РИЁ- ҚАЛБ ИЛЛАТИ

Ҳар бир мўмин-мусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларининг яна бири риёдир. “Риё” сўзи кўз билан кўриш, назар солиш ва “одамлар кўрсин” деган маъноларни англатади. Риё учун охирги маъно кўпроқ тўғри келади. Риё одамлар кўриб, эгасини мақташлари учун ибодатни изҳор қилишдир. Тахонавий риёни қуйидагича таърифлайди:” Риё яхшиликни бошқалар кўришлари учун қилишдир. Унда холис ният ва ихлос бўлмайди”.
Инсонлар оламида мубтало бўладиган маънавий хасталиклар ичида энг ёмони ширкдир. Чунки ширк туфайли Робблик ҳаққи эгасидан бошқага нисбат берилади. Яна ширк инсон қалбини парчаловчи омил. Чунки у туфайли инсон қалби бир нача тарафга сиғинишга мажбур бўлади. Унинг тошга, ҳайкалга, дарахтга, хайвонга ва бошқа нарсаларга ибодат қилаётганининг гувоҳи бўламиз. Тавҳид ақидасини лозим тутган мусулмон инсон мазкур нарсаларнинг барчасидан халос бўлган ҳур инсондир. Аммо унинг махфий ширк хасталигига чалиниш хавфи бор. Бу хасталикнинг номи риёдир. Қуръони Каримда ўз амали ила холис Аллоҳ Таолонинг розилигини истамаган риёкор халокатга учрашини баён қилувчи очиқ ойдин далиллар келган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Риёнинг озгинаси ҳам ширкдир!”
Яна: “Сизлар хусусингизда қўрқадиган нарсаларимнинг энг қўрқинчлиси кичкина ширк”, дедилар. “Кичкина ширк нима?” дейишди. “Риё” дедилар. Ширк бу гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Гуноҳи кабиралар уқубат тайин қилинган ҳад жазо белгиланган гуноҳлардир.
Яна: “Инсонлар амалларига яраша жазо-мукофот олган вақтида Аллоҳ таоло (риёкорларга): “Дунёда кимлар учун риё қилган бўлсангиз, ўшаларга боринглар. Қаранглар-чи, уларнинг ҳузурида бирон мукофот топармикансиз?!” дейди», деганлар (Имом Аҳмад ривояти). Яъни дунёда кимга яхши кўриниш учун қилган бўлса ана ўша сени мукофотласин дейди. Аммо у кунда Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бандани мукофотлай олмайди.
Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида хабар бера туриб: “Инсонларга риё қиладилар”, дейди. Яъни, уларнинг намоз ўқишдан кўзлаган мақсадлари – Аллоҳнинг юзи эмас, балки одамлар кўриб, эшитишлари – хўжакўрсин учундир.
Аллоҳ Таоло Нисо сурасида шундай деб марҳамат қилади:
“Улар молларини одамлар кўриши учун нафақа қиладилар ва Аллоҳга ҳам, охират кунига ҳам иймон келтирмаслар. Кимнинг яқини шайтон бўлса, у қандай ҳам ёмон яқин!”(38 оят) Бу оятда Аллоҳ Таоло ҳуш кўрмайдиган матакаббир ва фахрланувчи кимсаларнинг баъзи сифатлари зикр қилинмоқда. Улар аслида бахил бўлиб, молни яхшиликка сарфлашдан қочадир. Аммо борди-ю сарфласалар ҳам, ояти каримада келганидек, кишилар кўришлари учун, риёкорлик учун сарфлайдилар.
“Улар молларини одамлар кўриши учун нафақа қиладилар” Демак, бахил бўлиш ҳам Аллоҳ Таолога ёқмайди. Риёкорана нафақа бериш ҳам Аллоҳ Таолога ёқмайди. Чунки риёкорнинг мол сарфлашдан кўзлаган мақсади одамлар кўрсин ва эшитсин, гап қилсин, мақтасин, дейишдир. Аллоҳ учун, Унинг розилиги учун эмас
Аллоҳ Таоло Нисо сурасида шундай деб марҳамат қилади:
“Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни “алдаб” қўйгувчидир. Ва улар қачон намозга турсалар, дангасалик билан, одамлар кўрсин, деб турурлар ва Аллоҳни камдан-кам зикр қиладилар” ( 142 оят). Мунофиқларга тенг келиш қийин улар иймон ва исломни даъво қилиб ҳамма ёқни гапга тўлдириб ташлайдилар.
“Ва улар қачон намозга турсалар дангасалик билан, одамлар кўрсин, деб турурлар.” Бу жумладан намоз билан намознинг орасида ҳам фарқ борлигини билиб оламиз. Мунофиқ одам намозга дангасалик билан туради. Улар чарчаб ночорлик билан намозга ўтади. Бу унинг иймони йўқлиги, иймон ҳақидаги сўзлари, фикрлари юзакилигидандир. Агар иймони ҳақиқий бўлганида, намозга шавқу завқ билан турган бўлар эди. Мўмин киши намозга ўқигандан сўнг дуо қилади. Агар дуо қилса, қабул қилади ва агар гуноҳи бўлса афв этади. Мунофиқлар эса бу ишларни хўжакўрсинга қилади.
