ЭНГ ОЛИЙ НЕЪМАТ

Инсонни инсон қилган, унинг ҳар қандай ҳаракатларига маъно берган – бу унинг ақли саналади. Динимиздаги кўрсатмалар ҳам айнан ақллилар учундир, яъни, бутун ислом олимлари ақлни, инсонни диннинг амр ва қайтариқлари ила масъулиятли бўлишининг асосий шарти деб ифодалаганлар. Ақли йўққа эса ҳеч қандай масъулият юкланмаганлиги ҳам шу фикр давомидир. Масалан: намоз, рўза, закот, ҳаж каби ибодатларни амалга оширишнинг асосий шарти ақли болиғ бўлишдир. Ислом олимлари, имондан кейинги энг буюк неъмат бўлган ақлга дунё ва охират хурсандчилигига етказувчи бир васила сифатида катта қиймат ва аҳамият берганлар. Ақл Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган неъматларнинг энг улуғидир. Қуръонда ақл сўзи 49 жойда ва ҳар доим феъл шаклида учраганлиги асосан ақл юритишнинг, яъни ақлни ишлатиб тўғри фикрлашга аҳамият берилиши кераклигидан далолат беради. Манбаларда ақлга «билим олишга яраган бир куч» ва «бу куч билан қўлга киритилган илм» деб таъриф берилади. Қуръонда ақл – ўйламоқ, ибрат олмоқ, ҳидоятга етмоқ, жаҳолатдан қутулиш, коинотдаги ва ўз ичидаги ҳақиқатларни тушунмоқлик маъноларида келади.
Имом Ғаззолий ақл ҳақида шундай ёзади: « …Одам вужудида ақлни пайдо қилибдурки, анинг ҳоҳиши фаришталар ишини қилмоқ. Бас, одам ўзини яратган Аллоҳ азза ва жаллани шу ақл-идрок билан танур. Аллоҳ таолонинг ажойиб ва ғаройиб яратиш ва қудратларини тафаккур билан мушоҳада қилиб, ақл нури билан ўзини ғазаб илкидан халос қилур. Одамнинг ҳақиқати ул нимарсадурки, камоли ва шарофати анинг бирла бордир, яъни ақл биландир».
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида инсондан ақл билан иш тутишни талаб қилади. Масалан: “…..Сизларнинг орангизда (балоғат ёки кексалик ёшидан) илгари вафот топадиган кишилар ҳам бўлур. (У) Сизларни белгиланган ажалга етишингизга (қўйиб берур). Шоядки, ақл юргизсангизлар!”.
Ақл юргизишдан ташқари, Қуръонда “ақл эгалари” алоҳида таъкидланади ва бу «Улил албаб», «Улил абсор» ва «Улин нуҳа» исмлари билан ишлатилади. Хилма-хил сўзларда ишлатилган ушбу иборалар “ақл, фаросат эгалари” каби маъноларни беради. Масалан: “Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир”. Қуръони каримда ақл маъносида келган “лубб” калимасининг биз тилга олаётган “ақл”дан фарқи ҳудди кўзнинг нури ёки бодомнинг мағзи ичидаги ёғи каби ақлнинг ҳам ёғи ҳисобланади. “…Бундан фақат ақл (лубб) эгаларигина эслатма олурлар” каби оятлар орқали Аллоҳ Қуръони каримнинг кўп ўринларида лубб эгаларини мақтайди.
Қуръони каримдан ташқари маънавиятимизнинг кўплаб бошқа манбаларида инсон тафаккури, ақлу идрокининг буюк фазилатлари ҳақида ғоят қимматли фикрлар баён қилинган.
Ислом олимларига кўра, инсоннинг идрок этиш қуввати ҳис-туйғудан бошланиб ақл билан тугалланади. Кўпинча, дейди Имом Ғаззолий, ҳиссиётларимиз натижаси ўлароқ, биз ҳис қилган нарсани ақлимиз йўққа чиқариши мумкин. Масалан, биз сояга қараймиз. Соя турганини кўрамиз, бир оздан кейин биз ўзимизни сояга эргашиб ҳаракат қиляпти деб ўйлаймиз. Ёки узоқдаги жисмга масалан, юлдузларга қараймиз. Улар бизга танганинг ҳажмидан кичик бўлиб туюлади ва лекин улар ердан ҳам катта эканлигини англаб етамиз.
XIX асрда яшаб ижод қилган мисрлик аллома Абдураҳмон Суфурий ўзининг «Нузҳат ул-мажолис» китобида ушбу масалаларга ўз эътиборини қаратган. Унда ақл ҳақидаги боб ҳам бўлиб, шундай ҳадиси шариф келтирилган: «Ҳар бир нарсанинг ўз иш қуроли бўлади, мўминнинг иш қуроли ақлдур. Ҳар бир нарсанинг маркаби бўлади, мўминнинг маркаби ақлдур. Ҳар бир нарсанинг суянчиғи бўлади, мўминнинг суянчиғи ақлдур. Ҳар бир қавмнинг ўз ғояси бўлади, мўминнинг ғояси ақлдур. Ҳар бир қавмнинг ўз раҳнамоси бўлади, мўминнинг раҳнамоси ақлдур». Араб тилида ақл «туяни тушовлаш» маъносини билдирувчи иқол сўзидан олинган. Бундан эса тушов туяни ўзбошимчалик қилиб кетиб қолишидан сақлаб турганидек, ақл ҳам ўз соҳибини хато йўлларга кетиб қолишидан сақлаб туриш кераклиги маъноси ифодалангандир.

Адина Саидакбар қизи – Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти ўқув ишлари бўйича
мудира ўринбосари, фалсафа фанлари номзоди

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*