МУТАКАЛЛИМЛАР КИМЛАР?

Ўрта асрларда калом илми билан шуғулланувчилар “мутакаллимлар” сифатида ном қозониб, улар файласуфлардан мавжуд диний ва фалсафий масалаларни таҳлил қилишдаги тутган мавқелари нуқтаи-назаридан фарқ қилганлар. Мантиқий фикрлашга асосланган калом йўналишида ҳам мутакаллимлар файласуфларга ўхшаб рационал далилларга таянганлар, фақат бунда асосан икки фарқ кўзга ташланган:
1. Муаммони муҳокама қилишга киришиш жараёнида улар қўллайдиган тамойиллар ва асослар. Яъни, файласуфлардан фарқли равишда, мутакаллимлар ўзларининг баҳсларини бошлаётганда қўллайдиган бош тамойил бу – “ал-калам фи каза…” тамойили бўлган.
2. Мутакаллимлар файласуфлардан фарқли равишда, ўзларини исломни турли ёт ғоя ва фикрлардан ҳимоя қилишни мақсад қилиб қўйганлар. Файласуфларнинг мақсади эса – олдиндан қайси қарашни ҳимоя қилиш кераклиги аниқ бўлмаган.
Мутакаллим ва файласуфлар ўртасидаги фарқ яна шунда кўринадики, мутакаллимлар ўз муҳокамаларида биринчидан, таянч нуқта сифатида ислом динининг ўзига хос бўлган мезонларини асос қилиб олинган. Мутакаллимлар учун баҳс юритишнинг йўли илзом бўлиб, бунда қарама-қарши томонлар қабул қилган тезислардан улар учун кераксиз ёки бемаъни хулосалар чиқариб ташланади. Мутакаллимлар томонидан баҳсли масалаларни муҳокама қилиш жараёнида оғзаки шаклни қўллайдиган каломдаги баҳс юритишнинг диалектик усули ушбу фаннинг келиб чиқишига замин ҳозирлади.
Тадқиқотчи олимлар мутакаллимлар фаолиятини ўрганишда уни икки даврга бўладилар:
• Мутақаддимлар, яъни илк каломчилар;
• Мутааххирлар, яъни кейин келган олимлар.
Мутақаддимларга кўра, калом илмининг баҳс-мавзуи Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари бўлган бўлса, мутааххирларга кўра, калом илмининг баҳс- мавзулари диний ақидаларни ақл ёрдамида исботлаш бўлганлиги билан бир-биридан фарқ қилади.
Ибн Халдуннинг фикрича, илк каломчиларнинг ўзига хос хусусиятлари қуйидагилар:
1. Дастлаб мусулмон бўлганларнинг эътиқодий масалаларни ўз билганидек қабул этишлари, илк фикрий бўлинишлар, Худонинг зоти ва сифатлари ҳақидаги тортишувлар даври;
2. Исломий илмлар ривожи, кўп мавзуларда систематик асарларнинг вужудга келиши ва муътазилийлар ҳаракати даври;
3. Абу Ҳасан ал-Ашъарий (ваф. 935 й.) ва унинг издошлари (ал-Боқиллоний (ваф. 1013 й.), ал-Жувайний (ваф. 1085 й. )) даври;
Иккинчи даврнинг бошланиши Абу Ҳомид ал-Ғаззолийнинг илмий фаолияти билан боғлиқ. Бу даврда калом билан фалсафа ўртасидаги фарқлар йўқола бориб, улар ўзаро уйғунлик касб этди. Бу турдаги фалсафий асарларнинг кўпайиши ва уларга шарҳлар ёзилиши оқибатида калом илми фалсафа билан янада синтезланиб борди.
Ислом файласуфи М.Фахрийнинг ёзишича, биринчи мутакаллимлар ҳаракатининг асоси исломга қарши курашаётган яҳудий, насоро ва мажусийларнинг келтирган далилларини бекор қилиш ва йўққа чиқаришга қаратилган эди. Дастлабки мутакаллимлар монийлик ва даҳрийлик ҳамлаларига қарши исломни ҳимоя қилиб, кўпинча ўз далилларининг кучи билан ҳурмат қозонганлар. Лекин мутакаллимларнинг ўзлари ҳам фалсафа билан жиддий шуғулланишлари лозим эди. Натижада мутакаллимлар ижобий деб қабул қилган фалсафий масалаларни калом илмига киритдилар.
Таъкидламоқ керакки, XII асрдан бошлаб каломнинг фалосифа билан яъни шарқ перипатетизми – Ибн Сино мактаби билан яқинлашуви бошланди, бунда мутакаллимлардан аш-Шахристоний ва Фахриддин ар-Розийларнинг ва файласуфлардан Носириддин ат-Тусий (ваф. 1273 й.)нинг ижодлари муҳим рол ўйнайди. Шунингдек, калом тарихининг бу даврларида Байзовий (ваф. 1286 й.), ал-Исфахоний (ваф. 1349 й.), ал-Ижий (ваф. 1355 й.), ат-Тафтазоний (ваф. 1390 й.), Мир Сайид Шариф ал-Журжоний (ваф 1413 й.), Жалолиддин ад-Даввоний (ваф. 1501 й.), ас-Сийалкутий (ваф. 1657 й.) каби олимларнинг асарлари юзага келди.

А.Сайдахмедова – Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти ўқув ишлари бўйича
мудира ўринбосари, фалсафа фанлари номзоди

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*