1 ЧАҚИМЧИЛИК – .:: Xadicha.uz

ЧАҚИМЧИЛИК

Чақимчилик араб тилида «намийма» дейилиб, луғатда бир нарсани зоҳир қилишни билдиради. Уламо аҳли чақимчиликни қуйидагича таърифлаганлар: Имом Нававий: «Чақимчилик бузғунчилик йўли билан одамларнинг гапини бир-бирига етказишдир» деган.
Чақимчи бошқанинг гапини бошқага бузғунчилик ниятида етказади.
Аллоҳ таоло:
«Кишиларни айбловчи, чақимчилик қилиб юрувчига. Яхшиликни ман қилувчи, тажовузкор, сергуноҳга», деган (Қалам, 11 – 12).
Бу оятларда Аллоҳ таоло Ўзининг ғазабига сабаб бўладиган бир нечта ёмон инсоний қусурни зикр этади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ушбу сифатдаги кишиларга эргашмасликка буюради. Бу эса, ўз навбатида биз мусулмонларни ҳам мазкур разолатлардан узокда бўлишга чорловдир. Мана, ўша разолатлар:
«Кишиларни айбловчи».
Бу сифат энг ёмон сифатлардан бўлиб, кўпчиликнинг обрўсини тўкишга, жамият аъзолари ўртасида ўзаро келишмовчилик чиқишига сабабчи бўлади.
«Чақимчилик қилиб юрувчи».
Кишилар орасида адоват тарқатувчи чақимчиларнинг иши ниҳоятда катта гуноҳдир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Чақимчи жаннатга кирмайди», деганлар.
Ушбу ояти карималарда зикр қилинган ёмонликларнинг барчасидан узоқда бўлмоқ зарур.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон киши бир гапни айтсаю, аланглаб қараса, ўша омонатдир», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Бундай пайтда ўша гап соҳиби гапимни бировга айтма, деб таъкидлашининг кераги йўқ. Ўша биров эшитиб қолмадими, деган маънода аланглаб қараб қўйишининг ўзи етади. Ким мазкур ҳолдаги гапни бошқаларга айтса, омонатга хиѐнат қилиб чақимчилик қилган бўлади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мажлислар омонатдир. Илло, учта мажлис: ҳаром қонни тўкиш, ҳаром фарж ва ноҳақдан молни олиш», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда мажлисларда бўлиб ўтган гаплар омонат эканлиги, уларни бошқа томонларга тарқатиш чақимчилик бўлиши ва шу сабаб гуноҳ ҳисобланиши ҳақида сўз кетмоқда. Шу билан бирга, очиқ-ойдин гуноҳ ва ҳаром ишлар ҳақида маслаҳат қилинган мажлисларни фош қилиш лозимлиги ҳам уқтирилмоқда. Мажлис аҳлининг изнисиз унда бўлган гапларни бошқаларга айтиш чақимчиликдир. Одам ўлдириш, зино қилиш ва бировнинг молини ҳаром йўл билан олиш ҳақида бўлган мажлислардаги гапларни фош қилиш мусулмон одам учун вожибдир.
Ҳаммам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳузайфа билан бирга эдик. Бас, унга: «Бир киши гапни Усмон розияллоҳу анҳуга олиб бориб туради», дейилди. Шунда Ҳузайфа унга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганларини эшитганман», деди».
Мазкур одам халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга ўзлари ҳақида одамлар гапирадиган нарсаларни чақимчилик қилиб айтиб борар эди.
Бу ҳадиси шарифда чақимчилик нақадар оғир гуноҳ эканлиги баён қилинмоқда. Уламоларимиз, чақимчиликни ҳалол санаган одам жаннатга кирмайди, деганлар.
Албатта, чақимчилик ниҳоятда ёмон иш. Чақимчилик фақатгина бир кишини бошқасига ёмон кўрсатиб, шундан бирор манфаат олиш билан чегараланиб қолмайди. Чақимчилик қилинганда бир одамга иккинчи одам ҳақида ёмон хабар келади.
Натижада иккинчи одам ҳам биринчи одам ҳақида ёмон сўзлайди, шу тариқа бундай адоват бутун жамиятга тарқалиб, жамиятнинг ҳамма аъзоси бир-бирини чақадиган, бир-бирига ғазаб қиладиган ва бир-бирининг орқасидан ёмон гапирадиган бўлиб қолади. Орада дўстлиқ биродарлиқ ўзаро ҳамкорлиқ яхшилик қилиш, жамият манфаати учун иш қилиш тамом йўқолади.
