Ота- онага яхшилик

Инсон билан бўладиган муомала одоби рўйхатининг энг аввалида ота-онага яхшилик қилиш туради. Қуръони Каримда ота-онага яхшилик қилиш олиймақом иш эканини баён этувчи оятлар жуда кўп. Масалан “Анкабут” сураси 8-оятида Аллоҳ таоло айтади:
“Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик”.
Ота-она ҳар бир инсон учун ниҳоятда мўтабар, ҳар қанча эъзозга лойиқ кишилардир. Ислом динида ота-она ким бўлишидан яъни хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ ғайри дин бўлсин уларга яхшилик қилиш фарзанднинг бурчидир дейилган.
Ибн Аббос (р.а) дан ривоят қилинади: “Бир мўмин мусулмон инсоннинг ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, биттасини очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ўша шахс рози бўлмагунча ундан Аллоҳ рози бўлмайди.”
-Ота-она зулм қилган бўлса ҳамми? деб сўрашди.
-Зулм қилган бўлсалар ҳам, деб жавоб берди ибн Аббос.(р.а) “
Бу ҳадиси шарифда агар ота-она фарзандига зулм қилувчи бўлиб турса ҳам фарзанди уларни норози қилса Аллоҳ таоло ота-онаси рози бўлмагунча рози бўлмас экан. Халқимизда “Ота рози-Худо рози” деган гап машҳур. Агар ўйлаб кўрсак, шу жумла тарихи ҳам ҳадисларга, саҳобалар сўзларига бориб тақалади. Мисол учун Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади: “Робнинг ризоси ота-онанинг ризосидир. Робнинг норозилиги ота-онанинг норозилигидир.”-дедилар.
Набий(с.а.в) айтадилар: “Учта дуо шак-шубҳасиз қабул бўлади: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзандлари ҳаққига қилган дуоси”.
Демак, ота-онамизни дуосини кўпроқ олишимиз керак экан.
Яна, Тойсала ибн Майёсдан ривоят қилинади:
“Нажданинг одамлари билан бирга эдим. Ўшанда бир қанча гуноҳлар қилдим. Ўзимча мазкур гуноҳларни гуноҳи кабиралардан деб билардим. Шуни ибн Умарга айтдим.
“Улар нималар?” деди у.
“Бундай, бундай”,дедим.
“Бу нарсалар гуноҳи кабира эмас. Улар 9та: Аллоҳга ширк келтириш, одам ўлдириш, жанг пайтида душмандан қочиш, покиза аёлни зинода айблаш, рибохўрлик қилиш, етимниниг молини ейиш, масжидда диндан чиқиш, одамларни масхара қилиш, боласи оқ бўлган ота-онанинг йиғлаши – деб, менга: “Сен дўзахдан қўрқасанми, жаннатга киришни хоҳлайсанми?”, деди.
”Аллоҳга қасамки шундай”,дедим.
”Ота-онанг тирикми?” – деди.
“Онам бор”, дедим.
“Аллоҳга қасамки агар онангга юмшоқсўз бўлсанг ва унга таом берсанг ҳамда гуноҳи кабираларни қилмаган бўлсанг, албатта жаннатга кирасан” деди “.
Ота-онамиз жаннатнинг калитларидир. Лекин ҳозирда қандай қилиб “Мурувват уйлари” қарияларга тўлиб боряпти? Эй, азиз ўқувчи нима учун бизлар жаннат калитларимизни бировларнинг қўлига топширяпмиз?! Инсон улғайгани сари кўпинча ота-онасига беЪетибор бўлиб боради.
Абу Хурайра (р.а) доимо уйдан чиқишдан олдин онасига салом берар ва “Кичиклигимда тарбия қилганингиз учун сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин дер, онаси ҳам алик олиб “Қарилигимда яхшилик қилганинг учун сенга ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин” дер экан. Ёки ўзингиз ўйлаб кўринг, охирги марта қачон ота-онангизга сизни тарбия қилгани учун раҳмат айтдингиз? Ахир сизни шу даражага етишишингизга улар сабабчи бўлмадими?! Қачон “Отажон, онажон сизларни яхши кўраман” дедингиз? Отамиз бизга ҳалол луқма едириш учун тун-у кун ишлайди, онамиз эса тунларини биз учун бедор ўтказиб, оқ ювиб, оқ тарайди, кундузлари доимо атрофимизда парвона бўлади. Бугун биз вақтимизни нимага сарфлаяпмиз? Йигирма тўрт соатимизнинг қанчасини ота-онамиз учун ажратяпмиз? Зеро, уларнинг юзига қараб туришимиз ҳам биз учун ибодатку! Динимизда бола ота-онасидан хабар олмай қўйса, уларга етарли меҳр кўрсатмаса ҳам оқ бўлар экан.
Бунинг учун “Гувоҳ бўлинглар ўғлимни ёки қизимни оқ қилдим” дейиши шарт эмас экан.
Набий (с.а.в): “Бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин, бурни ерг ишқалансин” дедилар

“Эй Аллоҳнинг расули, кимнинг?” дейишди .
“Ота-онаси ёки улардан бири кексалигида улар билан бирга яшаб, дўзахга кирган кишининг” дедилар.
Азизлар, ота-онамизга доимо эътиборли бўлайлик, уларни ғанимат билиб, меҳр кўрсатайлик, меҳримизни беришга энг лойиқ инсон улардир. Дуогўйларимизни дуоларимизда эслаб Аллоҳ таоло Исро сурасида буюрганидек”, Роббим улар мени кичиклигимда тарбия қилганларидек уларга раҳм қилгин” дея илтижо қилайлик.
Аллоҳ таоло барчамизга уларни бу дунёда кўзларини қувонтирадиган, охиратда бошларига нурдан тожлар кийдирадиган солиҳа фарзандлар бўлишни насиб айласин.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус билим юртининг
1-курс талабаси М. Носирова

1 та изоҳ

  1. Maqola juda ham tasirli hamda aniq dalillar bilan tuzilibdi.
    Alloh ilmingizni bundanda ziyoda qilsin

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*