Ота-онага ҳурмат

Аллоҳ таоло Ўз Китобида шундай марҳамат қилган: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва яхши сўз айт!”.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ азза ва жалла учун энг маҳбуб иш қайси?”,-деб сўрадим. Айтдилар:“Вақтида ўқилган намоз”. Айтдим:“Сўнг қайси?”. Айтдилар:“Сўнг ота-онага яхшилик қилиш”. Айтдим:“Сўнг қайси?”. Айтдилар:“Сўнг Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш”. Айтди:“Агар яна сўрайверсам, жавоб берар эдилар.” (Бухорий ривоятлари).
Бугунги кунда ёшларимиз бу нарсага қанчалик амал қилишади? Ота-оналарининг ҳаққини, улар олдидаги мажбуриятларини билишадими?
Ота-она фарзанди туғилганда ўзини бахтли ҳисоблайди, қувончи ичига сиғмай кетади. Уни оқ ювиб оқ тараб, ҳеч кимга қилмаган ғамхўрликни қилади. Ўзидан-да зиёд авайлаб, асрайди. Доимо ўзи емаган нарсани едириб, ўзи киймаган нарсани кийдиради. Чиройли тарбия беришга интилади. Чиройли тарбия бериш энг муҳим ҳисобланади. Агар ота-онанинг ўзи одобли, маънавиятли бўлса, фарзандига гўзал одоб бериб, оқ-қорани танитиб, жамиятга ҳам фойдаси тегадиган шахсни тарбиялайди. Аксинча ота-онанинг ўзи тарбиясиз ёки илмсиз, маърифатдан бебеҳра қолган, эрта-ю кеч пул топиш мақсадида кўчада бўлса-чи? Бундай шароитда ўсган бола қандай қилиб ота-онанинг ҳаққини адо эта олсин? Ахир, қуш уясида кўрганини қилади, дейди доно халқимиз. Фарзандни нокобил булиб тарбия топишга аввало унинг ота-онаси айбдор булади. Чунки фарзанд ота-онасини ҳаққини адо қилмаётган бўлса, оилада эр бўлсин ёки хотин ўз вазифасини бажармаётган бўлса, жамиятга ҳам фойдаси тегмаса, бундай фарзандни яхши тарбия кўрмаган деб айта оламиз. Халқимизда шундай гўзал бир мақол бор: “Нимани эксанг, шуни ўрасан”. Фарзандларимизнинг баркамол, етук инсон бўлиши ўз қўлимизда экан, аввало ўзимизни тарбия қилишимиз керак. Шундагина кўзлаган натижамизга эришамиз.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус билим юрти
2-курс талабаси Очилова Волида.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*