Аллоҳ Таоло Маъун сурасида шундай деб марҳамат қилади:

“Бир “намозхонлар”га вайл бўлсинки, улар намозларини унутувчилардир. Улар риё қиладиганлардир” (4-6 оятлар). Намозларига бепарво, енгилтаклик қилиб уни ўз вақтидан кечиктириб ўқийдиган кимсаларга ҳалокат, азоб бўлсин. “… улар риё қиладиганлардир” Улар одамлар кўз ўнгида “солиҳ” деб айтишлари учун намоз ўқийдилар, “тақводор” деб ном қозониш учун хушуъли ва ҳузуъли бўлиб кўринадилар ва “сахий” деган ном олиш учун эҳсон-садақа қиладилар. Уларнинг ҳар бир амаллари риё ва ном қозониш учундир. Одамлардан уялгани учун туради. Намоз ўқиса-ю, намознинг ҳақиқатини унутса, ёмонлик, иғво, бўҳтон, ёлғончилик, бузғунчилик ва бошқа разолатлардан қайтмаса, ундай киши риёкор, мунофиқ бўлади. Одамларнинг кўзини бўяш, улар хузурида обрў топпиш, ўзини диндор кўрсатиш учун намоз ўқиган бўлади.
“Ей мўминлар, молини одамларга кўрсатиш учун берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, берган садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг…” (Бақара сураси, 264).
Яъни, риёкор риё қилгани сабабли инфоқ-еҳсонларини йўққа чиқаргани сингари, сизлар ҳам миннат ва озор билан қилган садақотларингиз ажридан маҳрум бўлиб қолманг, дейилмоқда.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан Жуббул ҳазандан сақлашини сўранглар”, дедилар. “Ей Аллоҳнинг Расули, Жуббул ҳазан нимадир?” дейишди. “ Жуббул ҳазан жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, ундан Жаҳаннам (қўриқчилари) ҳам ҳар куни 100 марта паноҳ сўрайдилар” дедилар. “ эй Аллоҳнинг Расули, унга кимлар кирадилар?” дейишди. “ Амаллари ила риё қилувчи қорилар дедилар “. Қуръонни Аллоҳ Таоло учун эмас, одамлар мақтови учун, “фалончи яхши қори”, “қуръонни яхши ўқийди”, “ундай, бундай қилади”, дейишлари учун ўқийдиган қорилар. Қаранг, Аллоҳнинг Каломини ўқиш ҳам ният ва ихлос билан бўлмаса, риёкорлик учун бўлса, қанчалик оғир оқибатларга олиб келиши мумкин экан.
Яна айтадилар: «Кимки (одамлар) эшитсин деса, Аллоҳ эшиттириб қўяди ва (одамлар) кўрсин деса, Аллоҳ кўрсатиб қўяди» (Муттафақун алайҳ).Яъни, кимки одамлар кўриши ёки эшитиши учун бирон амални қилса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унинг бузуқ ниятини фош этади ва гувоҳлар ҳузурида шарманда қилади.
Баъзи ҳукамолар айтишган экан: «Риё ва сумъа (одамлар эшитиши) учун амал қилган кимса ҳамёнини тошлар билан тўлдириб олган кишига ўхшайди. У бозорга бир нарса сотиб олиш учун кириб, сотувчининг олдида ҳамёнини очса, ичи тўла тош бўлади ва сотувчи тошларни унинг юзига отади. Инсонларнинг: «Ҳамёни жуда тўла эканми?» деган сўзларидан бошқа унга ҳеч бир манфаат йўқ ва унга ҳеч вақо берилмайди». Худди шунга ўхшаб риё ва одамлар эшитсин, деб қилинган амаллардан заррача фойда йўқ, охиратда унга савоб ҳам берилмайди.
Аллоҳ таолонинг:
“… (Чунки у Кунда) уларга Аллоҳ томонидан улар ўйлаб ҳам кўрмаган нарсалар – азоблар кўринди” (Зумар сураси, 47), ояти ҳақида шундай дейилган: “Улар дунёда айрим амалларни қилиб, уларни яхши иш, деб ўйлаб юришарди. Қиёмат кунида эса, бу амалларнинг ёмон экани маълум бўлиб қолди”. Айрим салафи солиҳлар бу оятни ўқиган вақтларида: “Риёкорларга вайл бўлсин”, дер эдилар.
Риёкорлар қиёмат кунида тўртта ном билан чақирилади: “Ей риёкор, хиёнаткор, эй фожир, эй зиёнкор, бор, ким учун амал қилган бўлсанг, ўшандан ажр-мукофотингни олавер. Бизнинг ҳузуримизда сен учун ажр йўқ”.
Муҳаммад ибн Муборак Суварий айтадилар: “Хушхулқингни тунда изҳор қил, бу иш кундузи изҳор қилганингдан яхшироқдир. Чунки кундузги хушхулқлилигинг махлуқлар учун, кечқурунги интилиш оламлар Парвардигори учундир”.
Риё инсонлар жуда зарарли иллатдир. Риё амалларнинг савобини зое қилади. Риё қилувчи инсонлар Аллоҳ Таолонинг лаънатига дучор бўлади. Риё риё қилувчини фитналарга гирифтор қилади. Аллоҳ Таолонинг ёмон кўришига сабабдир. Риё ҳалокатга олиб борувчи гуноҳи кабирадир ва риёкорнинг ғоятда жоҳил эканига далил бўлади. Риё эгасини қиёмат куни ҳалойиқнинг олдида шарманда қилади. Риё инсонлар ўртасида ишончсизликни ва иккиюзламачиликни келтириб чиқаради. Шунинг учун доимо амалларимизни ва ибодатларимизни фақат Аллоҳ учун ва Аллоҳ розилиги учун қилиш керак. Аллоҳ таолодан бизни амалларимиз, сўзларимиз ва барча ҳолатларимизда ихлосли этмоғини сўраймиз.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус билим юртининг
2-курс талабаси К. Нажмиддинова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*