрикенглик муҳитига ҳавас билан боқиб, мамлакатимиз бу борада дунёга намуна бўла олишини эътироф этдилар. 2018 йил 16 ноябрда Халқаро бағрикенглик кунининг 21 йиллик байрами юртимизда кенг нишонланмоқда.
Шу муносабат билан Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида 2018 йил 15 ноябрь куни Ўзбекистон – анъанавий бағрикенглик ўлкаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда мудира ўринбосарлари, ўқитувчилар ва билим юрти талаба қизлари қатнашдилар. Соҳа бўйича мутахассис Ўзбекистон Халқаро ислом академияси “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО кафедраси” катта ўқитувчиси Саидавзал Саиджалолов маъруза қилди. Маърузада бағрикенглик гўзал инсоний фазилатлардан ҳисобланади. Бағрикенглик – яқинларингиз, ўзингиздан катталар ёки кичиклар, дўст ва тенгдошларингиз билан гаплашаётганинизда, муомала қилаётганингизда, турли муносабатларингизда риоя қилишингиз зарур бўлган гўзал хислат экани тўғрисида маълумот берилди.
“Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси”да бағрикенглик тушунчасига шундай таъриф берилган: “Бағрикенглик – бизнинг дунёмиздаги турли бой маданиятларни, ўзини ифодалашнинг ва инсоннинг алоҳидалигини намоён қилишнинг хилма-хил усулларини ҳурмат қилиш, қабул қилиш ва тўғри тушунишни англатади. Уни билим, самимият, очиқ мулоқот ҳамда ҳур фикр, виждон ва эътиқод вужудга келтиради.
Бағрикенг (“толерант”) атамасининг луғавий маъноси лотинча – “чидамоқ” сўзидан олинган. Толерантлик бирор нарсани, ўзгача фикр ёки қарашни, ўз шахсий тушунчаларидан қатъи назар, имкон қадар бағрикенглик ва чидам билан қабул қилишни англатади, дейди соҳа мутахассиси С.Саиджалолов.
Мазкур фикрлардан сўнг талаба қизлар бағрикенглик, айниқса диний бағрикенгликка бизнинг юртимиздаги муносабат ҳақида саволлар бердилар. С.Саиджалолов бизнинг юртимизда қадим-қадимдан зардуштийлик, буддавийлик, христианлик ва яҳудийлик динларига эътиқод қилувчи кишилар аҳил яшаб келганлар. Бу азалий анъана ҳозиргача давом этмоқда. Диёримизда турли миллат ва динга мансуб кишилар ўз тақдирлари ва фарзандлари келажакларини Ўзбекистон билан боғлаб, диний бағрикенгликда яшаётганлари, шунингдек, бугун Ўзбекистонда 16 диний конфессия вакиллари ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирмоқдалар. 2017 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, юртимизда 2244 та диний ташкилот рўйхатга олинган бўлиб, улар динлараро қуйидаги нисбатда тақсимланганлар:
Ислом – 1 та конфессия, 2069 диний ташкилот
Христианлик – 11та конфессия, 159 диний ташкилот
Яҳудийлик – 1 та конфессия, 8 диний ташкилот
Баҳоийлик – 1 та конфессия, 6 диний ташкилт
Кришнаийлик -1 та конфессия, 1 диний ташкилот
Буддавийлик – 1 та конфессия, 1 диний ташкилот мавжуд экани, бу маълумотлардан ҳам бизнинг юртимизда диний бағрикенглик энг олий даражада экани яққол кўриниб тургани ҳақида таъкидлаб ўтди.
Яна айтиш мумкинки, бағрикенгликнинг гендер, ирқий, миллий, лисоний, диний, мулкий ва ижтимоий каби турли кўринишлари мавжуддир. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида жамият аъзолари ўртасидаги тенглик тамойили қуйидагича ўз ифодасини топган: Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Бағрикенгликнинг уч даражаси бор бўлиб,
– Биринчидан, бирор кимса билан гаплашаётганингизда унинг хулқи ёки кўринишидаги бирор жиҳат сизга ёқмай қолди. Шунда ҳам сабр билан, унинг “айби”ни юзига солмай тоқат қилдингиз. Бу бағрикенгликнинг қуйи даражасидир.
– Иккинчидан, иккинчи сизга кимдир нотўғри ва қўпол муомала қилди. Одоб қоидаларини бузди. Унга нисбатан сабр қилишингиз бағрикенгликнинг ўрта даражасидир.
– Учинчидан, сизга бирор жиҳати ёқмай қолган ёки сизга нисбатан нотўғри муомала қилган инсонга кечиримлилик билан муносабатда бўлишингиз ва унинг камчилигини кўтариб, ҳеч нима бўлмагандек энг гўзал муомалада бўлишингиз бағрикенгликнинг олий даражасидир. Сабаби, ёмонликни яхшилик билан бартараф қилиш илоҳий амр бўлиб, унга буюк бобокалонларимиз, олиму алломаларимиз, фозилу арбобларимиз, мутафаккир аждодларимиз асрлар давомида амал қилиб келганлар.
Соҳа мутахассиси С.Саиджалолов ўзининг юқоридаги таҳлил натижаларини келтириб ўтаркан, фикрига қўшимча сифатида дунёда мавжуд 7,5 миллиард одамнинг ҳар бири ўз диний ва эътиқодий дунёқарашига эга экани, дунё аҳолисини инсоният деб аталмиш ягона тушунча бирлаштириши, барча одамзотнинг илк отаси Одам Ато ва дастлабки онаси Момо Ҳавонинг фарзандлари экани, шундан келиб чиқиб, ҳар бир инсон бошқа бир инсонни тили, дини, миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар ўз биродари, опа-синглиси ёки ака-укаси сифатида кўриши ва ҳурмат қилиши кераклигини уқтирди. Бир сўз билан айтганда, дейди С.САиджалолов:
– диний бағрикенглик – бирор кишига нисбатан унинг дини ва эътиқодига қараб эмас, балки унинг аввало инсон эканлигини эътиборга олган тарзда муомала қилишни англатади.
– диний бағрикенглик – ҳар бир инсон ўз динига эътиқод қилишга ҳаққи борлигини тан олишдир.
– диний бағрикенглик – ўзга дин ва эътиқод вакилларига нисбатан ҳурматда бўлишдир.
– диний бағрикенглик – ўзи учун бегона бўлган дунёқараш вакилларига нисбатан хавотир ва нафрат билан эмас, балки хотиржамлик ва самимият билан муносабат кўрсатишдир, дея хулоса қилиш мумкин.
– Давра суҳбати жонли ва қизиқарли ўтди, суҳбат сўнгида талаба ва ўқитувчилар “Бағрикенглик” мавзусида ҳамкорликда бирор китоб ёки рисола чиқариш таклифини бердилар ва таклиф ижобий қабул қилинди.

Маънавий-маърифий ишлар бўйича
мудира ўринбосари З.Комилжонова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*