ҲАЛИМА САЪДИЯ

Маккаликларнинг одатига кўра, янги туғилган чақалоқ эмизиш учун шаҳар атрофидаги салқинроқ қишлоқларда турувчи аёлларга берилар эди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни аввал амакилари Абу Лаҳабнинг жорияси Сувайба эмизади. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин амакилари Ҳамза (р.а.)ни ҳам эмизган эди. Бир неча кундан сўнг Маккага Бани Саъд ибн Бакр қабиласи аёллари билан бирга Ҳалима Саъдия (р.а.) эмизиш учун бола қидириб келади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни олиб қайтади.
У аёл Мадина атрофидаги Ҳавозин қабиласида таваллуд топган. Аммо, қайси йили туғилгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган йилларида Ҳалима Саъдия (р.а.) 30 ёшлар атрофида бўлган деб тахмин қилинади.
Ҳалиманинг (р.а.) отаси Абу Зуайбнинг асл исми Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Шижна ибн Жобир ибн Ризом ибн Носир ибн Саъд ибн Бакр ибн Ҳавзан.
Ҳалима Саъдия (р.а.) Пайғамбримизни эмизишга олиши ҳақидаги ҳикоя ислом оламида жуда машҳурдир. Ҳалима (р.а.) турмуш ўртоғи ва эмизикли боласи билан Маккага чақалоқ олиш учун йўлга тушган карвонга қўшилиб олдилар. Воқеанинг қолгани сийрат китобларида шундай ҳикоя қилинади: “Ҳосилдорлик бўлмаган йил эди, уйимизда ҳеч вақо қолмади. Ой рангли (кул ранг) урғочи эшагимда йўлга чиқдим. Биз билан қари туямиз ҳам бор эди, Аллоҳга қасам, туямиз бир томчи ҳам сут бермасди. Очликдан йиғлаб чиққан болам туфайли ўша тунни биз ухламасдан ўтказдик. Кўкракларимдаги сут унга етмасди, туямизнинг ҳам сути йўқ эди. Лекин ёмғир ёғиб ҳаммаси яхши бўлишига умид қилардик. Мен ўша ўзимни урғочи эшагимда йўлга чиққандим ва карвонни ушланиб қолишига сабаб бўлардим, бу улар учун қийин ҳолат эди. Жониворлар нимжонлашиб, озиб кетишганди. Ниҳоят эмизишга бола олиш учун Маккага етиб келдик. Карвонимизда келган ҳар бир аёлга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни таклиф қилишди, лекин у гўдакнинг етим эканлигини билгач биз уни рад этардик. Чунки боланинг отасидан ёрдам олишга умид қилар эдик. Биз: “У етимча-ку! Унинг онаси ёки бобоси нима ҳам бера оларди?”, дер эдик Шунинг учун ҳам у гўдакни хоҳламасдик.
Мен билан келган барча аёллар эмизишга бола олдилар. Фақат мен қолдим. Шунда эримга: “Аллоҳга қасамки, ўзимга бола олмасдан дугоналарим билан бирга қайтишни хоҳламайман, ҳозир бораманда ўша етимни олиб келаман”, дедим. шунда эрим: “Нима ҳам қилардик, ёмон бўлмасди. Балки Аллоҳ ўша гўдакни бизга баракали қилар”, деб айтди.
Мен бориб гўдакни олиб келдим. Бошқа гўдак қолмагани учунгина шундай қилдим.
Ҳалима (р.а.) шундай давом эттирди: “Уни қўлимга олиб, нарсаларимнинг олдига келдим. Кўкракларимни тутгандим, унга етадиган миқдорда сут келди ва у тўйгунча эмди. Унинг акаси (кўкалдоши) ҳам тўйгунча эмди ва улар ухлаб қолишди. Бунгача биз бу бола билан ухлолмасдик. Эрим туямизнинг олдига борса, унинг елини сутга тўла экан. У туя сутини соғиб олди, эрим ўзи сут ичди, кейин мен ҳам у билан бирга тўйгунимизча сут ичдик. Тунимиз осуда ўтди. Тонгда эрим шундай деди: “Биласанми, Ҳалима, сен жуда муборак гўдакни олибсан”. Мен: “Шундай деб умид қиламан”, дедим. Сўнгра биз йўлга тушдик. Мен урғочи эшагимга ўтириб болани ўзим билан олдим. Аллоҳга қасамки, мен карвонда шундай тез борардимки, ҳамма эшаклар ҳам шундай юра олишмасди. Ҳатто дугоналарим орқамдан шундай дея бақиришарди: “Эй, Абу Зуайбнинг қизи бизни кутиб тур. Бу ўша сени олиб келган урғочи эшагингми?”. Мен уларга шундай жавоб бердим: “Албатта, бу ўша эшагим”. Улар: “Аллоҳ ҳаққи, бу эшагинг бошқача экан”, деб айтишарди.
Шундан сўнг биз уйларимизга етиб келдик. У ерлардан кўра унумсиз ерларни ҳеч кўрмаганман. Етиб борганимиздан сўнг, менинг қўйларим яйловдан тўйиб келадиган ва кўп сут берадиган бўлишди. Бошқаларнинг жониворлари бир томчи ҳам сут бермайдиган бир пайтда, биз қўйларимизни соғиб сутларини ичардик. Бу ҳолатни кўрган қабиладошларимиз, ўз чўпонларига: “Абу Зуайб қизининг чўпонлари ўз подаларини ўтлатадиган жойда сизлар ҳам ўтлатинглар!”, дер эдилар. Нима қилсалар ҳам, уларнинг қўйлари яйловдан оч ва сутсиз қайтишар, менинг қўйларим эса, тўқ ва уларнинг сути ҳам кўп бўларди. Аллоҳ бизга яна кўплаб яхшиликларни инъом этаверди.
