МУНОЗАРА УСУЛИ

Х асрдан бошлаб ўқув муассасаларида «имло» усулидан воз кечилди. Швейцариялик арабшунос олим Адам Метс бу ҳақда қуйидагиларни ёзади: «Ўқитишда янги усулларнинг вужудга келиши, ўз навбатида, янги турдаги ўқув муассасаларининг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Аввал айтиб туриб ёздириш, яъни, имло усули ўқитишда энг юқори даража ҳисобланган бўлса, Х асрдан бошла «мунозара» («тадрис», «шарҳ», «изоҳ») усули етакчи мавқени эгаллади. Мазкур усул ўша даврда қабул қилинган илмий мунозара билан узвий боғлиқ эди, масжидлар эса мунозара учун мувофиқ эмас эди. Натижада, бу даврга келиб мадраса вужудга келди».
Мадрасайи олияда дарс бериш, ўқитиш усуллари алоҳида эътиборга лойиқдир. Дарс бериш жараёнида, айниқса, мунозара-баҳс усулига тез-тез мурожаат қилинган. Дарҳақиқат, мунозара усули, биринчидан, талаба нутқини ўстирса, иккинчидан, масала моҳиятини чуқур идрок қилишга олиб келар, шу билан уларнинг малакасини оширар эди. Бу усул кўпроқ мантиқ дарсларида қўлланилган. Устоз бир мавзуни муҳокама қилиш учун баъзида мадраса талабалари билан бирга бошқа мадраса талабаларини ҳам таклиф қилган. Мавзуни муҳокама қилиш жараёнида талабаларга ўз фикрларини бемалол айта олишига, ўз қарашларини ҳимоя қилишига, бошқаларни ишонтира олишига имконият берилган, уларга хеч қандай тўсқинлик қилинмаган. Машғулот жараёнини бошқариш, тартибни сақлаш ва энг тўғри жавобни эълон қилиш хуқуқи устозларга берилган эди. Натижада, янгича ўқитиш усуллари: мунозара, тафсир, шарҳ усуллари талабларига жавоб берадиган мадрасалар вужудга келди ва улар масжиддан ажралиб чиқди. Шунга кўра мадрасалар учун махсус бинолар қурила бошланган. Мактаблар эса масжидлар тасарруфида қолиб, ўз фаолиятини давом эттираверган.
Мунозара усули ислом таълимотлари тараққий этган вақтда гуллаб яшнаган ва унинг ўзига яраша асослари ва одоблари бўлган. Кўпгина уламолар шу мавзу бўйича таълифотлар қилганлар. Толиби илм учун, ўзлаштирган дарслари пишиқ ва пухта бўлиши учун музокара, мунозара ва илмий баҳсларнинг аҳамияти каттадир. Ундан чуқур мулоҳаза билан баҳсларни шошилмасдан олиб бориш талаб қилинади. Шунда жанжал, носоғлом муҳитдан ҳамда бир-бирини ёмон кўриш, ғазабланиш, ўзаро душманликдан сақланилади. Зеро, баҳсу-мунозора ва музокара машварат, маслаҳатдир. Машрават эса, фақат тўғри жавобни топиш учун, муаммоларни ҳаққоний, рост йўлда ҳал қилиш учун ўтказилади. Бу инсоф билан, чуқур мулоҳаза юритиш билан ҳосил бўлади, жанжал, адовату-хусумат қилиш билан, бир-бирига ғазаб қилиш, инсофсизлик ва такаббурлик билан асло ҳосил бўлмайди. Шунинг учун, баҳсу-мунозара ўтказишдан мақсад, бирон кишини мулзам, хижолат қилиш, ўч олиш ва шу кабилар бўлса, уни ўтказиш дуруст ҳам, ҳалол ҳам ҳисобланмаган.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус билим юрти мударрисаси Г. Қурбонова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*