Соғлом бола – соғлом жамият

Республикамиз мустақилликка эришгандан сўнг ўтган давр мобайнида халқимиз сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва хусусан маънавий соҳада катта муваффақиятларга эришди. Ҳар бир соҳага катта эътибор билан қаралди, айниқса фарзанд тарбияси ва соғлом турмуш тарзига. Масалан, 2009 йилни “Она ва бола”, 2010 йилни “Баркамол авлод” ҳамда 2014 йилни эса “Соғлом бола” йили деб эълон қилинди ва бу ўз ўрнида талайгина ишларни амалга ошириш масъулиятини юклади.
Фарзанд – ҳаёт мазмуни, умр безаги. У эртанги кунимизнинг ишончли таянчи. Юртимизнинг порлоқ келажаги, мустақил давлатимиз тараққиёти бугунги ёшларимизни ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етишига боғлиқ. Дарҳақиқат, соғлом авлодни, яъни ақлан етук, руҳан тетик ва жисмонан бақувват ўғил-қизларни тарбиялаш, камол топтириш муҳим ва долзарб вазифаларимиздан биридир.
Фарзанд қалб меваси ва дунё бўстонининг райҳонидир. Инсон фарзандсиз ўзини ёлғиз ҳис қилади. Инсоннинг тадбири ва хатти-ҳаракатига қараб Аллоҳ таоло унга неъматлар ато этади. Неъматга эга бўлиш имкониятларга боғлиқ. Фарзандга эгалик фақат илоҳий марҳамат. Ислом динининг муқаддас манбаси Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир. Раббингиз наздида эса, боқий қолувчи солиҳ амаллар савоблироқ ва орзу қилишга лойиқроқдир” (Каҳф, 46).
Фарзанд туғилганида нафақат ота-она, балки яқинлар ҳам хурсанд бўлади. Жамиятда ҳар бир инсон фарзанд кўрган кунни энг қувончли кун деб билади. Фарзанд туққан аёл қадр топади. Оналик шарафига муяссар бўлади. Ўзини бахтиёр ҳис қилади. Ота, айниқса, биринчи фарзанди туғилганида еру кўкка сиғмайди. Мол-давлати, мансаб-мартабаси туфайли сезмаган ҳузурни ҳис этади. Фарзанд неъмати ота қалбини фахр туйғусига тўлдиради. Қасрининг ҳавоси жаннат райҳонининг иси билан тўлади. Хонадондан гўдак йиғиси ва яқинларининг кулгиси эшитилади. Яхши ниятда қилинган дуолар ижобат бўлади.
Неъмат қадри бизга шундай улкан қувонч беради. Халқимиз уй қуриб, тўй қилиб чарчамаган, фарзанд учун жонини берадиган, етимнинг бошини силаган халқ. Европанинг айрим давлатларида туғилиш даражаси пасайиб кетди. Улар: “Фарзанд ҳаёт завқига халал беради”, деган фикрда. Қолаверса, аборт қилдириш қонунийлашгани ва ишлаётган аёллар фарзанд кўришни хоҳламаслиги кўҳна қитъада туғилишнинг тез камайишига сабаб бўлмоқда.
Ғарб давлатларининг ўн бештасида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ҳар бир аёлга 1,3 бола тўғри келади. Хусусан, Европа Иттифоқига аъзо ўлкаларда туғилиш жуда кам. Чехия, Словения, Латвия ва Полша давлатлари туғилиш бўйича охирги 10 йилда энг паст кўрсаткичга тушган. Агар Чехияда ҳолат шу зайлда давом этса, 40 йилдан сўнг аҳоли сони 20 фоизга камаяди.
Ғарбий Европа давлатларида ҳам аҳвол яхши эмас. Ўн йилдан бери Греция, Италия ва Испанияда бир аёлга 1,3 бола тўғри келиши кузатилади. Францияда ҳар бир аёл бошига 1,8 бола бўлиб, бу ғарбдаги энг юқори кўрсаткичдир. Агар ҳолат шундай сақланиб қолса, кўҳна қитъада 2030 йилга бориб, 20 миллион ишчига эҳтиёж туғилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, собиқ тузум даврида юртимиз болалар ва оналар ўлими бўйича 15 та республика орасида энг юқори ўринни эгаллаган эди. Бу кўрсатилиши лозим бўлган биринчи ёрдам сифатининг пастлиги, тиббиёт ходимларининг малакасизлиги, марказнинг халқимизга паст назар билан қараши натижаси эди. Истиқлол йилларида тиббиёт ривожланди, энг замонавий тиббиёт ускуналари келтирилди, улар юртимизнинг энг чекка қишлоларигача етиб борди. Юртимиз оналар ва болалар солиғи бўйича дунёнинг энг илғор мамлакатларига тенглашиб олди. Бу келажагимиз учун давлат даражасидаги эътиборнинг натижасидир.