Ҳамма бир-бирининг орқасидан пойлаш, чақимчилик билан бир-бирини доғда қолдириш, чақимчилик қилиб мукофот олиш, ўзининг мавқеини яхшилаш томонга ўтиб кетади. Жамиятнинг манфаатини ўйлаш, бировларга яхшилик қилиш, умуман, унутилади. Шунинг учун, бу нарса оғзаки гап бўлса ҳам, жуда оғир гуноҳ саналганлиги, гуноҳи кабиралардан эканлиги ва чақимчилик қилган одам жаннатга кирмаслиги белгиланиб қўйилганлиги чақимчиликнинг нақадар хатарли эканини кўрсатади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Албатта, одамларнинг ёмони иккиюзламачи кишидир. Анавиларга бир юз билан келади ва манавиларга бир юз билан келади», деганларини эшитган эканлар».
Иккисини тўртовлари ривоят қилишган.
Асосан иккиюзламачи одам чақимчилик билан машғул бўлгани учун ҳам ушбу ҳадиси шариф айнан мана шу сарлавҳа остида келтирилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Орани бузишдан сақланинглар. У қирувчидир», дедилар».
Термизий ривоят килган.
Орани бузиш ҳам чақимчиликдан келиб чиқади. Бир томонга бошқа томоннинг гапини ташиб, орани бузадилар. Ана ўша ора бузишлиқ худди устара сочни қиргандек, дину диёнатни қирар экан.
Бас, ким бу офатдан йирокда бўлишни истаса, чақимчиликдан йироқда бўлсин.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Муҳаммад алайҳиссалом: «Парчалаш нималигини сизга айтиб берайми? Одамлар орасида «деди»лаб чақимчилик қилишдир», дедилар».
Муслим ривоят килган.
Ҳа, чақимчилик сўйилган ҳайвоннинг аъзоларини парчалаб бўлингани каби жамият аъзоларини парчалаб бир-биридан ажратиб ташлайди. Чақимчилик тарқалган жамиятда бирлик, ҳамкорлик қолмайди. Бу эса, ҳар қандай жамият учун ўта хатарлидир.
Аммор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг бу дунёда икки юзи бўлса, қиёмат куни унинг оловдан бўлган икки тили бўлади», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Бу дунёда икки тарафга икки хил гап ташиб, чақимчилик билан ўтган кишилар охиратда тилидан топар эканлар. Охират азоби уларга айнан тилларидан берилар экан. Аллоҳ таоло Ўзи асрасин.
Асмо бинти Язиддан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Энг яхшиларингизни айтиб берайми?» дедилар.
«Ҳа», дейишди.
«Кўрилганларида Аллоҳ зикр қилинадиганлар», дедилар.
«Энг ёмонларингизни айтиб берайми?» дедилар.
«Ҳа», дейишди.
«Чақимчилик қилиб юрадиганлар, муҳаббатли кишиларнинг орасини бузадиганлар, пок, бегуноҳ одамларга оғирлик келтирадиганлар», дедилар».
Имом Бухорий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин-мусулмонларнинг энг яхши ва энг ёмонлари ҳақида савол-жавоб тариқасида ахборот бермоқдалар.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Энг яхшиларингизни айтиб берайми?» дедилар.
«Ҳа», дейишди.
«Кўрилганларида Аллоҳ зикр қилинадиганлар», дедилар.
Бундай кишиларнинг қад-қомати, сиймоси кўриниши билан одамлар Аллоҳни эслайди. Уларнинг Ислом асосида ўтказаётган ҳаётлари сиртларига ҳам балқиб чиққан бўлади. Улар ўзларининг ташқи кўринишлари билан ҳам бошқалардан ажралиб турадилар. Уларни кўрган ҳар қандай одамнинг хаёлига Аллоҳ таоло тушади. Уларни кўрганлар Аллоҳ таолони эслаб қоладилар. Ана шундай одамлар мўмин-мусулмонларнинг энг яхшиси бўлар экан. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна:
«Энг ёмонларингиз кимлигини айтиб берайми?» дедилар.
«Айтиб беринг, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Чақимчилик қилиб юрадиган, муҳаббатли кишиларнинг орасини бузадиганлар, пок, бегуноҳ одамларга оғирлик келтирадиган, зарар етказадиган кишилар ичингизда энг ёмонларингиздир», дедилар.
Кўриниб турибдики, чақимчи энг ёмонлар тоифасининг рўйхатида биринчи турар экан.
Шунинг учун чақимчиликдан эҳтиёт бўлиш керак. Биродарининг гап-сўзи, ҳатти-ҳаракатларини бошқаларга бориб айтиб, чақимчилик қилиб, ўзига қандайдир бир манфаат топиш йўлига зинҳор ва зинҳор юрмаслик керак.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус билим юрти
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*