Аввал одоб, сўнгра илм (Ёхуд устозга ҳурмат)

Бугунги кунда долзарб муаммолардан бирига айланиб бораётган илмсизлик, савия пастлиги, болалар ,ёшлар тарбияси, ўқувчиларнинг устоз, ота-она, катталарга муносабати, умуман, одоб-ахлоқ масаласи барчамизни ташвишга солмоқда. “Гуруч курмаксиз бўлмайди”, деганларидек, ўқувчи ёшлар орасида баодоб, тарбияли, аълочи, зукко болалар билан бир қаторда, “ажнабийлар”га кўр-кўрона тақлид қилаётган, ғарб маданияти билан суғорилиб бораётган новдаларни кўриб, ачинади киши. Негаки, ёшлар орасида беадаб, ҳақоратомуз, луғатда йўқ сўзларнинг ниҳоятда кўп ишлатилиши, катталарга ҳурматнинг йўқолиб бориши, умуман, жамоат жойларида ўзини тута билмаслик каби кўплаб нохуш ҳолатлар оддий ҳолга айланиб бормоқда. Болаларга нега беадаб сўзларни айтаяпсан, деб танбеҳ берсангиз кўпинча “Қачон айтдим”, деган жавобни оласиз. Қаранг, бу сўзлар уларнинг тилига шунчалик ўрнашиб қолганки, нима деяётганларининг фарқига ҳам бормайдилар. Ёки автобусларда кексакарга жой бериш ўрнига о
ъзларини ухлаганга солиб ўтиишларига, катталар қўлида юк кўрсалар ёрдам бериш ўрнига қочишларига нима дейсиз? Хўш бу каби нохуш ҳолатларга сабаб ота-оналарнинг фарзандларига тарбия бериш учун вақт ажрата олмасликларими, устозларнинг ҳар бир бола билан шуғуллана олишга вақти йўқлигими, кўчадаги “ўртоқлар”нинг ҳиссасими ёки маҳалла, қўни-қўшни, баъзи бир кексаларнинг лоқайдлигими?
Албатта, ҳамма болаларни ҳам бунда айбламаймиз. Бугунги кунда давлатимиз томонидан ёшларга қаратилаётган юксак эътибордан оқилона фойдаланиб, чет элларда ўтказилаётган спорт, турли фанлар бўйича олимпиадаларда юксак марраларга эришиб, Ватанимиз байроғини кўкларга кўтариб, юртимиз номини бутун дунёга танитаётган, устозлари, ота-онаси олдига ёруғ юз билан қайтаётган, тенгдошларига ҳар жабҳада ўрнак бўлаётган ёшларимиз ҳам кам эмас.
Умар розиаллоҳу анҳу айтадилар: “Аввал одоб, сўнг таълим беринглар”.Одоб қандай шаклланади? Шарқона, ўзбекона одоб — диний тушунчалар асосида шаклланган. Тарихга назар ташлар эканмиз, юртимиздан етишиб чиққан ҳамма олим-у фузалоларга ёшлигидан аввал дин, одоб ўргатилганига гувоҳ бўламиз. Яъни илмни диндан, динни илмдан ажратиб бўлмайди.Илмни диний, дунёвий, деб ажратишнинг ўзи ҳам хато.Демак, одоб илм билан, яъни дин билан бўлади.
Инсонни бир бинога ўхшатсак, унинг пойдевори дин, ахлоқ билан пишиқ бўлади. Агар пойдевор мустаҳкам бўлмаса, ғиштлар қанча пишиқ бўлмасин, бинони қайта қуришга тўғри келади.
Ал-Хоразмий бобомиз ҳам инсоннинг диндор,ахлоқли бўлишининг муҳимлиги ҳақида шундай деганлар. ”Инсон диндор, гўзал ахлоқли бўлса, унга бир баҳо бер.Ундан кейин унинг чиройи, насл-насаби, бойлиги ва бошқа жузъий хислатларининг ҳар бирига нол баҳодан баҳо бер. Агар бир сони бўлмаса ноллар ҳеч қандай сонга айланмайди, бир сони қўйилганда эса у катта сонни ифодалайди”. Демак, динни ўрганишимизнинг ўзи ҳам илм. Динимиз илм олишга буюради.Қуръони Каримнинг биринчи нозил бўлган ояти ҳам “Ўқи”, деб бошланади.Тоҳа сураси 114- оятида: “Роббим, илмимни зиёда қилгин, деб айт”, дейилган.Шунингдек, Қуръони Каримдаги бошқа кўплаб сураларда илм ҳақидаги оятларга кўзимиз тушади.Ҳадиси шарифда ҳам “Илм олиш—ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир”.
Илм олиш учун эса устоз керак. Нега энди ўзимиз китоб ўқиб, илм ўргана олмаймиз? Чунки ҳаммамиз ҳам илм ўрганиш учун нафсимизни енга олмаймиз.Китоб ўқиш ҳар доим ҳам нафсга ёқавермайди.Имом Шофеий айтганларидек, “Ким нафсини сақламаса, унга илм фойда бермайди”. Яъни устоз нафсимизни енгишимизга, илм олишимизга ёрдам бериб, нафсимизни синдириб туради.
Узтозга фарзандини топшириб, “Эти сизники, суяги бизники” деб , устозни отадек улуғ санайдиган инсонларни кўриб қувонамиз. Аммо мактаб, коллежларга ўқитувчи билан баҳо талашиб, устознинг болага дашном бераётганидан шикоят қилиб борувчи оналарни кўриб, дилимиз хира бўлади. Бу—илм аҳлини менсимасликдир. Илм аҳлини менсимаслик эса жуда катта жоҳилликдир. Ота- онасининг бундай хатти-ҳаракатларини кўрган болада устозга ҳурмат қаердан ҳам бўлсин?!