Ҳар бир инсон бугунги кунда яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиши, илм олиши, ўз устида тинмай ишлаши, халқига, юртига муҳаббат хисси билан бойиганда хақиқий кучга айланади. Зеро бугунги глобаллашув даврида билимли бўлишнинг ўзи кифоя эмас, балки бугун юксак маънавиятли бўлиш орқалигина енгилмас, қудратли кучга айланиш мумкин. Маърифатпарвар олимларимиздан Абдулла Авлоний илмни дунёнинг иззати, инсон учун ғоят олий ва муқаддас эканини таъкидлайди. “Зеро, – дейди у, илм бизга ўз аҳволимизни, ҳаракатимизни ойна каби кўрсатур. Зеҳнимизни, фикримизни қилич каби ўткирқ илур”. Бошқа бир маърифатпарвар аллома Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам шу тахлит қарашларни илгари суради: “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”. Бундан ” илм – турли тҳадидлардан ҳимоя”, – деган хулосага келиш мумкин албатта.
Инсон ўзини муҳофаза қилиш учун фарзандларини ҳимоя қилади. Бу ҳимоя жисмоний ёки маънавий кўринишда бўлиши мумкин. Муҳофазанинг бу икки тури уйғун ҳолда тани бақувват ва руҳи соғлом авлодни тарбиялаш учун замин ҳозирлайди. Жисм – тани сиҳҳати соғлом ақл-идрок билан меҳнат қилиш, турмуш масаласида ҳамда кишилар билан мулоқотда ҳаётбахшлик, умид-ишонч тантанасига олиб келади. Аммо соғлиқ фақат тана билан чекланмайди, балки руҳ поклиги ҳам унутилмаслиги керак. Зеро, улар уйғун ҳолдагина мукаммаллик касб етади. Биз соғлом авлодни тарбиялаб, вояга етказишимиз керак. Соғлом киши деганда, фақат жисмоний соғломликни эмас, балки, шарқона одоб-ахлоҳ ва умумбашарий ғоялар руҳида камол топган инсонни тушунамиз.
Тана ва руҳ саломатлиги – буюк икки неъматдир. Зеро, уларсиз меҳнат самарали, натижадор бўлмайди, иш унумсиз бўлади, ақл керакли пайтда “соғлом қарор” қабул қилишдан ожиз қолади. Термизий Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда келтирилишича, “Қиёмат кунида кишидан сўраладиган барча лаззатлар ичида энг биринчиси Аллоҳ таолонинг: “Мен сенинг танингга сиҳҳатлик бермадимми? – деган савол бўлади”.
Ота-она қалбидаги меҳр-шафқат, муҳаббат фарзанд тарбиясидаги машаққатларни енгиллаштиради. Ота ва она фарзандига таълим-тарбия беришдан завқ олади. Исломда болалар тарбияси ота-онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидандир.
“Тарбия” сўзи арабча “робба” феълидан олинган бўлиб, ўстирди, зиёда қилди, риоясига қолди, раҳбарлик қилди ва ислоҳ қилди маъноларини билдиради. Тарбиянинг бир қисми болага одоб ўргатишдир. Ҳозирги кунда ғарб маданияти таъсирида “одоб”ни маданият дейиш ҳам жорий бўлган. Одоб масаласини инсоният тарихида тўлақонли равишда Ислом бошлаган. Исломда кишининг ҳаётидаги ҳар бир нарсанинг ўз одоби бор. Аввало тарбия ва одоб масаласида ота-онанинг ўзи болаларга яхши намуна бўлиши керак. Бу борада ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ (сав): “Хеч бир ота ўз фарзандига яхши одоб ўргатишдан ортиқ ҳадия ила олмайди”, шунингдек, “Киши фарзандини одобли этиб тарбиялаши унинг учун ҳар куни ярим соъ садақа қилишидан яхшироқдир”, ҳамда, “Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг”, – деб марҳамат қиладилар.
Тарбиянинг иккинчи қисми болага таълим беришдир. “Таълим” арабча “аллама” феълидан олинган масдар бўлиб, бир нарсанинг ҳақиқатини батафсил ва яхшилаб билдириш маъносини англатади. Бу борада ҳам ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.), “илм ўрганиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, – дедилар. Демак, ҳар бир мусулмон илм талаб қилишни ўзи учун фарз, деб билмоғи лозим. Ота-оналарга фарзандларига таълим бериш вазифа эътиб юкланган.
Тарбиянинг учинчи қисми болага жисмоний тарбия беришдир. Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, ҳасталикка чалинмаслик учун бадантарбия жуда муҳим. Спорт ёш авлодга соғ-саломат, бардам-бақувват, ҳурфикр инсон бўлиб етишиш учун ёрдам беради, спорт оилада, жамиятда соғлом муҳит қарор топиши учун ўзига хос замин бўлиб хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, тафаккур қилиб кўрилса, соғлик лаззат экан. Демак биз фарзандларимиз соғлиғига эътибор бериш билан бирга, уларни неъматга шукроналик руҳида тарбия қилишимиз лозим. Ҳозирда ёш авлоднинг олдидаги улкан вазифа эса, солиққа зарар қилувчи омилларни ўрганиш, ўрганганда ҳам бир ёқлама эмас, балки, дунёвий фанлар билан уйғунлаштирган ҳолда қиёслаб ўрганиб, ўзлаштириб, ҳосил қилинган билим ва тажрибалар асосида инсон маънавиятининг юксалишига ўз ҳиссасини қўшишдир.

Хадичаи Кубро аёл – қизлар ўрта
махсус ислом билим юртининг
3 – курс талабаси Комолова Зилола

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*