Абу Ҳомид Ғазззолий ва соғлом бола тарбияси

Келажагимизнинг қандай бўлиши ҳозирги кунда биз тарбиялаётган ёшларга боғлиқ бўлиб, уларни муқаддас динимиз кўрсатмалари ва улуғ аждодларимиз асарларида баён қилинган тавсиялар билан тарбиялаб бориш ҳар бир ота-она эътибор бериши керак бўлган муҳим жиҳатлардан ҳисобланади.
Асарларидан бирини бола тарбиясига бағишлаган ва унинг исмини берган ягона мутафаккир “Айюҳал валад” асар муаллифи – Абу Ҳомид Ғаззолийдир. Ушбу асарида боланинг шахсий, руҳий ва ижтимоий тарбияси содда тил ва осон усуллар билан ёритилган бўлиб, умумий мавзуси ахлоқ ва одоб бўлган бошқа асарларида ҳам соғлом бола ва бола тарбиясига катта ўрин ажратилган. Улуғ мутафаккирнинг бу асарларида бугунги кунда ҳам замонавий педагоглар учун керакли гўзал ўгитлар ва тарбия усуллари ўртага ташланган. Ғаззолий бола тарбияси билан боғлиқ қоидаларни бир томондан, Қуръон ва ҳадислардан, бошқа томондан ақл ва тажриба билан собит бўлган, кўпчилик томонидан маъқулланган ҳаёт ҳақиқатларидан фойдаланади, тарихга мурожаат қилади, пайғамбарларнинг, олим ва улуғ кишиларнинг ҳаётларига ва уларнинг намунали яшаш тарзига эътиборини қаратади.
Ғаззолийга кўра, бола туғилишидан ахлоқ ва тарбия жиҳатидан нейтралдир, яъни “боланинг қалби соф бир жавҳардирки, ҳар турли нақш ва расмдан холи, фақат нақшланадиган ҳар нарсани қабул қилишга қулай ва ўзига йўналган ҳар нарсага майл кўрсатадиган ҳолатдадир”.
Ғаззолий боланинг шахсий ёки ижтимоий тарбияси билан боғлиқ бойлик ва фақирлик устида ҳам сўз юритади. Болага бой бўлишга тарғиб этиш билан бирга, озгина бойлик ичида фақирликни ҳам ўргатиш керак дейилади.
Оиласи ва уйидан сўнг боланинг айни даражада аҳамиятли ва тарбияланиши ва ахлоқийлашувига сабаб бўлган ташкилот бу мактабдир. Фарзанд тарбиясида мактабдаги ўқитувчи ва тарбиячилар ота ва она каби аҳамиятлидир. Ғаззолий ўқувчиларнинг болалар устида тарбиячи ролини жуда аҳамиятли эканини таъкидлагандан сўнгра, уларнинг болаларга қандай муносабатда бўлишлари мисоллар билан тушунтириб беради. Уларнинг қисқача мазмуни қуйидагича баён қилиш мумкиндир:
1. Ўқитувчи ўқувчига нисбатан шафқатли ва марҳаматли бўлиши керак, уни ўз авлоди каби қабул қилиб, ҳаракат қилиши керак.
2. Ўқитувчи ўқувчиларни ўзига нисбатан миннат туйғусини олиб ташлаши керак, уларга нисбатан фазилатли бўлиши керак.
3. Ўқувчига қилиниши керак бўлган ҳар насиҳатни очиқча ва ғурурига текизилмасдан ўргатиши керакдир.
4. Ўргатиш бу дақиқ бир санъат бўлиб, ўқувчининг хатоларидан марҳамат ва танбеҳ йўли билан воз кечиш керак, бунда ҳеч ким озорланмаслик керак. Бўлмаса ҳамманинг олдида қилинган жазо ва таъзирлар болада мажбурият ҳиссини ва уятчанлик туйғусини уйғотади.
5. Баъзи илм ва мавзуларини билмаган ўқитувчи бу илмларни бола олдида ёмонламаслик керак.
6. Ўқувчининг қудрат ва истеъдодини эътиборга олиб, илм ўргатиши керак. Албатта болага жуда кўп нарсаларни юклаш болани бу илмдан безиб, юз ўгиришига олиб келади. Ҳозирда замонавий бола тарбиясида унинг заковати ва истеъдодини аниқлаш учун тестлар ишлаб чиқилган ва улардан самарали фойдаланилмоқда.
7. Закий бўлмаган болаларга уларнинг англай олишлари даражасида аниқ ва равшан талқинларда ва мисолларда дарс бериш керак.
8. Ўқитувчи илми билан омил бўлмоғи керак, ўргатган нарсаларга ўзи ҳам амал қилмоғи керак, токи ўқувчига ўрнак бўлсин. Албатта ўргатишда тақлиднинг ҳам аҳамияти бордир.
Хулосада шуни айтиш мумкинки, бола ота-онаси ҳузуридаги омонатдир. Унинг қалби покиза гавҳар бўлиб, ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, ўшандай ўсади ва унинг савобига ота-онаси ва мураббий-устозлари шерик бўладилар. Шунинг учун катталаримиз ҳамиша соғлом бола тарбиясига ҳар томонлама эътибор қаратишлари муҳим бўлиб, бунда буюк алломаларимизнинг қарашларидан самарали фойдаланишимиз бизга катта ёрдам беради.

А.Сайдахмедова – Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом билим юрти ўқув ишлари бўйича мудира ўринбосари

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*