Устозлар олдида жим ўтириб, уларга ҳурмат билан қулоқ солиш керак. Имом Шофеий устозларининг олдида ҳатто, устоз эшитиб безовта бўлмасин деб, китобларини ҳам варақламаган эканлар.
Айтиладики, Ислом бешта қўрғони бўлган шаҳарга ўхшайди. Биринчиси, олтиндан, иккинчиси, кумушдан, учинчиси, темирдан, тўртинчиси, пишиқ ғиштдан, бешинчиси, хом ғиштдан. Модомики, қўрғон аҳли хом ғиштдан бўлган қўрғондагилар билан аҳдлашса, душман уларга ҳужум қила олмайди. Агар бир-бири билан аҳдлашувни тарк қилишса, хом ғиштдан бўлган қўрғон хароб бўлади, сўнг душман иккинчисига ҳужум қилади, сўнг учинчисига, ҳатто қўрғонларнинг ҳаммаси хароб бўлади. Шунингдек, Ислом ҳам бешта қўрғон ичидадир: биринчиси яқийн (қатъий ишонч), сўнг ихлос, сўнг фарзларни бажариш, сўнг суннатларни тўлиқ қилиш, сўнг одобни сақлаш. Модомики, банда одобни сақлаб, унга аҳд қилар экан, шайтон унга ҳамла қила олмайди, агар одобни тарк қилса, шайтон суннатларга ҳужум қилади, сўнг фарзларга, сўнг ихлосга, сўнг яқийнга. Инсон ҳамма ишларда одоб сақлаши лозим, жумладан, илм олишда ҳам.
Хулоса ўрнида Имом Ғаззолийнинг устозга ҳурмат ҳақидаги қуйидаги ҳикматли сўзларини келтирамиз: “ Эй, фарзанд! Устозга ҳурмат Ислом одобларидандир. Уларга қўлдан келганча хизмат қилиб, дуоларини олиш лозим. Устоз ҳаққи ота- она ҳаққидан ҳам кўпроқ бўлади. Чунки ота-она фарзанднинг дунёга келишига сабабчи бўлса, устоз эса охират биносининг тикланишига асосий сабабчидир. Устозга нисбатан чексиз ҳурмат билан муомалада бўлиб, амрини сўраш керак. Хизмати бўлса бажариш лозим. Устозга нисбатан беҳад тавозули, камтарин муносабатда бўлиш зарур. Устоз бор жойда, устоз изн бермагунча ўтирилмайди, туриб кетаётганда эҳтиром ила кузатиб қўйилади. Ҳеч бир дунё иши устозга хизмат қилишнинг, унинг амрини бажаришнинг, эҳтиёжини қондиришнинг олдига туша олмайди. Устоз йўқсил бўлиб, фақирланиб қолса, униунг барча эҳтиёжларини таъмин этиш шогирдларнинг зиммасига тушади. Ота-она каби устознинг ҳам хайрли дуосини олиш, баддуосига муносиб бўлиб қолмаслик керак. Устознинг хайрли дуосини ол
ган одам юксалади. Дуои бадга дучор бўлганлар ҳеч қандай ишда муваффақият қозонолмайди, хору забун бўлади. Худо сақласин”.

Хадичаи Кубро номли аёл-қизлар
ўрта-махсус ислом билим юрти
1-курс талабаси Хўжаёр Амина

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*