Орадан икки йил ўтди. Мен уни кўкракдан ажратдим. У жуда яхши ўсарди. Ҳали икки ёшга тўлмаган бўлса ҳам, жуда бақувват бола эди.
Биз уни онасининг олдига олиб бордик. Лекин у биз билан қолишини жуда истардик, биз унда баракани кўрардик. Мен унинг онаси билан гаплаша туриб, шундай дедим: “У каттароқ бўлгунча биз билан қолса бўларди, Макканинг касалликларидан қўрқаман”. У болани бизга қайтариб бермагунича, уни кўндиришдан тўхтамадик. Қайтиб келганимиздан бир қанча вақт ўтгач, у уйимизнинг орқасида укаси (кўкалдоши) ва қўзичоқлар билан бирга эди. Бирдан унинг кўкалдоши келиб, менга ва отасига шундай деди: “Менинг қурайшлик инимни оқ кийимли икки киши ушлаб олишди. Уни ётқизиб қорнини ёришди. Улар уни уришяпти”. Мен эрим билан бирга унинг олдига югуриб бордик. Қарасак, унинг юзлари ўзгариб турибти. Мен уни қучоқлаб олдим, эрим ҳам шундай қилди. Биз: “Ўғлим, сенга нима бўлди?”, деб сўрадик. У: “Олдимга оқ кийинган икки киши келди. Улар мени ётқизиб қорнимни ёриб ниманидир қидиришди, нималигини билганим йўқ”, деб жавоб берди. Бу пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 4 ёки 5 ёшда бўлганлар.
Биз уни олиб чодиримизга келдик. Шунда эрим: “Ҳалима, бу бола касал бўлиб қолдимикин, деб қўрқаман. Бу ҳолат билинмасдан туриб уни ўз яқинларига қайтарайлик”, деди. Биз болани олиб онасининг олдига олиб келдик. Онаси бизни кўриб: “Нега қайтиб келдингиз. Бола сиз билан қолишини жуда истаган эдингизку?”, деб ҳайрон бўлди. Мен унга: “Бола катта бўлиб қолди. Мен ўз вазифамни бажардим. Бола билан у-бу нарса содир бўлмасин, деб қўрқаман, шунинг учун ўзингиз хоҳлаганингиздек уни сизга қайтараман”, дедим. У эса шундай деди: “Менга ростини айтинг”. Мен унга ҳақиқатни айтмагунимча, у мени ўз ҳолимга қўймади. Сўнг мендан сўради: “Нима, унга шайтон зарар келтиради деб қўрқдингми?”. Мен “Ҳа”, деб жавоб қилдим. Боланинг онаси шундай деди: “Аллоҳга қасамки, шайтон ўғлимга ҳеч бир зиён етказа олмайди. Менинг ўғлим бошқача. Хоҳлайсанми, у ҳақида гапириб бераман”. Мен: “Ҳа, албатта”, деб жавоб бердим. У: “Мен унга ҳомиладорлигимда тушимда мендан нур чиқиб, Шом қасрларини ёритиб юборганини кўрдим. Уни енгил кўтарардим, Аллоҳга қасамки, бундан енгил ва оддий ҳомиладорликни кўрмаганман. У туғилганида қўллари билан ерга тираниб бошини осмонга кўтарган эди. Майли болани қолдирингда, ўзингиз яхши етиб олинг”, деди.
Юқоридаги ҳикоядан исломгача ҳам Ҳалима Саъдиянинг нақадар ростгўй, меҳнатсевар, омонатдор ва жуда болажон, меҳрибон аёл бўлганларини тасаввур қилишимиз мумкин.
Ҳалима Саъдия (р.а.)нинг турмуш ўртоғи Бани Саъд ибн Бакр қабиласидан бўлган Ҳорис ибн Абдулуззо эди. Уларнинг Абдуллоҳ ибн Ҳорис исмли бир ўғил ҳамда Унайса ва Ҳузафа (Шайма) исмли икки қиз фарзандлари бўлган.
Ҳалима Саъдия Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий кела бошлагач, эри Ҳорис ибн Абдулуззо билан бирга исломни қабул қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳалимани (р.а.) жуда яхши кўрганлар. Ўзларига бирор яхшилик келса, бир бўлагини Ҳалимага (р.а.) элтиб беришни айтганлари ҳақида ҳадислар мавжуд. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳақида гапирганларида, албатта Бани Саъд ибн Бакр қабиласидаги аёлни эмиб катта бўлганликларини зикр этардилар.
Ҳалима Саъдия (р.а.)нинг вафотлари ҳақида аниқ маълумот топиш қийин. Лекин, Ибни Касир ҳижрий 8 йилда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳалима Саъдия билан кўришганликлари ҳақидаги маълумотни келтиради. Китобда келтирилишича, ўша вақт Ҳалима (р.а.)нинг ёшлари 90 дан ўтган бўлиши керак, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизган вақтларида 30 ёшлар атрофида бўлсалар, бу воқеа 60 йилдан сўнг содир бўлган. Шундан келиб чиқиб, Ҳалима Саъдия (р.а.) ҳижрий 8 йилдан сўнг вафот этгани ва қабри Бақиъ қабристонида экани ҳақида маълумотлар мавжуд.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти
ўқитувчиси Н.Хакимова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*