Бузғунчи ақидалардан фарзандларимизни ҳимоя қилайлик

Бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида, хусусан, Яқин Шарқ, араб мамлакатлари, Афғонистон, Сурия ва бошқа давлатларда юз бераётган нохуш воқеалар, айниқса, муқаддас ислом дини номидан амалга оширилаётган хунрезликлар, террорчилик ҳаракатлари ҳеч бир ислом давлати, шу жумладан бизнинг юртимиз уламоларини ҳам бефарқ қолдирмайди. Дунёга разм солсак, айрим мамлакатларда фитналар сабаб ибодат қилиш у ёқда турсин, оддий кун кечиришнинг ўзи муаммо бўлиб қолмоқда. Ислом динининг муқаддас манбаларида мусулмон кишининг ҳеч бир инсонга қўли, ҳатто тили билан ҳам озор бермаслиги айтилган бўлса-да, бузғунчилар томонидан одамларни ҳатто ибодат пайтида ҳам портлатиб юбориш ҳолатлари кузатилмоқда.
Ахборотлашган асрда яшаяпмиз, баъзи ёшларимиз ўз ҳаётларини интернетсиз тасаввур эта олмайдилар. Тўғри кимдир интернет имкониятларидан оқилона фойдаланмоқда лекин яна кимлардир ўз ғаразли ниятларини амалга ошириш учун унга “тўр” қурмоқда. Инсонларнинг руҳий дунёсини издан чиаришга, қолаверса, ўз юрти, ўз миллатига хиёнат қилишга ундайдиган бундай таҳдидлар одатда жозибали шиорлар остида бўлади. Энг ачинарлиси шундаки, бундай ўргимчак тўри қурбонлари эртамиз келажаги ёшларимиз бўлиб қолмоқда. Улар интернетни эрмакка айлантириб доимо қимматли вақтларини у билан ўтказиб ҳаётга бефарқ бўлиб қолишмода. Наҳотки, бундай ёшларимиз вақтнинг қадр-қиммати, унинг ҳар бир дақиқалари учун Яратган олдида ҳисоб қилинишимиз ҳақида ўйламаса?
Муоз ибн Жабал (р.а)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Банда қиёмат куни тўрт нарсадан – умрини нима билан ўтказгани, ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани, мол-дунёни қай йўсинда топгани ва нималарга сарфлагани, илмига қандай амал қилганидан сўралмагунича бир қадам ҳам олдинга силжимайди”, – дейилади.
Интернетдаги ашаддий овчилардан бири бўлиб қолган, мана шундай бузғунчи ақидаларга таянган гуруҳлардан бири бу – ИШИД террорчилик ҳаракати бўлиб, улар “Жиҳод” тушунчасини ўз ҳаракатларига ғоявий асос қилиб олган. Аслида эса, “жиҳод” сўзи луғатда “жидду-жаҳд”, “бирор нарсага эришиш учун бор имкониятини ишга солиш” каби маъноларни англатади. Масалан, талабанинг дарсни ўзлаштиришга, ёки шогирднинг бирор ҳунарни ўрганишга бор куч-ғайратини сарфлаши ҳам унинг ўзига хос жиҳоди ҳисобланади. Шунингдек, ўзини “ислом давлати” дея атаётган ИШИД террорчилик ташкилоти ғоявий тарғиботларида оят ва ҳадислар мазмунини бузиб, ғаразли мақсадлари йўлида қўлламоқда. Қуръон оятлари ва ҳадисларни: хатарли, ғаразли мақсадларда бузиб талқин қилиш эса Исломга бутунлай зид. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади: “…Одамларни адаштириш учун илмсизлик билан Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан кўра ким ҳам золимроқдир?! Албатта, Аллоҳ золимлар қавмини ҳидоят этмагай”. (Анъом, 144).
Терроризм балосига қарши курашаётган нуфузли илмий муассасалар ва етакчи олимлар хулосаларига кўра, радикал ғояларнинг аҳоли, айниқса, ёшлар онгига салбий таъсирининг олдини олишда Ислом олимларининг асарлари ва уларнинг асоссиз ғояларига қарши билдирган раддиялари ижобий фойда бериши мумкин экан. Албатта ҳар қандай жаҳолатни фақатгина маърифат билан енгиш керак бўлади.
Огоҳлик даврида яшаётган эканмиз ҳар бир ота-она зиммасида фарзандининг келажаги, унга ислом динининг асл моҳиятини сингдириш, фарзандини турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш вазифаси икки ҳисса ортади. Ҳимоя турли кўринишда амалга оширилади. У жисмоний ёки руҳий кўринишда бўлиши мумкин. Руҳий, ақлий тарбия шундан иборатки, унда албатта ёшларнинг онгида бўшлиқ пайдо қилиш керак эмаслиги ва уларни доимо фойдали билимга бўлган хоҳиш ва интилишларини шакллантира олиш зарур. Шунингдек, ҳаром қилинган таомлар, ичимлик, либос ва бошқалардан тийилишларига бўлган тарғиб ҳам ёш ниҳолни зарарли иллатлардан ҳимоя қилиши мумкин.
Ислом динининг муқаддас манбаси бўлган Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Эй Пайғамбарлар! Пок нарсалардан ейинглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билувчиман” (Мўминун, 51).
Хулоса ўрнида айтиб ўтиш мумкинки, хушхулқлилик – соғлом фарзанд тарбиялашнинг муҳим омиллари биридир. Ислом динида оилада фарзандларни бурчига садоқат руҳида тарбиялаш масъулият, онглилик, виждон каби фазилатлар билан чамбарчас боғлиқ. Бунда ота-онанинг ўзаро самимияти, фарзандлари билан яқин, дўстона муносабатда бўлишлари, орзу мақсадларини тушуниб олишлари, зурриётлари соф ақида билан вояга етишлари учун асос бўлиши керак. Ота-онанинг бола учун қиладиган ҳеч бир ҳаракати савобсиз, ажрсиз кетмайди, дунёю охиратнинг бахту саодатига сабаб бўлади. Шу боис фарзанд тарбиясида эътибор, меҳр-мурувват ва эҳтиёткорлик зарур. Ана шундагина ўсиб келаётган ёш авлодни соғлом фикрли ва ўз қарашлари ва орзу-ниятларига эга бўлган инсон қилиб тарбиялаш ва шу аснода уларни турли бузғунчи ақидалардан ҳимоя қилиш мумкин.

Хадичаи Кубро аёл – қизлар ўрта
махсус ислом билим юртининг
3 – курс талабаси Комолова Зилола

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*