Биз учун гўзал намунасиз Ё Расулаллоҳ!

“Албатта, кимнинг Аллоҳдан ва қиёмат кунидан умиди бўлса, шулар учун уларда яхши ўрнак боре ди. Лекин ким юз ўгирса, Аллоҳ беҳожат, мақталган Зотдир!”
(Мумтаҳана 6-оят)
Бизларни Муҳаммад (саллоҳу алайҳи васаллам) нинг умматлари бўлишдек шарафга муяссар айлаган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин.
Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш йўлларини мукаммал тарзда бизга таълим берган ҳабибимиз Расулуллоҳ (саллоҳу алайҳи васаллам) га кўплаб салот ва саломлар бўлсин…
Ё Расулаллоҳ, сиз биз умматга ҳар бир соҳада гўзал намунасиз. Сиз ниманики буюрган ва нимадан қайтарган бўлсангиз, ўша амалларда биз учун хайр ва барака бордир. Ё Расулаллоҳ, сиз бизни ҳаётимизни, динимизни муҳофаза айлагансиз…
Агар устоз шогирдига вазифани тўлалигича етказиб бермаса, ўқувчида ушбу илм нуқсонли бўлади. Ё Расулаллоҳ, сиз бизларга ислом таълимотларини шу даражада мукаммал етказиб бермаганингизда, бизни барча амалларимиз нуқсонга учрарди. Устоз ўзи амал қилмай маруза қилса, насиҳати чин қалбдан эмас, қуруқ сўздан иборат бўлса, толиби илм учун бу маруза манфаатсиз бўларди. Чунки, илм амал билан тирикдир. Қалбдан чиққан гаплар гаплар қалбга етиб боради. Ё Расулаллоҳ, сиз барча сўзларингизга амал қилиб кўрсатиб бергувчи “Тирик Қуръон” бўлгансиз.
Ўрганаётган илмларимиз фақат тилларимизда қолмай балки, бу илмлар ила яшашлик лозимлигини бизга сиз ўргатгансиз. Ё Расулаллоҳ, сизни ҳар бир айтган сўзингизда, ҳатто сукут сақлаганингизда биз учун намуна бор. Ё Набияллоҳ, мукаррам ота-она, азиз устоз, бахтиёр жуфти ҳалол, солиҳ фарзанд, адолатли раҳбар бўлиш кераклигини сиз бизга таълим бергансиз.
Қандай яшсасак бутун ҳаётимиз нурга тўлишини сиз ўргатгансиз Ё Ҳабибаллоҳ. Қийинчиликларни қандай енгиб ўтишликни, дунё учун маҳзун бўлмасликни сиздан ўргандик, эй гўзал хулқ соҳиби! Амалларимизни ихлос билан безасак, ҳаётимиз ажрларга бурканишини сиз таълим бердингиз. Сиз саҳро қалбларимизга малҳам бўлган чашмасиз Ё Набияллоҳ.
Сиз исломни бирор гард юқтирмай бизга етказдингиз. Бизни кечиринг… Сийратингизни ва суннатингизни мукаммал ўрганиб тирилтира олмаётганимиз учун… Ё Расулаллоҳ сиз биз уммат учун Аллоҳнинг энг буюк неъмати ва барокатисиз.
Эй Аллоҳим, бизларни уммати муҳаммадий бўлишлик бахтига сазовор қилганингдек ҳабибимиз Муҳаммад (саллоҳу алайҳи васаллам) нинг шафоатларига ҳам эришишлигимизни насиб айла!

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти мударрисаси
Жозиба Жамол қизи

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*